Ғарб энди Эрон Исломий ахлоқ полициясини жазолашни бошлади Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Лайло Худобахши
- Role, BBC News, Вашингтон
Норозилик намойишлари Эронни қамраб олишда давом этар экан, Ғарб давлатлари мамлакатнинг бир қанча институтларига қарши чораларни кучайтирди. Улар орасида 22 ёшли курд эронлик аёл Маҳса Аминий ўз ҳибсхонасида вафот этганидан сўнг диққат марказига тушган ахлоқ полицияси ҳам бор.
Ахлоқ полицияси нима?
Расмий равишда Гашт-э Эршод (Тўғри йўлга солувчи назоратчилар) сифатида танилган ахлоқ полицияси Эроннинг исломий қадриятларини, жумладан, кийиниш қоидаларини татбиқ этиш вазифаси юкланган миллий полиция кучларининг бир қисмидир.
Алоқадор мавзулар:
Хавфсизлик кучларида қанча эркак ва аёл ишлаётгани номаълум, аммо улар қурол-яроғ ва ҳибсхоналарга, шунингдек, "қайта тарбиялаш марказлари"га кириш имконига эга.
Агар аёлнинг ҳижоби ёки рўмоли "номақбул" шаклда бўлса, ахлоқ полицияси тўхатиши, ҳибсга олиши ҳам мумкин.
"Қайта тарбия марказларида" маҳбусларга ҳижоб кийиш муҳимлиги ўргатилади ва кейин озодликка чиқишдан олдин ҳукуматнинг кийим-кечак қоидаларига риоя этишга сўз бериб, имзо чекишга мажбурланади. Кўп аёллар ҳибсга олишда қаршилик кўрсатадилар ва натижада куч билан олиб кетилади.
Маҳса Аминийнинг 13 сентябрь куни Теҳронда ҳижоб ўраш қоидаларини бузганликда айбланиб ҳибсга олингани (у уч кундан кейин комада вафот этган) сўнгги ҳолат бўлди. Хабарларга кўра, полиция ходимлари уни қўлга олиш вақтида унинг бошига калтак билан, шунингдек, бошини машиналаридан бирига урган. Бироқ расмийлар унинг ўлимида жиддий касаллик сабаб бўлганини айтган, аммо қизнинг оиласи эса буни рад этган.
Санкцияларнинг таъсири қандай бўлади?
Санкциялар полицияга қўшилишни режалаштириб турганларга нисбатан энг самарали бўлиши мумкин. Айримлар унга мафкуравий сабабларга кўра эмас, рўзғорини тўлдириш учун қўшилади. Бошқалар ихтиёрий равишда эмас, балки мажбурий ҳарбий хизмат сабабли қўшилади.
Ушбу пиёда аскарларнинг четга сафарига тақиқ қўйиш полицияга одам ёллаш кампанияларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Бироқ, Ғарбнинг Эроннинг ахлоқ полицияси, Эвин қамоқхонаси ёки Басиж кучлари каби институтларини санкция қилиш бўйича биргаликдаги чоралари режим ҳатти-ҳаракатларини ўзгартириши даргумон.
Айрим фаоллар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари санкцияларни амалдорларнинг Эрондан ташқарида яшовчи қариндошлари ва фарзандларига қаратишга ундамоқда. Бошқалар эса кўпроқ одам ўлдириш ёки ҳибсга олишни тўхтатиш учун Эронга босим ўтказишни истайди.
Улардан бири Ҳамед Исмоилий икки йил муқаддам Теҳрон осмонида Эрон кучлари томонидан уриб туширилган (Эрон буни кўнгилсиз тасодиф деб атаган) Украина йўловчи самолёти қурбонлари оилалари вакилидир.
Ўтган ҳафта Берлинда бўлиб ўтган оммавий митинг чақириғининг ортида айнан у турибди. Тахминларга кўра, у ҳозирги кунга қадар Эрон диаспорасига тегишли бўлган энг катта митинг бўлди.
Жаноб Исмоилий ҳозир дунёнинг энг илғор иқтисодига кирувчи Катта еттилик гуруҳи раҳбарларини эронлик дипломатларни чиқариб юборишга чақирди ва петицияни қўллаб-қувватлаш учун 700 мингга яқин имзо тўплади.
Кўпчилик ишонишича, рўйхатга олинган амалдорларнинг аксариятида АҚШ, Канада ёки Европада музлатиб қўйиш мумкин бўлган мол-мулк бўлиши даргумон, бундай вазиятда Эронда инсон ҳуқуқлари бузилишига масъул шахсларга нисбатан қўлланилган энг қаттиқ санкциялар маъносиз бўлиб қолади.
Намойишларни ким бостирмоқда?
Охирги ҳафталарда минглаб эронликлар 100 дан ортиқ шаҳарда диний бошқарувга қарши норозилик намойишлари ўтказдилар. Ижтимоий тармоқлардаги видеоларда хавфсизлик кучлари томонидан ҳақиқий қуролдан фойдаланиш, калтаклаш ва жинсий таҳқирлаш каби ишларга қўл урилгани кўрсатилган.
Қароргоҳи Ослода жойлашган Эрон ҳуқуқ ташкилоти камида 234 киши, жумладан 29 бола ҳалок бўлганини айтди. Ҳақиқий кўрсаткич анча юқори эканлигига ишонилади. Эрон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ахборот агентлиги (ИҲҲАА) ҳисоб-китобларига кўра, 13309 киши ҳибсга олинган, уларнинг аксарияти ёшлар ва болалардир.
Шафқатсиз репрессияда қайси кучлар қатнашгани аниқ эмаслиги Ғарб санкцияларини инсон ҳуқуқларини поймол қилганларга нисбатан қўллашни қийинлаштиради.
Бироқ, Эроннинг турли полиция бўлинмалари, жумладан Нажа махсус кучлари ва Нопо (Исломий адлия қўриқчилари махсус кучлари); Ислом инқилоби қўриқчилар корпуси (ИИҚК) ичидаги турли гуруҳлар, масалан, ҳарбийлаштирилган Басиж қаршилик кучлари аъзолари; ва фуқаро кийимидаги агентлар хавфсизлик кучларининг бир қисмидир, уларни ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган видеоларда кўриш мумкин.
Эрон-Ғарб алоқалари ҳақида нима дейиш мумкин?
Айрим фаоллар, айниқса, Эрон ташқарисида Ғарб давлатлари очиқ баёнотлар ва янги санкциялар билан чекланиб қолмаслигини исташади.
Эрон режим тўлиқ ишламай қоладиган ёки унинг хавфсизлик кучларига путур етадиган бурилиш нуқтасига яқинлашмагунча, бу содир бўлиши мумкин эмас. Хорижий ҳукуматлар ҳам мухолифат етакчиси пайдо бўлиши аломатларини изламоқда.
Айни дамда Ғарб давлатлари Эрон билан дипломатик алоқаларни узишга тайёр эмасдек кўринади. Ўтган ҳафта Эрон билан ядровий музокараларга таъсир қилиши мумкинлигидан хавотирланган америкалик демократлар Эрон олий раҳбари Али Ҳоманаий ва унинг президенти Иброҳим Раисийга қарши республикачилар томонидан илгари сурилган санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватламадилар.
Ким ёки нима санкцияланди?
Буюк Британия Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва тараққиёт департаменти Маҳса Аминий ўлимига жавобан, ахлоқ полицияси раҳбари Муҳаммад Рустамий Чешме Гача ва унинг Теҳрондаги бўлими раҳбари Ҳожи Аҳмад Мирзайга нисбатан санкциялар жорий қилинганини маълум қилди.
Инсон ҳуқуқларини жиддий бузгани учун уч нафар ҳуқуқ-тартибот идораси ходимига нисбатан ҳам санкция белгиланган.
Буларга қуйидагилар киради:
• Басиж кучлари раҳбари Ғуломризо Сулаймоний
• Махсус кучлар қўмондони Нажа Ҳасан Карами
• Эрон полицияси бош қўмондони Ҳусайн Аштарий
• Шаҳр-э-Қудс собиқ губернатори Лайло Васиқий
• Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг (ИИҚК) Хузистон вилоятидаги қўмондони Ҳасан Шоҳварпур.
Европа Иттифоқи ахлоқ полициясидан ташқари 11 киши ва яна учта ташкилотга нисбатан санкция қўллаётганини айтди. Ахлоқ полициясининг икки муҳим расмийси Муҳаммад Рустамий ва Ҳожаҳмад Мирзай санкцияланган 11 шахс орасида бор.
Бундан ташқари, ЕИ Эрон ҳуқуқ-тартибот кучлари ҳамда уларнинг бир қатор маҳаллий қўмондонларига босимни бостиришдаги иштироки учун санкциялар жорий қилди.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Эроннинг Ахборот ва коммуникация технологиялари вазири Исса Зарепурни интернетга тўсиқ қўйгани ва намойишчиларнинг ижтимоий тармоқларда пост ёзиш имкониятини чеклагани учун санкция қилди.
Канаданинг санкциялари Қўриқчилар кенгаши ва Экспертлар ассамблеяси каби муассасаларга, шунингдек, мамлакатга кириши тақиқланган минглаб ИИҚК аъзоларига тегишли.
Шунингдек, у кўплаб расмийларга, жумладан, Эроннинг собиқ ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зарифга ҳам санкция қўйган; армия генерали ва собиқ мудофаа вазири Амир Хотамий; Канадага кўра, Саид Муртазовий канадалик эронлик журналист Заҳро Козимийни қийноққа солишни буюрган Эрон прокуроридир. Козимий 2003 йилда ҳибсда бўлганида унга қилинган ёмон муносабат натижасида вафот этганди.
АҚШ Молия вазирлиги Эроннинг етти нафар юқори мартабали хавфсизлик амалдорига, жумладан, ахлов полицияси; разведка ва хавфсизлик вазирлиги; қуруқликдаги армия кучлари; Басиж ва Ҳуқуқ тартибот кучларига санкция қўйди.
Бунга жавобан Эрон Британиянинг бир қанча ташкилотлари ва шахсларига қарши "ғалаёнларга ундаганлик" ва "терроризмни қўллаб-қувватлаш" айби билан ўз санкцияларини жорий қилди.
Эрон санкцияларига визалар бериш ва Эронга киришни тақиқлаш, шунингдек, у ердаги айрим шахсларнинг мол-мулкини мусодара қилиш киради. Нишонга олинганлар орасида Британия ҳукумати алоқа бош штаби, Би би си Форс хизмати, Эрон халқаро телевидениеси, Буюк Британия Хавфсизлик Давлат вазири Том Тугендҳат бор.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













