Яман: 'Жуда расво' уруш марказидаги шаҳарда нималар бўлмоқда? Yaman dunyo yangiliklar

Яманлик хаста гўдак
Сурат тагсўзи, Тақво Ямандаги тўйиб овқатланмасликдан азоб чекаётган 400000 боладан биттаси
    • Author, Жереми Боуэн
    • Role, Би-би-сининг Яқин Шарқ бўйича муҳаррири, Яман, Мариб

Мариб тўлиб кетди. Европанинг бой давлатлари юзлаб янги қочқинлар билан боғлиқ сиёсий инқирозга дуч келган бир пайтда, энг қашшоқ араб мамлакати - Ямандаги биргина шу шаҳар 2015 йилда уруш бошланганидан буён миллионга яқин қочқинни қабул қилди. Сентябрь ойидан бери бу саҳродаги шаҳарга 45 000 қочқин келди.

Урушнинг ваҳшати Марибда ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олган.

Алоқадор мавзулар:

Уруш бизнес учун ҳам имконият яратар экан, шаҳарнинг ҳаёт қайнаган маркази алдаб қўймаслиги керак.

Кўчалар гавжум, мева-сабзавот ва гўшт расталари бу ер урушнинг маркази эканлиги, аҳолининг кўпчилиги эса озиқ-овқат сотиб олишга қурби етмаслигини яширмаслиги керак.

Очлар учун касалхона шифокорларининг айтишича, ҳар 100 боладан 10 нафари тўйиб овқатланмайди. Ушбу 10 тадан иккитаси оғир тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда.

Тақва Таришнинг онаси уларга касалхонада ўрин олиб бериш бахтига муяссар бўлди.

Тақва олти ойлик бўлган, оғирлиги 2.5 кг, бу кўплаб энди туғилган чақалоқларникидан камроқ.

Касалхонага қабул қилинганига 10 кун бўлганда вазни атиги 100 г ортди.

Шаҳарда жиддий тўйиб овқатланмайдиган чақалоқлар учун 11 ўринли иккита бўлим мавжуд.

Илгари унинг яна иккитаси бор эди, аммо улар олға силжиётган ҳусий исёнчилари томонидан босиб олинган ҳудудларда жойлашган.

Жарроҳлик шифохонаси ҳам тўлиб-тошган. У ярадорлар, бир қанча болалар ва тинч аҳоли, лекин асосан ҳукумат армияси аскарлари билан тўла.

Британиялик жарроҳлар
Сурат тагсўзи, Британиялик жарроҳлар Марибда бир ҳафта ишлашди

Сурия ва Ғазода ҳам ишлаётган "Action for Humanity" хайрия ташкилотининг британиялик жарроҳлар жамоаси ноябрь ойи охирида урушда жароҳатланганлар учун махсус даволаш воситаларини олиб келиб, Марибда бир ҳафта ишлади.

"Шифокорлар етишмаяпти, маҳаллий шифокорлар эса ўта ҳолдан тойган", дейди салфордлик жарроҳ Мунир Ҳакимий.

"Улар узоқ вақт оралиғида ўрин алмашиб ишлашади, олиб келинаётганларнинг жароҳати ҳам жуда мураккаб. Шунинг учун улар ўзларининг асосий жиҳозлари билан минимал чора кўра оладилар холос."

Қақшатқич жанг

Икки йил олдин Мариб устидан бошланган вайронагарчилик уруши Яман пойтахти ва мамлакат шимолининг катта қисмини назорат қилувчи ва Эрон билан иттифоқчи ҳусийларнинг ҳужумига учради. Ёздан буён ҳарбий амалиётлар кўлами ошди.

Ҳусийлар кучайиб бормоқда. Яман билан шуғулланувчи дипломат, агар бу ерда Саудия Арабистони ҳаво ҳужумлари қўллаб-қувватлови бўлмаса, Мариб тезда қўлдан кетишини айтади.

Минтақа харитаси

Пойтахтдаги ҳусийлар Мудофаа вазирлиги июнь ойидан бери 14,700 аскари ҳалок бўлганини айтди, уларнинг аксарияти ҳаво ҳужумлари натижасида ўлган.

Эҳтимол, уларнинг кўплари ҳарбий хизматга чақирилганлар ёки қурол олиб юришга ҳали яхши ўрганмаган ўғил болалар бўлган.

Яман узоқ вақтдан бери беқарор, мўрт ва зўравонлик ҳукм сурган мамлакат бўлиб келади, аммо ҳусийлар халқаро миқёсда тан олинган ҳукуматни ағдарганидан бери уни уруш ва дунёдаги энг ёмон гуманитар инқироз қамраб олди.

Яман ҳукумат кучлари
Сурат тагсўзи, Яман ҳукумат кучлари ҳусийларга қарши курашда Саудия Арабистонининг ҳаво ҳужумларига орқа қилишмоқда

2015 йилда Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция АҚШ ва Британия томонидан қўллаб-қувватланиб, эски ҳукуматни қайта тиклашга уриниб, ҳусийлар билан уруш бошлади.

Саудия Арабистони минтақадаги энг катта рақиби бўлмиш Эроннинг бу мамлакатда қўғирчоқ ҳукумат ўрнатиш ва ўз мавқеини мустаҳкамлаш режасини бузиш учун уринмоқда.

Саудияликлар ҳусийларни Эрон ёрдамида Ливанда давлат ичида давлат қурган Ҳизбуллоҳга қиёслайди. Аниқроғи, ҳусийлар ва Эрон иттифоқчидир.

Ҳусийлар Теҳроннинг буйруғига автоматик равишда амал қилмаса ҳам, тобора кўпроқ такомиллашган қуролларни Эрондан қабул қилмоқда.

Уруш Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг хориждаги биринчи уруши бўлди.

У тез ва осон ғалабага умид қилган эди, аммо Яман яна хорижий кучлар учун ботқоққа айланди.

Саудия Арабистони чиқиш йўлини топмоқчи бўляпти, ҳатто эронликларни сийпалаб ҳам кўрди. Аммо ҳамон боши берк кўчага кириб қолган.

Қочишга мажбурлар

Жуда расво уруш бўлди. Саудияликлар ҳаво ҳужумларида тинч аҳолини ўлдирганликда ва аҳолига зарур буюмларни олиб киришга тўсқинлик қилганликда бир неча бор айбланди.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Марибдаги жорий ҳужум пайтида ҳусийларни тинч аҳоли пунктларига артиллерия ва ракета билан бемалол зарбалар бергани учун қоралади.

Мен лагерларда гаплашган одамларнинг аксарияти ҳусийлар ҳужумларидан қочиб келганини айтишди.

Охирги келганлар шаҳар чеккасидаги адир, қурғоқчил, қумли ва бутазорли текисликлардаги километрлаб чўзилган чодирларга ўрнашган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро Миграция Ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, Мариб ва унинг атрофидаги лагерлар сони 137 тага етган.

Бу рақам чарчаган, ярадор ва оч одамлар келиши ва ҳусий кучлари ҳукумат назоратидаги ҳудудлари эгаллаб олиши билан ўзгаради.

Ал-Самя лагерида сўнгги бир неча ҳафта ичида юзлаб оилалар бошпана, озиқ-овқат ва ҳимоя излаб тўпланишди.

Абдуллоҳ исмли бир киши гапиришни истади. У мени брезент ва картон парчаларидан қурилган чодирига олиб борди. Кунлар иссиқ, лекин тунлар анча совуқ.

Икки ҳафта муқаддам у ишлаш учун оиласидан кетганида, уруш унинг хотини Латифа ва олти фарзандигача етиб борди.

Қочқинлар
Сурат тагсўзи, Абдулла аёли Латифа ва олти нафар боласи билан икки ҳафта бурун турар-жойларини ташлаб қочган

Кечаси у ўз оиласини сақлаб қолиш учун уруш бўлаётган ҳудудга қайтиб кирди. Улар мулкларини ташлаб қочдилар.

"Бутун уруш - бомбалар, портлашлар ва у билан боғлиқ барчаси мени ҳаётдан умидсиз қилмоқда, биз омон қолмаймиз деб ўйлайман", дейди Абдуллоҳ.

Суҳбатга турмуш ўртоғи Латифа ҳам қўшилади: "Жанговар учоқлар, зарбалар болаларимизни қўрқитмоқда... Совуқ, совуқ. Вазият оғир. Иссиқ сақлаш учун ҳеч нарса йўқ, матраслар йўқ. Чодирларимиз ҳам қуруқ картон. Ҳеч вақомиз йўқ."

ХМТ лагерларда қаттиқ ишламоқда, лекин сўралган маблағнинг фақат ярмини олди.

Кўчирилган одамларга ёрдам бериш бўйича ташкилотчиларидан бири Шарон Ванга пул етишмаслиги туфайли Марибга келган барчага ёрдам беришнинг иложи йўқлигини айтади.

"Биз халқаро ҳамжамиятдан, шунингдек, донорлардан сўраймиз, келинг, маблағ керак, шундагина керакли ёрдамни бера оламиз.

"Агар икки ойдан камроқ вақт ичида 45 000 дан ортиқ одам келса, албатта хавотирга тушишингиз керак. Биз ҳозир ана шундай аҳволдамиз."

Минтақавий рақиблар

Мариб иҳоталаниб қолган. У Саудия Арабистонига олиб борадиган ягона автомагистралда, тахминан беш соатлик масофада жойлашган бўлиб, ҳусийлар уни узиб қўймоқчи. Мариб атрофидаги ҳудуд Яман нефть саноатининг маркази бўлиб, шимолда ягона нефтни қайта ишлаш заводи жойлашган.

Яманликлар ўз мамлакатларидаги уруш қачон тугашига қарор қилолмайди. Яман бир қисми бўлган Яқин Шарқда мавқеъ талашаётган йирик давлатлар бу мамлакат ишига аралашган.

Минтақанинг асосий стратегик чизиғи Яман орқали ўтиб, шимолга Форс кўрфази, Ироқ, Сурия ва Ливанга томон давом этади.

Бир томонда Саудия Арабистони ва АҚШнинг дўстлари, жумладан, халқаро миқёсда тан олинган Яман ҳукумати.

Исроил ҳам бу ғалати иттифоққа қўшилган, уларни Эрон ва унинг иттифоқчиларидан қўрқув бирлаштиради.

Ҳусийлардан ташқари, Эрон иттифоқчилари орасида Ливан ва Ироқдаги жангарилар, Суриядаги Асад режими ҳам бор.

Лагерда Абдуллоҳдан уларнинг азобланишига ким айбдор, деб сўрадим.

"Мен ҳеч кимни айблай олмайман. Бу барча яманликлар бошига келган тўй. Бу оддий одамларга эмас, катта одамларга боғлиқ."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek