Дунё: Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад Бин Салмон болаликда қандай бўлган?

Saudi artists paint a mural portrait of King Salman bin Abdulaziz (R), and his son Crown Prince Mohammed bin Salman, during the 32nd Janadriyah Culture and Heritage Festival, held on the outskirts of the capital Riyadh on 17 February 2018.

Сурат манбаси, Getty Images

Бутун мамлакатда деярли мутлақ ҳукмронлигини ўрнатгунга қадар Саудия Арабистони ворис шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ҳақида дунё жуда кам нарса билар эди. Қуйида бир вақтлар ёш шаҳзодага инглиз тилини ўргатган Би-би-си Араб Хизмати ходими Рашид Секкайнинг ҳикоясини тинглашингиз мумкин.

1996 йили менга қўнғироқ қилишганда, мен Мадинадаги нуфузли Ал-Анжал мактабида ишлар эдим. Ўшанда билишимча, Ар-Риёд шаҳри ҳокими бўлмиш шаҳзода Салмон бин Абдул Азиз Ал Сауд - Саудиянинг бўлажак қироли вақтинчалик бу ерга оиласи билан келган ва фарзандлари учун инглиз тили ўқитувчиси керак бўлаётган экан.

Ҳозирда қиролга айланган шаҳзода таклифи билан мен унинг саройига бордим ва биринчи турмушидан бўлган фарзандларининг шахсий ўқитувчисига айландим.

Мен шаҳарнинг ҳаёт тинмай қайнайдиган мавзесида яшар эдим. Шахсий ҳайдовчи ҳар куни эрталаб соат 7 да мени Ал-Анжал мактабига олиб кетар, тушдан сўнг саройга ташлаб қўяр эди.

Рашид Секкай ЖИддадаги Ал Анжал мактабида
Сурат тагсўзи, Рашид Секкай ЖИддадаги Ал Анжал мактабида

Саноқсиз соқчилар томонидан қаттиқ қўриқланадиган дарвозадан кирганимиздан сўнг кишини ҳайратга солувчи гўзал виллалар, хушманзара боғлар бошланар эди. Машина қимматбаҳо автоуловлар тизилиб турган автотураргоҳга бориб, тўхтар эди. Мен ўша ерда биринчи бор пушти Cadillac'ни кўрганман.

Асосий бинога кираверишда мени сарой директори Мансур ал-Шаҳри кутиб олар эди. Ал-Шаҳри 11 ёшли шаҳзода Муҳаммад билан жуда яқин эди.

Рация

Муҳаммад менинг дарсларимга қулоқ солиш ўрнига вақтини кўпроқ соқчилар билан бирга ўтказишни хуш кўрар эди. Ака-укаларнинг тўнғичи бўлгани сабабли ҳам унга кўп эркинлик берилган, истаган ишини қилиши мумкин эди.

Мен унинг эътиборини ўқишга жалб қилишга жуда қийналар эдим.

Шаҳзоданинг дарсларда соқчилардан олган рацияни ўйнаб ўтиришини ҳали ҳам яхши эслайман. У укалари билан рация орқали соқчиларга ҳазиллар айтиб, мени устимдан кулиб ўтирар эди.

Муҳаммад Бин Салмоннинг отаси қирол Салмон бир вақтлар Риёдда ҳоким бўлган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Муҳаммад Бин Салмоннинг отаси қирол Салмон бир вақтлар Риёдда ҳоким бўлган

Бугун 33 ёшли бу шаҳзода мудофаа вазири ва тахт ворисидир.

Ўтган йили Саудия Арабистонининг амалдаги ҳукмдорига айлангандан бери у ўзини ислоҳотчи сифатида кўрсатишга кўп уринди. Консерватив қарашдаги руҳонийларнинг танқидига қарамай, у қиролликда анчайин ўзгаришлар қилди.

Саудия Арабистонидаги бўғиқ муҳитни очаётган бўлса ҳам, шаҳзода инсон ҳуқуқларини қўпол равишда топташда кўп айбланган.

Саудиянинг Ямандаги урушни янада авж олдириши, октябр ойида журналист Жамол Хашоқжининг ўлдирилиши ортида шаҳзода Муҳаммад тургани тахмин қилинади.

Муҳаммад Бин Салмон хорижда кескин танқидларга дуч келди

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Муҳаммад Бин Салмон хорижда кескин танқидларга дуч келди

Саудия Арабистони Хашоқжининг ўлими бўйича 11 кишига жиноий иш қўзғаган ва ворис шаҳзоданинг бу ишга алоқадорлигини мутлақо рад этиб келмоқда.

Кунларнинг бирида ёш Муҳаммад онасининг мен ҳақимда айтганларини сўзлаб берганда, ҳайратдан қотиб қолган эдим. Унинг сўзларига кўра, онаси - малика мен ҳақимда 'У киши ҳақиқий жентелменга ўхшар экан,ʼ деганмиш. Мен малика билан бирор марта учрашганимни эслолмайман. Саудия қироллик оиласига мансуб аёллар бегоналарга умуман кўриниш бермайди.

Ўшанда бўлажак ворис шаҳзода атрофни тўлдириб турган камераларга ишора қилмагунча, менинг саройдаги ҳар бир қадамим кузатув остида эканини ҳаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Мен ўша кундан бошлаб дарслар давомида ўзимни вазминроқ тутишга ҳаракат қила бошлаган эдим.

Қисқа вақт ичида Муҳаммад ва унинг укаларини ёқтириб қолдим. Тўкинликда умргузаронлик қилаётган шаҳзодалар бўлишига қарамай, саройдаги ўқувчиларимнинг бошқа болалар каби билим ўзлаштиришга қизиқиши катта эди. Фақат ўйинқароқликка кўпроқ вақт сарфлар эдилар.

'Қовун туширишʼ

Бир куни сарой директори Мансур Ал-Шаҳри бўлажак қиролнинг фарзандлари дарсларни қандай ўзлаштираётгани ҳақида билишни истаётганини айтиб қолди.

Шунда мен шаҳзода Муҳаммаднинг хулқи борасида шикоят қилишга яхши имконият туғилди, деб ўйлаб қолдим.

Мен шаҳзода Салмоннинг офиси ташқарисида бошқа ўқитувчилар билан бирга кутиб турар эдим.

Шаҳзода Салмон пайдо бўлганда, ўқитувчилар сакраб ўрнидан турди. Мен уларнинг навбатма-навбат шаҳзоданинг пойига эгилиб бориб, қўлини ўпишини кузатар эдим. Улар довдираганча, ёш шаҳзодаларнинг ўқиши аъло эканини маълум қилиб, ортга тисарилар эди.

Ниҳоят менинг навбатим келди. Умримда бировга таъзим қилмаган эдим. Нима қиларимни билмай, гангиб қолгандим. Мен унинг ёнига бордим ва саломлашиш учун қўлимни узатдим.

Рашид ҳозирда Саудиянинг АҚШдаги элчиси шаҳзода Холид Бин Салмонни ҳам ўқитган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Рашид ҳозирда Саудиянинг АҚШдаги элчиси шаҳзода Холид Бин Салмонни ҳам ўқитган

Шаҳзода Салмоннинг юзида ногаҳон пайдо бўлган ҳайратланишни ҳали ҳам яхши эслайман. Бироқ у менинг «ҳурматсизлигим»га нисбатан бир оғиз сўз айтмади ва қўлимни сиқди. Шу пайт «қовун тушириб» қўйганимни англадим.

Бу учрашувга қадар Британияга қайтиш ҳақида бир қарорга келгандим. Шу учун ҳам шаҳзода Муҳаммад ҳақида отасига бирор ножўя гапирмасликни лозим топдим.

Учрашув тугаши замоноқ, жаноб Ал-Шаҳри қироллик этикетига амал қилмаганим учун мени койиди.

Ҳозирда мен учун ёрқин хотирага айланган ўша дамларни ёдга олиб, собиқ ўқувчимнинг жаҳон сиёсий саҳнасидан муҳим жой эгаллашга интилишини томоша қилиб ўтирибман.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek