Украина уруши чўзилиб, НАТО ҳам унга аралашиши мумкинми? Ukraina Rossiya

Аёл Киев яқинидаги Буча шаҳрида уйи вайроналарини кўздан кечираяпти

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Аёл Киев яқинидаги Буча шаҳрида уйи вайроналарини кўздан кечираяпти
    • Author, Франк Гарднер
    • Role, Би-би-сининг хавфсизлик масалалари бўйича мухбири

Ўтган ҳафта НАТО вазирлари Брюсселда йиғилиб, Украинага қанча ҳарбий техника етказиб бериш кераклигини муҳокама қилган эди.

НАТОнинг ушбу урушдаги муаммоси урушга аралашиб, Россия билан тўқнашмасдан иттифоқдоши бўлмиш Украинани ўзини ҳимоя қилиш учун етарли даражада ҳарбий ёрдам билан таъминлаш масаласидир.

Украина ҳукумати очиқ ёрдам сўради.

Украина томоннинг таъкидлашича, у мамлакат шарқидаги Донбасс минтақасини Россия ҳужумидан ҳимоя қилиш учун унга зудлик билан Ғарбнинг Жавелин, NLAW (танкка қарши кейинги авлод қурол), Стингер ва Starstreak каби қуроллари янада кўпроқ керак бўлади. Украина кучларида ушбу қуроллар бор ва аллақачон урушда самарали қўлланмоқда.

Кўп қуроллар бериляпти. Аммо Украина кўпроғини хоҳлаяпти.

Украинанинг стратегик ёқилғи заҳираларини ва бошқа зарур ашёларни доимий равишда камайтираётган Россия ҳаво ҳужумлари ортаётгани ва узоқ масофали ракеталардан тобора кўпроқ фойдаланишига қарши туриш учун мамлакатга танклар, жанговар учоқлар, дронлар ва илғор ҳаво мудофаа тизимлари керак.

Хўш, кўпчилик сўраши мумкин, айнан нима НАТОни тўхтатмоқда?

Жавоб - вазиятнинг баттар ёмонлашуви.

Россиянинг тактик (яъни, қисқа масофага мўлжалланган) ядро қуролларини қўллаши мумкинлиги ёки урушнинг Украинадан ташқари чиқиб, кенгроқ Европа урушига айланиб кетиши хавфини Ғарб етакчилари доим ёдда тутади ва бу хавф жуда катта.

2px presentational grey line

Шу вақтгача Ғарб нима берди?

  • 30 дан ортиқ давлат Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатди, жумладан, Европа Иттифоқидан 1 миллиард евро ва АҚШдан 1,7 миллиард доллар.
  • Етказиб бериш ҳозирча қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва танкка қарши ва зенит-ракета тизимлари каби ҳимоя воситалари билан чекланган.
  • Булар қаторига елкага қўйиб отиладиган танкка қарши қуроллар (Жавелинлар) киради, улар иссиқ объектни қидирувчи ракеталардир.
  • Стингерлар - Афғонистонда Совет самолётларига қарши кенг қўлланилган енгил зенит қуроллари.
  • Starstreak - Британияда ишлаб чиқарилган енгил ҳаво мудофаа тизими.
  • НАТО аъзолари танклар ва қирувчи самолётлар каби оғирроқ ҳужум техникасини етказиб бериш Россия билан тўғридан-тўғри очиқ тўқнашувга олиб келиши мумкинлигидан хавотирда.
  • Бу чехларнинг Т72 танкларини беришига тўсқинлик қилмади
2px presentational grey line

Президент Путин ушбу уруш бошида Россия ядровий давлат эканлигини ва у ўзининг стратегик ядровий қуролларини шай ҳолатга келтираётганини дунёга эслатди.

АҚШ Россия ўз ядро каллакларининг хавфсиз сақлаш бункерларидан олиб чиққанини аниқламагани учун бунга қарши бирор чора кўрмади. Аммо Путин мақсадига етди. Аслини олганда, у "Россия улкан ядровий арсеналга эга, шунинг учун бизни мажбурлаш мумкин деб ўйламанг" демоқчи эди.

Россия ҳарбий доктринаси жанг майдонида кучсизроқ тактик ядро каллакларидан эртароқ фойдаланишга рухсат беради.

НАТО стратеглари ядровий табу бузилгудек бўлса, ҳатто Украинадаги кичик нишонга етказилган зарар билан чегараланганда ҳам, Россия ва Ғарб ўртасида ҳалокатли ядро тўқнашув хавфи муқаррар равишда ошиб боришидан хавотирда.

АҚШ Украинага нима юбормоқда?

  • 800 миллион доллар янги ҳарбий ёрдам, шу жумладан...
  • Самолётларни уриб туширишга қодир 800 та Стингер зенит тизими
  • 2000 елкага қўйиб отиладиган танкка қарши жавелинлар, улар иссиқлик изловчи ракеталарни отади
  • Швецияда ишлаб чиқарилган бир марталик бошқарилмайдиган 6000АТ-4 танкка қарши тизимлари.

Шунга қарамай, рус аскарлари томонидан содир этилган ҳар бир ваҳшийлик НАТОнинг қатъиятини оширади ва ўзини тийиши сусаяди. Чехия аллақачон эскирган совет Т72 танкларини юборган, аммо у буни амалга оширган биринчи НАТО давлатидир. Словакия ўзининг С300 зенит-ракета комплексларини юборди. Уруш бошланганда бу иккала ҳаракат ҳам ниҳоятда хавфли бўлиб туюлганди.

Парламент мудофаа қўмитасига раҳбарлик қилувчи депутат Тобиас Эллвуд Путин ядровий қурол ҳақида гапирганда найранг қиляпти, НАТО кўпроқ иш қилиши керак, деди.

"Биз беришга тайёр бўлган қурол тизимлари борасида ниҳоятда эҳтиёткор эдик, - дейди у. - Бизга янада қатъий ёндашув керак. Биз украиналикларга омон қолишлари учун етарлича имконият берямиз, лекин ғалаба қозониш учун етарли эмас, бу ўзгариши керак".

Хўш, Россия-Украина уруши қандай қилиб НАТОни ҳам ўзига тортадиган кенгроқ умумевропа урушига айланиши мумкин?

Ғарб мудофаа вазирликларини шак-шубҳасиз банд қиладиган бир қанча потенциал сценарийлар мавжуд.

Мана улардан учтаси:

1. Одессада НАТО етказиб берган ва Украина кучлари томонидан учирилган кемага қарши ракета Қора денгиз соҳилида Россия ҳарбий кемасини уриб, чўктириб юборади, натижада 100 га яқин денгизчи ва ўнлаб денгиз пиёдалари ҳалок бўлади. Битта зарбадан бунчалик ўлганлар сони мисли кўрилмаган бўларди ва Путин у ёки бу шаклда жавоб беришга мажбур бўлади.

2. Россиянинг стратегик ракета зарбаси Польша ёки Словакия каби НАТО давлатидан Украинага кетаётган ҳарбий техника карвонини нишонга олади. Агар чегаранинг НАТО томонида қурбонлар бўлса, бу НАТО конституциясининг 5-моддасини ишга солиши мумкин, бу эса бутун альянснинг ҳужум остида бўлган мамлакат мудофаасига келишига сабаб бўлиши мумкин.

3. Донбассдаги шиддатли жанглар пайтида саноат объектида портлаш содир бўлади, натижада заҳарли кимёвий газлар ажралиб чиқади. Бу аллақачон содир бўлган бўлса-да, ўлим ҳолатлари ҳақида хабар берилмаган. Аммо Суриянинг Ғутадаги заҳарли газ ҳужуми каби оммавий қурбонларга олиб келса ва бунинг Россия кучлари томонидан атай содир этилгани аниқланса, НАТО жавоб беришга мажбур бўлади.

Бу сценарийларнинг ҳеч бири амалга ошмаслиги мутлақо мумкин.

Аммо Ғарб давлатлари Россия босқинига жавоб беришда кам учрайдиган бирдамлик намойиш қилаётган бўлса ҳам, улар шунчаки муносабат билдирмоқда ва якуний ўйин қандай бўлиши кераклиги ҳақида ўйламайдилар.

Видео тагсўзи, Украина қуролли кучлари тарқатган видеода Россия вертолётининг ракета билан уриб туширилиши акс этган

"Катта стратегик савол, - дейди Британиянинг энг тажрибали ҳарбий офицерларидан бири, номини ошкор қилмаслик шарти билан, - ҳукуматимиз инқирозни бошқариш ёки ҳақиқий стратегия билан шуғулланадими". Бунинг учун пухта ва охиригача ўйлаб кўриш керак бўлади, дея қўшимча қилади у.

"Бу ерда биз эришмоқчи бўлган нарса Украинага ҳар қандай ёрдамни кўрсатишдир, учинчи жаҳон урушигача олиб бормай. Муаммо шундаки, Путин бизникидан яхшироқ покер ўйинчиси".

Депутат Тобиас Эллвуд бунга қўшилади.

"Россия бундан [эскалация таҳдидидан] жуда самарали фойдаланмоқда. Ва биз қўрқяпмиз. Биз эскалацияни бошқариш қобилиятини йўқотдик".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

line