Жамол Хашоқжи ўлими бўйича БМТ терговчиси: Саудия валиаҳд шаҳзодаси тергов қилинсин!

Сурат манбаси, AFP
БМТ терговчисига кўра, журналист Жамол Хашоқжининг ўлимига Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва Саудия Арабистонининг энг олий даражадаги расмийларининг алоқаси борлиги ҳақида ишончли далиллар мавжуд.
Бирлашган Миллатлар ташкилотининг маҳкамасиз қатллар бўйича махсус маърузачиси Аньес Каламар ўз текширувлари асосида ҳисобот эълон қилган.
БМТ махсус маърузачиси Туркияга сафар қилган.
Саудия Арабистонининг агентлари Истанбул шаҳридаги Саудия консуллиги биносида журналист, Саудиянинг кескин танқидчиси Жамол Хашоқжини 2018 йил 2 октябрида ўлдирганлар.
Бироқ Саудия расмийлари агентлар валиаҳд шаҳзода Муҳаммаднинг буйруғи билан иш кўрмаганини таъкидлаб келадилар.
Саудияда ёпиқ судда Хашоқжининг ўлими юзасидан 11 шахс устидан бўлиб ўтаётган маҳкамани Аньес Каламар тўхтатишга чақирган, чунки қотиллик халқаро жиноят ҳисобланиши, халқаро маҳкамада Туркия ва АҚШ иштироки таъминланиши лозимлигини айтган.

Сурат манбаси, Reuters
Аньес Каламар ҳисоботида Жамол Хашоқжи консуллик биносининг ичида "шафқатсизларча ўлдирилгани" айтилади.
Жамол Хашоқжининг жасади топилмаган.
Саудия расмийларига кўра, журналистнинг жасади бўлакланган ва консуллик ташқарисида бўлган "маҳаллий шерик"ка бериб юборилган.
БМТ махсус маърузачиси Аньес Каламар етакчилигидаги мутахассисларга Туркия махсус хизматлари Саудия консуллиги биноси ичкарисида ёзиб олган овозли ёзувлар тақдим этилган.
Бунинг асосида ҳисоботда Жамло Хашоқжининг консуллик биносига киришидан олдин, бино ичкарисида қотиллик рўй берган пайти ва ундан кейинги хронология тузилган.
БМТ махсус маърузачиси ҳисоботида айтилишича, Саудия валиаҳд шаҳзодаси БМТга аъзо мамлакатларнинг айримлари томонидан жорий қилинган санкциялар нишонига олинмоғи лозим.
Муҳаммад бин Салмоннинг хориждаги шахсий мол-мулкига ҳам санкция киритилиши ва "у жаноб Хашоқжининг қатл этилишига масъул эмаслигини исоблатмагунча" кучда қолиши зарурлиги айтилган.
Ҳисоботда қотилликда айбланаётган 11 шахс ҳақида маълумот ҳам берилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














