Хашоқжи можароси: Эрдўғон қандай сиёсий ўйин қилмоқда?

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Макр Лоуэн
- Role, Би-би-си, Истанбул
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон фаолиятини кузатиб борувчи таҳлилчилар унинг журналист Жамол Хашоқжи можароси билан боғлиқ ҳаракатларидаги ғалатиликка ишора қилмоқда.
Жаноб Эрдўғоннинг бунга қадар ҳам бир қанча давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан «сан-ман»га боргани ва уларга қарши ўта кескин баёнотлар билан чиққани маълум. Ҳатто, у, бундан бир йилдан бурун Нидерландия ва Германия раҳбарларини «фашист» деб ҳам атаган эди.
Бироқ президент Эрдўғон саудиялик журналист Хашоқжи ўлими юзасидан Саудия Арабистони ва унинг раҳбариятига ўзгача мулойим муносабат билдирмоқда.
2 октябр куни Истанбулдаги Саудия консуллиги ичида подшоҳлик махфий агентлари томонидан қатл этилган Жамол Хашоқжи ўлими ортидан жаноб Эрдўғон қотиллик ва унинг буюртмачилари бўйича «яланғоч ҳақиқат»ни аёвсиз очиб ташлашга ваъда берган эди.
Бироқ Саудия ҳукумати Хашоқжининг ўзбошимча саудиялик агентлар томонидан ўлдирилганини тан олганидан сўнг жаноб Эрдўғоннинг чиқишлари ҳаммани ҳайратга солган ҳолда бирданига юмшаб қолди.
«Подшоҳ Салмоннинг виждонли инсон эканига заррача шубҳам йўқ,» деган у.
Туркия президенти сўзчиси эса Саудия Арабистонини «дўстона ва биродар мамлакат» деб эътироф этган.
Шунга қарамай, Туркия ҳукуматига яқин турк матбуоти журналистнинг ўлдирилиши ортида валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг шахсан ўзи турган, деган фаразга ишора қилувчи материалларни чоп этиб келмоқда.
Хўш, аввалига журналистнинг ўлими борасида кескин чиқишлари билан ҳамманинг эътиборини ўзига тортган жаноб Эрдўғон, эндиликда, қандайдир сиёсий ўйин ўйнашни бошладими? Бу қандай ўйин бўлиши мумкин?
Маълумки, Хашоқжи можаросига қадар ҳам Туркия ва Саудия муносабатлари портлаш нуқтасига деярли келиб қолган эди, аммо алоқаларнинг кескин совуқлашиб кетишидан ҳар икки тараф ҳам манфаатдор эмас.
Таҳлилчиларнинг фикрича, подшоҳлик ўзининг журналистнинг ўлимига билвосита алоқадорлигини тан олганидан сўнг Президент Эрдўғон Саудия номига очиқ айбловлар йўллашдан ўзини тийишни маъқул кўрган.
Бундан кўра у можародан сўнг юзага келган бетартибликка барҳам бериш учун Подшоҳ Салмоннинг ҳаракат қилишини истамоқда.
Бундан ташқари таҳлилчилар Президент Эрдўғоннинг бирданига подшоҳга яхши муносабатда бўлиб қолишини унинг валиаҳд шаҳзодага нисбатан юқори норози кайфиятда эканлиги билан изоҳламоқда.
Жаноб Эрдўғон Хашоқжи можаросига бағишланган нутқларида ҳали валиаҳд шаҳзода исмини тилга олмади. Кузатувчилар подшоҳни кўкларга кўтариш ва Хашоқжининг ўлими ортида турган асосий шахс сифатида валиаҳд шаҳзодага сўзсиз ишора қилиш орқали расмий Анқара подшоҳнинг ўз меросхўри салоҳиятига нисбатан ишончи сусайишига эришишга интилаётганини тахмин қилади.
Яна дунё раҳбарлари сўнгги вақтларда Саудия Арабистонини тамсил этаётган асосий шахс бўлмиш валиаҳд шаҳзода билан мулоқот қилаётган бир пайтда Туркия уни четлаб ўтиб, бевосита подшоҳнинг ўзига мурожаат қилмоқда ва шу йўл билан қайсидир маънода валиаҳд шаҳзодани тан олмаслигини намойиш этмоқда.

Сурат манбаси, EPA
Аммо валиаҳд шаҳзодани сиёсий саҳнадаги аҳамиятини пасайтириш фақат Туркиянинг ўзига боғлиқ эмас. Таҳлилчилар бундай мақсадга эришишнинг калити Вашингтонда ётибди, дейди.
Минтақавий рақиблар
Ҳозирга қадар 82 яшар подшоҳнинг ўз меросхўридан кўнгли қолганининг бирор аломати кўзга ташланмаган. Қайтанга валиаҳд шаҳзода подшоҳликнинг амалдаги бошқарувчиси бўлиб келмоқда.
Қирол Салмон яқинда ўғли бошчилигида Саудия махфий хизматини ислоҳ қилишга кўрсатма берган.
Бу Яқин Шарқ минтақасида қудрат учун янги кураш босқичи бошланганидан дарак беради.
Диний кайфиятдаги жаноб Эрдўғон ҳукумати Саудия Арабистонини Исломнинг муқаддас масканлари сақловчиси сифатида ҳурмат қилади.
Аммо гап минтақадаги таъсир доираси учун кураш ҳақида кетганда бу ҳурмат ортиқ кўзга ташланмайди. Сўнгги йилларда жаноб Эрдўғон ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад жаҳон кўз ўнгида мусулмон дунёсидаги етакчилик учун аёвсиз кураш олиб бораётган рақиблар сифатида гавдаланмоқда.
Шу вақтга қадар шаҳзода Муҳаммад Туркиянинг Яқин Шарқдаги энг яқин иттифоқдоши бўлмиш Қатарнинг Саудия томонидан иқтисодий қамал қилинишига эришди. Бундан ташқари жаноб Эрдўғоннинг Адолат партияси билан яқин алоқада бўлган "Мусулмон Биродарлар"нинг минтақа бўйлаб парчалаб ташланишига ҳам катта таъсир ўтказди.
Исроил билан алоқаларни тиклашни бошлаган валиаҳд шаҳзода яқинда Туркия билан муносабатларини яхшилашга ўтган Эронга нисбатан кескин сиёсат юритмоқда. Натижада ар-Риёд ва Анқара минтақа сиёсий ҳаётидаги асосий рақибларга айланиб бормоқда.
Таваккалчи Эрдўғон
Хашоқжи можароси ортидан юзага келган вазиятдан фойдаланиб қолишга қарор қилган жаноб Эрдўғон минтақада ўзи учун асосий рақиб сифатида гавдаланган валиаҳд шаҳзода аҳамиятини ҳар томонлама пасайтиришга уриниб, таваккал қилмоқда.
Бироқ жаноб Эрдўғон жанжаллашишга улгурган яна икки минтақавий куч - Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ва Миср - Хашоқжи масаласида Саудия Арабистони, том маънода, валиаҳд шаҳзодани қўллаб-қувватламоқда. Бу минтақавий қудратга эришиш илинжида бўлган Туркия президенти уринишлари самарасини янада пасайтиради.
Туркия ҳукумати БААни 2016 йил июль ойида содир бўлган давлат тўнтариши амалига яширинча аралашганликда айблайди. Жаноб Эрдўғон Мисрнинг жорий президенти Абдул Фаттоҳ ал-Сисини "Мусулмон Биродарлар"и ҳукуматини ағдаргани учун душман сифатида кўради.
Таҳлилчилар Президент Эрдўғон узоқни ўйламай қадам босмоқда, дейди. Валиаҳд шаҳзоданинг подшоҳлик тахтидан маҳрум бўлишига бирор белги йўқ ва Подшоҳ Салмон анча ёшга бориб қолган. Подшоҳлик атрофидаги давлатлар эса шаҳзодани дастакламоқда. Агар Саудия Арабистонида фақат бир кишининг ихтиёри ҳукмрон эканлиги ҳисобга олинса, шаҳзода Муҳаммад подшоҳлик тахтига ўтиргандан сўнг Туркия ўзига узоқ йилларга татийдиган минтақавий душман орттириб олиши мумкин.
Бундан ташқари АҚШ ҳозирча валиаҳд шаҳзода билан алоқани узиш ниятида эмаслигини кўрсатмоқда.
Демак, Президент Эрдоғоннинг сиёсий ўйинлари самара бериш ўрнига, ўзига катта ташвиш бўлиб қайтиши эҳтимоли юқорироқ.
Шундай бўлсада, Хашоқжи ўлимидек бутун дунёга акс-садо берган можаро яқин тарихда кузатилмаган эди. Оддий бир журналистнинг қатл этилиши ўз бошига шунча ғавғо келтириши мумкинлигини саудияликларнинг ўзи ҳам кутмаган кўринади.
Шиддат билан ривожланаётган дунёда воқеалар ривожининг қандай ўзан бўйлаб оқишини эса, албатта, вақт кўрсатади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












