Афғонистон: АҚШ ал-Қоида лидерини ўлдирди, бунга Толибон нима деди? Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Usama bin Lodin va Ayman az-Zavahiriy

Сурат манбаси, Reuters

Айман аз-Заваҳирий "ал-Қоида"нинг Усама бин Лодиндан кейинги раҳбари эди. Унинг ўлимини АҚШ президенти расман тасдиқлади. Аммо "ал-Қоида"нинг ўзи жим. Толибон ҳодисага аллақачон ўз муносабатини билдирди. "Ал-Қоида" ўз вақтида Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ҳам яқин иттифоқчиси бўлган. Айман аз-Заваҳирийнинг нега Афғонистонда бўлгани сабаби ҳозирча маълум эмас.

Алоқадор мавзулар:

Хабарларга кўра, аксилтеррор амалиёти кеча, якшанба куни пойтахт Кобулда ўтказилган.

Айман аз-Заваҳирийга дрондан зарба берилган.

Ҳозир Афғонистонда қудратда бўлган Толибон муваққат ҳукумати бунга аллақачон ўз муносабатини билдирган.

Американинг аксилтеррор амалиёти халқаро тамойилларнинг яққол бузилиши эканини айтган. Бунга расмий Вашингтон муносабати ҳалича кўзга ташланмайди.

Аммо толиблар воизи Айман аз-Завaҳирийдан ном тутмаган.

Толибоннинг ўз назорати остидаги ҳудудларда бирор бир жангари гуруҳнинг фаолият юритишига изн бериши тақиқланган.

Мазкур шарт ҳаракат расмий Вашингтон билан илк бор имзолашга муваффақ бўлган 2020 йилги "тарихий" битимда кўзда тутилган.

"Ал-Қоида" лидерининг нега айнан ҳозир ўлдирилгани сабаби маълум эмас.

Аммо АҚШ президентининг айтишича, 71 ёшли "ал-Қоида" лидерига қаратилган "аниқ" дрон ҳужумини бир неча ой давомида режалашган.

Байденга кўра, Айман аз-Заваҳирий "Америка фуқароларига нисбатан қотиллик ва зўравонликка йўл очган".

"Энди адолат қарор топди ва бу террорчи лидер ортиқ йўқ", - дея баён қилган АҚШ президенти.

Мулозимларнинг маълум қилишларича, дрон ҳужумига учраган пайтда "ал-Қоида" етакчиси хавфсиз уйнинг айвонида бўлган.

Дрондан унга қарата иккита ракета отилган.

Уларга кўра, ҳужум пайтида уйда Айман аз-Заваҳирийнинг оила аъзолари ҳам бўлишган. Аммо улардан ҳеч бирига зиён-заҳмат етмаган.

Мулозимларнинг бу даъволарига унинг оила аъзолари муносабати ҳозирча маълум эмас.

Usama bin Lodin

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ тармоқнинг ҳар икки етакчисини ҳам Нью-Йорк ва Вашингтонда уюштирилган 2001 йил 11 сентябрь кунги ҳужумларни режалашда айблайди

Тармоқнинг ундан аввалги лидери Усама бин Лодин ҳам 2011 йилда АҚШ дрон ҳужумининг қурбонига айланган.

АҚШ тармоқнинг ҳар икки етакчисини ҳам Нью-Йорк ва Вашингтонда уюштирилган 2001 йил 11 сентябрь кунги ҳужумларни режалашда айблайди.

Айман аз-Заваҳирий ҳам АҚШ қўлга киритишни жуда истаган "террорчилар" руйхатида бўлган.

"Ал-Қоида" ҳам Толибоннинг яқин ва муҳим иттифоқчиси сифатида кўриб келинган.

Орада Усама бин Лодиндан кейин Айман аз-Заваҳирийнинг ҳам Толибон ҳаракатининг ҳозирда марҳум етакчиси Мулла Умарга байъат келтирганига оид хабарлар олинган.

Гарчи Толибон ошкора тан олмаса ҳам, байъат ўшандан бери бир неча марта янгиланган.

Айман аз-Заваҳирийнинг АҚШ дрон ҳужумига учраган пайтда нега Афғонистонда экани ёки бўлгани сабаби ҳозирча маълум эмас.

Аксилтеррор амалиёти ва дрон ҳужуми Афғонистонда АҚШ бошчилигидагиси бўладими ёки Нато, ортиқ бирор бир хорижий иттифоқ кучлари бўлмаган бир пайтда амалга оширилган.

Сўнгги хорижий аскар афғон тупроғини ўтган йилнинг 31 август куни тарк этган.

Хабар тафсилотларини ББС мухбирлари Роберт Пламмер ва Мэтт Мерфи ўрганишган.

Мақола тўлдириб борилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek