Украина уруши, дунё ва Ўзбекистон: Украин буғдойи шунчалар муҳимми ёки нон қиммат деб одамлар қарғаяпти… Rossiya Ukraina O‘zbekiston Yangiliklar

Нон

Сурат манбаси, .

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон Марказий Банкининг куни-кечаги шарҳига таянилса, Ўзбекистонда нархлар ўсишини даромади кам аҳоли бойларга қараганда қарийб икки баравар кўпроқ сезган
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг огоҳлантиришича, украин буғдойисиз дунё очарчиликка юз тутади. Халқаро ташкилот "юраги бўлса, Путин Украина портларини очсин", демоқда. Россиянинг Украинадаги уруши иқтисодий таъсирлари Ўзбекистонда ҳам бўй бера бошлаган.

Мамлакат ҳукумати зарурий чоралар кўраётганига қарамай, ун, ёғ каби бирламчи маҳсулотлар нархлари сезиларли ўсган.

Ўзбекистон Марказий Банкининг куни-кечаги шарҳига таянилса, Ўзбекистонда нархлар ўсишини даромади кам аҳоли бойларга қараганда қарийб икки баравар кўпроқ сезган.

Банкка кўра, "Респондентларнинг кўпчилик қисми апрель ойида ўсимлик ёғи, шакар ва қандолат маҳсулотлари ҳамда нон ва ун маҳсулотлари қимматлаганини сезишган бўлса, ичимликлар, дуккакли маҳсулотлар ҳамда алоқа ва интернет нархи бироз ошганини таъкидлашган".

Би-би-си Ўзбек хизмати яқинда янги воқеликдаги иқтисодий вазият инсонлар ҳаётига қандай таъсир қилаётганини уларнинг ўзларидан ҳам сўраб кўрганди:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Украин буғдойи шунчалар муҳимми - янги хавотирлар

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг огоҳлантиришича, украин буғдойисиз дунё очарчиликка юз тутади.

Дунёдаги буғдой таъминотининг 10 фоизчаси Украина ҳисобига тўғри келади.

Халқаро ташкилот укран буғдойи экспортига изн берилиши лозимлигини таъкидламоқда.

Акс ҳолда жаҳон озиқ-овқат инқирози таҳдиди остида қолади, дейди БМТ.

Уруш ортидан Россия Украинанинг Қора денгиздаги энг муҳим портларини ёпиб қўйган.

Украин буғдойи эса худди шу портлар орқали четга чиқарилган.

Ҳозир Одесса ва Украинанинг бошқа шаҳарларида Ғарбга экспорт учун мўлжалланган юзлаб тонна буғдой туриб қолган.

БМТ Озиқ-овқат дастури идораси раҳбарининг таъкидлашича, "бу портларни имкон қадар тезроқ очиш керак".

"Чунки сўз нафақат Украина, балки айни дамда очлик ёқасида турган дунёдаги энг муҳтожлар ҳақида ҳам кетмоқда", - деб айтган Дэвид Бисли.

У, "Агар юраги бўлса, Путин портларни очсин", - дея даъват қилган.

Музокаралар иш берадими?

Буғдой

Сурат манбаси, Anadolu agency

БМТ Бош котиби ҳам мавжуд муаммо ўз ечимини топмаса, дунё йиллаб очарчиликка юз тутиши мумкинлиги билан огоҳлантирган.

Гутерришнинг айтишича, ҳозир бу хусусда Россия, украина, Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи билан жадал музокаралар олиб бораётир.

Аммо БМТ Бош котиби бу масаланинг узоққа чўзилиши эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаган.

Унга кўра, Ғарбнинг санкциялари Россиядан ўғит экспортига ҳам таъсир қилган.

БМТ Бош котиби бу ҳам озиқ-овқат инқирозининг бир босқичи бўлади, дейди.

Халқаро миқёсдаги сўнгги хавотирлар Нью-Йоркдаги озиқ-овқат саммити чоғида янграган.

Йиғинга раислик қилаётган АҚШ Давлат котиби ҳозиргидек бутун дунё учун оғир бўлган дамларда ғалла ва ўғити бўлган давлатларни бир чеккада қўл қовуштириб қараб турмасликка чақирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek