Ғарб Россияга бас кела оладими - буюк давлатлар урушса, бугун қандай урушишади? Rossiya Ukraina dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, GIANCARLO CASEM/US AIR FORCE
- Author, Франк Гарднер
- Role, Би-би-сининг Хавфсизлик масалалари бўйича мухбири
Россия яқинда коинотда ракета синови ўтказди. Сунъий йўлдошлардан бирини йўқ қилди. Хитой эса, товуш тезлигидан ҳам бир неча баравар тез гипертовушли ракеталарини синаб кўрди. Би-би-си таҳлилчисига кўра, Ғарб ва, айтайлик, Россия ёки Хитой ўртасидаги йирик можаронинг кўп жиҳатлари аллақачон ишлаб чиқилган, тайёрланган ва ҳозирланган. Аммо Ғарб бугун Россия ёки Хитойга бас кела оладими?
Таҳлил:
Алоқадор мавзулар:
Бутун дунёда кичик минтақавий можаролар авж олишда давом этмоқда. Эфиопияда фуқаролар уруши кетяпти. Украинадаги 2014 йилдан бери тўхтамаётган уруш сабабли 14 мингдан ортиқ одам ўлди, Сурияда исёнчилар тўхтамаяпти, ИШИД Африканинг баъзи қисмларида кучаймоқда.
Аммо буюк давлатлар ўртасидаги урушнинг келажаги қандай бўлади? Ғарб олдиндаги қийинчиликларга қарши туришга тайёрми?
Биринчидан, "келажак уруши" аллақачон бошланган. Ғарб ва, айтайлик, Россия ёки Хитой ўртасидаги йирик можаронинг кўп жиҳатлари аллақачон ишлаб чиқилган, тайёрланган ва ҳозирланган.
16 ноябрь куни Россия коинотда ракета синови ўтказиб, сунъий йўлдошлардан бирини йўқ қилди. Ёзда Хитой товуш тезлигидан бир неча баравар тезроқ уча оладиган истиқболли гипертовушли ракеталарини синовдан ўтказди. Ҳужумкор киберҳужумлар, хоҳ ҳалокатли, хоҳ ваҳшиёна бўлсин, ёпиқ уруш деб номланувчи одатий ҳолга айланган.
Мишель Флурнуа Клинтон ва Обама президентлиги даврида Пентагонда АҚШ стратегияси бўйича раҳбар эди. Унинг фикрича, сўнгги йигирма йил ичида Ғарбнинг бутун эътибори Яқин Шарққа қаратилганда унинг рақиблари кўп жиҳатдан Ғарбга етиб олиш имконига эга бўлди.
"Биз ҳақиқатан ҳам стратегик бурилиш нуқтасида турибмиз, биз - Қўшма Штатлар, Буюк Британия ва иттифоқчиларимиз - 20 йил давомида терроризм ва исёнга қарши курашга, Ироқ ва Афғонистондаги урушларга бошимиз билан шўнғидик ва бошимизни кўтариб атрофга қараганимизда жиддий рақобатчилар пайдо бўлиб қолганини кўрдик", дейди у.
У Буюк Британия ҳукумати тайёрлаган кенг қамровли шарҳга мос равишда "ўткир таҳдид" ва Ғарбнинг узоқ муддатли "стратегик рақиби" сифатида Россия ва Хитойни назарда тутади.
"Биз Яқин Шарққа эътибор қаратганимизда, - дейди у, - рақиблар Ғарб уруш услубини ўрганди. Ва улар бир қатор янги технологияларга катта миқдорда сармоя кирита бошладилар.

Сурат манбаси, J.M. EDDINS JR/US AIR FORCE
Буларнинг аксарияти киберфаолиятга қаратилган - Ғарб жамиятига путур етказиш, сайловларга таъсир ўтказиш, махфий маълумотларни ўғирлашга қаратилган қўпорувчилик ҳужумлари. Булар ёпиқ уруш ва унинг кўп қисмини инкор этиш мумкин.
Аммо Украина масаласида Ғарб ва Россия ўртасида ва Тайвань масаласида АҚШ ва Хитой ўртасидаги ҳозирги таранглик жанговар ҳаракатларга айланса-чи? Бу қандай кўриниш олади?
"Ўйлашимча, бу жуда юқори суръатда ва ахборотга асосланган муҳитда содир бўлади", дейди Мейя Ноувенс, Халқаро Стратегик Тадқиқотлар Институти (ХСТИ) катта илмий ходими. У Хитойнинг ҳарбий устунлик қозониш учун кўпроқ маълумотлардан фойдаланишига эътибор қаратади.
"Хитой Халқ Озодлик Армияси коинот, электрон уруш ва кибер имкониятларга эътибор қаратиш учун "Стратегик қўллаб-қувватлаш кучлари" деб номланган янги агентликни тузди".
Амалда бу нимани англатади? Ҳар қандай урушда содир бўладиган деярли биринчи нарса - икки томоннинг ялпи киберҳужумларидир. Алоқаларни, жумладан, сунъий йўлдошларни ўчириш ёки ҳатто маълумот ташувчи муҳим денгиз ости кабелларини кесиш орқали бир-бирини кўр қилишга уринишлар бўлади.
Мен ХСТИнинг келажак урушлари бўйича эксперти Франц-Стефан Гадидан булар сиз ва мен учун нимани англатишини сўрадим. Телефонларимиз тўсатдан ишламай қолиши, ёқилғи қуйиш шохобчалари қуриб қолиши ва озиқ-овқат тарқатишда тартибсизликлар бўлиши мумкинми?
"Афтидан, ҳа, - дейди у. - Чунки буюк давлатлар нафақат ҳужумкор кибер қобилиятларга эга, балки сунъий йўлдошларни тўсиб қўйиши ва алоқани бузиши мумкин бўлган электрон урушларга ҳам катта миқдорда сармоя киритмоқда. Демак, келажакдаги можарода нафақат ҳарбийлар, балки бутун жамият асосий нишон бўлади".

Сурат манбаси, Getty Images
Бу ерда энг катта ҳарбий хавф - кутилмаган эскалациядир. Агар сизнинг сунъий йўлдошингиз ишламай қолса, сизнинг қўмондонингиз майдонда нима бўлаётганини билолмай қолади, натижада кейин нима қилишни билмай қарор қабул қила олмайди.
Мейя Ноувенс фикрича, бундай ҳолатда уларда "минималист" ёки "максималист" жавоб беришдан ўзга чора қолмайди, бу эса кескинликни янада кучайтиради.
Келажак урушида муҳим роль ўйнаши мумкин бўлган омиллардан бири бу сунъий интеллект - СИ. Бу қўмондонлар учун қарор қабул қилиш ва жавоб қайтариш вақтларини сезиларли даражада тезлаштиради, уларга маълумотни тезроқ қайта ишлашга имкон беради.
Бу ерда Қўшма Штатлар ўзининг потенциал рақибларига нисбатан сифат жиҳатидан устунликка эга ва Мишель Флурнуанинг фикрича, айни шу устунлик Ғарб Хитой Халқ Озодлик Армиясидан сон жиҳатдан озчилиги ўрнини қоплай олади.
"Сон жиҳатдан муайян устунликка эришиш ва душманнинг мудофааси ёки ҳужумини режалаштиришини қийинлаштириш усулларидан бири бу одамлар ва машиналарни бирлаштиришдир, - дейди у. - Шундай қилиб, агар сизда 100 та дрон платформасини бошқара оладиган битта бошқариладиган платформангиз бўлса, сиз ушбу миқдорий мувозанатни ўз фойдангизга бура оласиз."
Аммо Ғарб хавфли даражада Россия ва Хитойдан орқада қолаётган бир соҳа бор. Булар гипертовушли ракеталар - товуш тезлигидан 5-27 баравар тезроқ уча оладиган, оддий ёки ядровий каллакларни олиб юрадиган супер зарядланган ракеталар.
Россия ўзининг "Циркон" гипертовушли қанотли ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказганини эълон қилди ва бу технология дунёнинг исталган нуқтасида ҳар қандай мудофаа тизимини енгиши мумкинлигини айтмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Хитойнинг "Dong Feng 17" қуроли биринчи марта 2019 йилда тақдим этилган бўлиб, у атмосферада деярли олдиндан айтиб бўлмайдиган траектория бўйлаб маневр қила олади, бу эса уни уриб туширишни қийинлаштиради.
Аксинча, Америка тизимларининг сўнгги синовлари муваффақиятсиз бўлди. Ушбу қуролларнинг Хитой арсеналида пайдо бўлиши Вашингтонни, агар Хитой Тайванни босиб олишга қарор қилса, уни ҳимоя қилиш учун урушга киришдан олдин икки марта ўйлашга мажбур қилади.

Сурат манбаси, GIANCARLO CASEM/US AIR FORCE
Буюк Британия янги технологияларга сармоя киритиш эвазига одатий ҳарбий кучларини камайтиришга қарор қилди. Келажакдаги урушлар бўйича мутахассис Франц-Стефан Гади, бу 20 йилдан кейин фойдали бўлади, деб ҳисоблайди, аммо ўшангача олдинда ташвишли бўшлиқ пайдо бўлади.
"Ўйлайманки, бизни яқин беш-ўн йил ичида жуда хавфли давр кутмоқда, бунда ходимлар сони сезиларли даражада қисқаради. Шу билан бирга, ушбу янги технологик имкониятларнинг кўпчилиги операцион таъсир кўрсатиш учун етарлича етук бўлмайди", дейди у.
Келгуси беш-ўн йил ичида эса Ғарбнинг хавфсизлик борасидаги энг жиддий муаммолари бошланади. Демак, ҳамма нарса шу қадар тушкунми? Кўп йиллар давомида АҚШ мудофаа сиёсатининг марказида бўлган Мишель Флурнуа ундай ҳисобламайди. Унинг фикрича, ечим икки нарсададир: иттифоқчилар билан яқин маслаҳатлашув ва ҳамкорлик, керакли жойларга сармоя киритиш.
"Агар биз ақлимизни бирлаштириб, ҳақиқатан ҳам тўғри технологияларга, тўғри лойиҳаларга сармоя киритсак ва уларни тез ва кенг ривожлантирсак, биз буюк кучлар уруши олдини оламиз, - дейди у. - Биз ўз мақсадларимизга эришишимиз ва, масалан, Ҳинд-Тинч океани минтақасини келажакда эркин, очиқ ва фаровон сақлашимиз керак."
Мақола янгиланиб, қайта чоп этилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













