Нега Байденнинг Саудияга сафари норозиликларни уйғотди? Dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Оқ Уй АҚШ Президенти Жо Байденнинг Саудия Арабистонига бораётгани ҳақида эълон қилганидан сўнг бир гуруҳ фаоллар Саудия Арабистонининг Вашингтондаги элчихонаси қаршисида норозилик намойиши уюштирдилар ва 2018 йили Туркияда ўлдирилган саудиялик журналист Жамол Хашоқжини унутганлари йўқлигини эслатдилар.
Шунингдек, фаоллар Президент Байденнинг Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан учрашишга қарор қилганини қораладилар.
Чунки АҚШ жосуслик хизматларига кўра, айнан валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон журналист ва диссидент Хашоқжини ўлдиришга буйруқ берган одамдир.
"Агар сиз нефтни тамойилдан, қадриятни мақсадга мувофиқликдан устун қўйган экансиз, ҳеч бўлмаса, "Жамолнинг жасади қаерда", деб сўроласизми? У муносиб дафн этишга арзимайдими?", дея савол қўйди Жамол Хашоқжининг уйланишга қарор қилган аёли Хатиче Чингиз.
Нега ташриф мубоҳасали?
АҚШнинг Саудия Арабистони билан узоқ йиллик муносабатлари Америка қадриятлари билан стратегик манфаатлари ён беришига асосланиб келган.
Бироқ Президент Байден муносабатларда инсон ҳуқуқларини алоҳида урғулаб келган сиёсатчи ва бугунги реалликлар билан рўпара келар экан, у ўзининг ташқи сиёсатдаги қадриятга асосланган ёндашувини бой бериш эҳтимолига дуч келган.
Жамол Хашоқжининг даҳшатли қотиллиги Вашингтон сиёсатидаги икки мухолиф томонни бирлаштирди, икки тараф ҳам ўз ғазабларини изҳор этдилар.
Журналист ва валиаҳд шаҳзоданинг таниқли танқидчиси Жамол Хашоқжи Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллиги биноси ичкарисида ўлдирилди ва танаси бўлакларга майдаланди.
Президентликка номзод Жо Байден бу борада кескин мавқеъни эгаллади ва Саудия Арабистонидаги абгор инсон ҳуқуқлари вазияти учун мамлакатни "якканишин"га айлантиришга чақирган эди.
Жаноб Байден ўша вақтдаги Президент Трампдан фарқ қилишини кўрсатиб қўйиш учун ҳам шундай кескин таърифга борган эди.
Трампнинг Саудия Арабистонига нисбатан ёндашуви эса кўп танқидларга сабаб бўлган эди.
Оҳанг ўзгаришига нима сабаб бўлди?

Сурат манбаси, MANDEL NGAN
Жаноб Байден сайловда ғалаба қозониб президентлик курсисига ўтирганидан кейин Саудия Арабистонига қурол-яроғ савдосини тўхтатиб қўйди, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан гаплашишдан бош тортди.
Бироқ АҚШ президенти маъмуриятида "эрта-индин Саудиянинг ҳукмдори бўладиган одам билан бундай муомала дуруст эмас" деган фикр мавжуд эди.
Муносабатлардаги ўзаро илиқлашиш ўтган йили бошланди ва Россиянинг Украинага бостириб кириши АҚШ президентини ушбу илиқлашиш жараёнининг бевосита иштирокчисига айлантирди.
Жаҳон бўйлаб ёқилғи нархларининг кўтарилиб бораётгани асосий сабаб эди.
АҚШ нарх-навони пасайтиришда ёрдам бериши учун Саудия Арабистонидан кунлик нефть ишлаб чиқаришни кўпайтиришни илтимос қилди.
Дастлаб Ар-Риёд бу сўровни рад этди.
Бироқ АҚШ президентининг Яқин Шарққа сафари бошланишидан сал олдин Саудия Арабистони етакчиси ҳисобланадиган Opec Plus ташкилоти нефть ишлаб чиқаришни оширишни маъқуллаганини эълон қилди.
Таҳлилчиларга кўра, нефть нархини ушлаб туриш бўйича Америка билан Саудия ўртасида ўзаро норасмий келишув бор, ҳозирги келишув муддати сентябрда тугаганидан кейин уни яна давом эттиришга икки томон келишиб олган.
Президент Жо Байден валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон мулоқоти аҳамиятини пасайтиришни истайди, у Жидда шаҳрида ўтказилаётган минтақавий Араб анжуманига қатнашиш учун бораётганини билдирган.
Бу конференцияда Саудия валиаҳд шаҳзодаси ҳам қатнашади.
Жаноб Байден айтишича, у Исроил томонининг илтимосига кўра минтақавий анжуманда қатнашаяпти, бу нарса Исроил билан Саудия муносабатларини яхшилашга ёрдам беради.
Бу ерда Эрон ва Эрон иттифоқчиларидан юзага келадиган ракета ҳужумларига қарши минтақа мамлакатлари ҳаво мудофаасини мувофиқлаштириш мақсади кўзланаётгани айтилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















