Беларусь Украина урушига қўшилиши мумкинми? Ukraina Belarus Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Беларусь Мудофаа вазирлиги
Россия ва Беларусь раҳбарлари қўшма ишчи гуруҳ ташкил этилганини эълон қилди. Беларусь президенти Александр Лукашенко Украина ўз мамлакатига ҳужум қилишга тайёрланаётганини бир неча бор таъкидлаб, Беларуснинг тўғридан-тўғри урушга кириши мумкинлигини айтди.
Украина ва иттифоқчи мамлакатлардаги барча ҳарбий экспертлар ва сиёсатчилар томонидан берилаётган савол шу: Беларусь армияси тўғридан-тўғри руслар томонида урушда иштирок этиши қанчалик эҳтимол? Беларусдан янги рус ҳужуми эҳтимоли борми, дейлик, Киевга зарба беришга янги уриниш шаклида?
Алоқадор мавзулар:
Би-би-си сиёсий ва ҳарбий таҳлилчилар билан бундай ривожланиш эҳтимоли ва истиқболлари ҳақида суҳбатлашди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат манбаси, .
Беларусдаги Россия қўшинлари сони қанча?
Бутун ёз давомида Беларусь ҳудудидан мумкин бўлган янги ҳужумлар муҳокама қилинди, аммо Украина Қуролли Кучлари Беларусь билан чегарадош ҳудудлардаги вазият "катта ўзгаришларсиз" эканлигини маълум қилди.
Бироқ, бу кузда Россия Беларусга қўшин олиб кириш ҳаракатларини қайта бошлади ва Россия сафарбарлиги эълон қилиниши билан вазият янада хавотирли тус олди. Украина разведкаси маълумотларига кўра, Беларусга Россиядан янги сафарбар қилинган 20 минг аскар етиб борган.
10 октябрь, Украинага йирик ракета ҳужуларми содир бўлган куни (баъзи ракеталар Беларусдан учирилган) Александр Лукашенко Россия билан қўшма тезкор гуруҳ тузилганини эълон қилди.

Сурат манбаси, Беларусь Мудофаа вазирлиги
Яқин вақтгача Беларусдаги Россия контингенти 1000 нафар ҳарбий хизматчи, шу жумладан, олтита ҳужум самолётларга техник хизмат кўрсатиш бўйича мутахассислар, радар сигналчилар ва тўртта «Искандер» оператив-тактик ракета комплекси ва 12 та С-400 зенит тизимлари экипажини ташкил этган.
Беларусь ҳарбий ҳамкорлик департаменти раҳбари Валерий Ревенко уларнинг сони 9000 тага етганини таъкидласа да, бу рақамлар қанчалик ўзгаргани номаълумлигича қолмоқда.
Интернетда пайдо бўлган фотосуратларга кўра, яқинда сафарбар қилинган рус аскарлари Беларусга йўл олмоқда.
17 октябрь куни Беларус янги қўшма кучлар таркибида Россиядан 170 га яқин танк, калибри 100 мм дан ортиқ 100 тагача тўп ва миномёт ва 200 та жанговар техника юборилишини эълон қилди.
Мухолифатдаги "Беларуски Гаюн" Telegram каналига кўра, россиялик аскарлар бўлган поездлар Украина билан чегарадош ҳудудга эмас, балки Беларуснинг марказий ва шимолий ҳудудларига етиб боради.
Бу Украинага қандай таҳдид солади?

Сурат манбаси, Беларусь Мудофаа вазирлиги
Яқинда "Ахборий қаршилик" лойиҳасининг ҳарбий-сиёсий кузатувчиси Александр Коваленко Украинани кенг кўламли миқёсда таҳдид қилиш учун Россия Беларусда камида 40 та тактик батальон гуруҳини жамлаши кераклигини таъкидлади.
Ушбу сценарийда биз 24 000 дан 28 000 гача аскарни кўриб чиқамиз. Бу тахминан февраль ойида Украинага Беларусдан бостириб кирган кучлар сонига мос келади.
Шундай қилиб, агар ҳозир атиги 9000 аскар бўлса, бу 12 тадан ортиқ бўлмаган батальон тактик гуруҳларини билдиради. Коваленко таъкидлаганидек, бу тўлақонли батальонлар эмас, балки жиҳозларсиз юриш батальонларидир.
"Бу ҳақиқий ваҳима учун сабабдан кўра кўпроқ чалғитиш учун", дейди у.
Қандай бўлмасин, агар Беларусдаги Россия контингенти огоҳлантиришсиз тез ўсишни бошласа, Россия ғайратсиз, ёмон ўқитилган аскарлари билан босқинга тайёргарлик кўраётган бўлиши эҳтимоли бор.
Босқин учун етарли аскарлар борми?
Украинанинг Defence Express веб-сайти эксперти Иван Киричевский Би-би-сига бу ҳақда гапиришга ҳали эрта эканлигини айтди.
"Фақат бошқа жабҳадаги рус қўшинлари чизиқни зўрға ушлаб тура оладиган даражада чарчаганида, Кремль Украина қўшинларининг олдинга силжишини секинлатиш учун ҳужумга буйруқни беради."

Сурат манбаси, SATELLITE IMAGE 2022 MAXAR TECHNOLOGIES via EPA
Бироқ, Киричевский Россия шимолдан кейинги ҳужумни бошқариш учун етарлича қўшин тўплай олишига шубҳа қилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, буни Россиянинг август ойи ўрталарида жангга тайёр бўлиши керак бўлган учинчи жанговар корпусни тузишга уриниши билан таққослаш мумкин. Корпус жангга фақат сентябрь ойида тайёр эди ва шу ҳам тўлиқ эмас.
"Улар тайёр эмас эди, шунинг учун Украина армияси улар билан, айниқса Харковда курашди", деб таъкидлайди эксперт.
Украина шимолдан бўладиган ҳужумга тайёрми?

Сурат манбаси, Россия Мудофаа вазирлиги
Украиналик генерал-лейтенант Сергей Наев Россиянинг уруш бошланишида Украина шимолидаги муваффақиятлари сабабини изоҳлайди. Унинг сўзларига кўра, мавжуд Украина қўшинларининг аксарияти Донбассдаги можаро билан банд бўлган, тинчлик даврида эса Беларусь чегарасидаги бўлинмалар кенг кўламли ҳужумни қайтариш учун етарли даражада қуролланмаган эди.
Яна бир омил, том маънода босқиндан икки кун олдин содир бўлган воқеа эди, ўшанда Беларусь Мудофаа вазири Виктор Хренин ўзининг украиналик ҳамкасби Алексей Резниковга Беларусдан ҳеч қандай ҳужум бўлмайди деб, "офицер сўзи"ни берган, аммо бу қуруқ гап бўлиб чиққан эди. Резниковнинг ўзи буни Washington Post'га берган интервьюсида айтди.
Генерал Наевнинг айтишича, Украина ҳозир Беларусдан бўладиган ҳужумга тайёр. "Беларусда қўшинлар тўпланиши бизнинг жанговар тайёргарлигимизни оширади. Украина қўмондонлиги шунга мос равишда ўз кучлари ва техникасини оширади", дея тушунтиради у.
Беларусь билан чегарадош вилоятлар ҳокимияти ҳам жанговар тайёргарликни муҳокама қилмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Беларусь билан 218 километрлик чегарага эга Украинанинг Ровно вилояти ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари Виталий Ковалнинг Би-би-си Украина хизматига айтишича, чегара ҳимоясини мустаҳкамлаш бўйича ишлар етти ой аввал бошланган.
Ковалнинг фикрича, шимолдан бостириб кириш осон бўлмайди. "Ҳудудимизнинг 40 фоизи ўрмонлар билан қопланган. Беларусь чегарасидаги шимолий вилоятларда эса ўтиб бўлмас ўрмонлар ва ботқоқликлар бор. 170 та дарёни айтмаса ҳам бўлади. Булар душман техникаси учун табиий тўсиқлар. Дарёлар орқали ўтадиган кўприкларни кўп жиҳатдан тўсиб қўйиш мумкин."
"Беларусь-Украина чегараси орқали биз билан жанг қилиш учун ўз жонингизга қасд қилган бўлишингиз керак", дея қўшимча қилади у.
Беларусь армияси Россия томонида урушга кирадими?

Сурат манбаси, Беларусь Мудофаа вазирлиги
Ўтган йил охирида Беларусь қуруқликдаги кучларида 17 минг ҳарбий хизматчи бўлиб, уларнинг асосий қисми муддатли ҳарбий хизматчилар эди.
Беларусь армияси ҳам зирҳли техникага, ҳам авиацияга эга ва Иван Киричевскийнинг сўзларига кўра, Беларуснинг ҳужуми ҳақиқий зарар етказиши эҳтимоли бор.
Бироқ, қўшинларнинг жанговар тажрибаси йўқ.
Беларусь расмийлари, жумладан, Лукашенконинг ўзи ҳам Украинага ҳужум қилишни истамаслигини бир неча бор таъкидлаган.
Аммо, агар Хрениннинг 22 февралдаги сўзларини эсласак, бундай ваъдаларни кафолат деб аташ қийин.
Беларусда сафарбарлик бўлиши мумкинми?

Сурат манбаси, Беларусь Мудофаа вазирлиги
Яқинда Беларусь мухолифати "Наша Нива" газетаси "Беларусда сафарбарлик тўғрисида қарор қабул қилинди" сарлавҳаси остида мақола чоп этди.
Журналистлар ўз манбаларига таяниб, Лукашенко Россия бўлинмаларини ёллаш учун Беларусда яширин сафарбарлик ўтказиш тўғрисида фундаментал қарор қабул қилганини таъкидладилар. Муаллифларнинг фикрича, бу Беларусь-Украина чегарасида кескинлашув эҳтимолини оширади.
Бу маълумотни Украина Қуролли кучлари Бош штаби тасдиқлади.
"Машғулотлар ниқоби остида Беларусь Республикаси Қуролли кучларида яширин сафарбарлик тадбирлари ўтказилмоқда. Мавжуд маълумотларга кўра, зенит-ракета комплекслари операторлари ва танк экипажлари ўқитилмоқда", дейилади Бош штабда.
Расмий Минск сафарбарлик ҳақида эълон қилмади ва Лукашенко яқинда бундай режа мавжудлигини рад этди.
Беларуслар жанг қиладиларми?

Сурат манбаси, Getty Images
Зеленский идораси раҳбари маслаҳатчиси Олексий Арестовичнинг айтишича, Беларусда ҳақиқатан ҳам қисман яширин сафарбарлик мавжуд бўлса-да, бу асосан қурилишга ихтисослашган ҳарбий хизматчиларга дахлдор.
"Яъни, Беларусь томонининг асосий вазифаси биз билан уруш эмас, балки рус қўшинлари учун қандайдир бошпана қуриш бўлади", деди у Россия мухолифатининг YouTube канали Feygin Live эфирида.
Арестовичнинг ишонишича, Беларусь армиясининг Украинага қарши урушда бевосита иштирок этиш эҳтимоли нолга тенг эмас, лекин жуда пастлигича қолмоқда.
Кўпгина ҳарбий кузатувчилар фикрича, Беларусь армиясининг тўғридан-тўғри урушга киришни истамаслиги белгиларидан бири Беларусь арсеналидан рус бўлинмаларига қурол ва ўқ-дорилар берилаётганидир.
Киричевскийнинг фикрича, шу йўл билан Лукашенко Беларуснинг Украинага қарши тўғридан-тўғри аралашмаслик бадалини тўламоқчи.

Сурат манбаси, Беларусь Мудофаа вазирлиги
"Беларуски Гаюн" Telegram каналининг блоггерлари ҳам тўғридан-тўғри иштирок этишни кўплаб эҳтимолий сценарийлардан бири ҳисоблашади.
Беларуснинг иштироки ўз ҳудудида Россия ҳужум гуруҳини тайёрлаш, қурол-яроғ етказиб бериш ва Россия ҳарбий хизматчиларини Беларусь лагерларида ўқитишга рухсат бериш билан чекланиб қолиши ва шу билан ўз қўшинларининг жалб қилинишини истисно қилиши мумкин.
Бироқ, баъзилар ҳали ҳам Беларусь армияси эртами-кечми урушга киришига амин.
"Come Back Alive" Украина ҳарбий ёрдам фонди раҳбари Тарас Чмут Беларусь армиясида Россиянинг «Искандер»лари ва С-400 ларнинг пайдо бўлиши эҳтимоли ҳақида фикр билдирди. "Улар урушга қўшилишади. Ёки улар, ёки биз тезроқ ғалаба қозонамиз ва Россия Федерацияси парчаланади.
Беларусда кайфият қандай? Беларусь армиясида қариндошлари бўлган, Би-би-си Украина хизмати билан аноним суҳбатлашган бир киши шундай деди: "Беларусь Республикаси жанг қилишни хоҳламайди. Бундай бўлмайди."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















