ЕИ раҳбарлари Украинани Иттифоққа номзодини дастаклашади - янгиликлар, дунё

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Жессика Паркер
- Role, BBC Брюссел
Европа Комиссияси Украина номзодлигини дастаклар экан, пайшанба куни кечадиган саммитда ҳам Киев учун иттифоқ томон "яшил чироқ" ёниши кутилмоқда.
Украина Иттифоққа аъзо бўлиш аризасини Россия босқини бошланганидан бир неча кун ўтиб топширганди.
Европа Иттифоқидаги Украина элчисининг Би-би-сига айтишича, номзодлик украиналиклар учун улкан руҳий мадад бўлади.
Аммо элчига кўра, "ҳақиқий интеграция фақат урушдан кейин" бошланишини эътироф этди.
Номзодлик мавқеиси тўла аъзолик томон илк расмий қадам саналади.
Франция вакилига кўра, Украинага номзодлик мавқеиси берилиши бир овоздан қабул қилинган.
Аммо аъзоликнинг ўзига йиллар кетиши мумкин ва бунга ҳам аниқ кафолат йўқ.
Ғарбий Болқон мамлакатлари бўлмиш Албания, Шимолий Македония, Черногория ва Сербия бир неча йиллардан бери номзодлар рўйхатида туришибди. Босния ва Герцоговина эса 2016 йилда номзодлик учун ариза топширишган.
Рус истилоси (тарихча ўрнида)
Президент Зеленскийга кўра, Россия ишғоли Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиш истагини кучайтирди.
Зеленскийнинг айтишича, Россиянинг 24 февраль куни Украинага бостириб кириши унинг Европа Иттифоқи билан кейинги интеграциясини бузмади, аксинча тезлаштирди.
Унинг сўзларига кўра, Украинанинг Иттифоққа қўшилиши унинг мамлакат келажаги бўйича "стратегик қарашлари"нинг "ажралмас қисми"дир.
Европа Иттифоқи етакчилари Украина амбицияларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Аммо улар ҳеч қандай жадвалга амал қилиш мажбуриятида эмас ва мутахассислар одатда йилларча давом этадиган жараён тезлашишига шубҳа билан қарашади.
Бундан ташқари, Албания, Шимолий Македония, Черногория, Сербия ва Туркия аллақачон номзод давлатлардир. Украина, Грузия ва Молдова Россия босқинидан кейин аъзолик учун ариза берган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















