Покистон: Фикри учун уриб ўлдирилишлар жамиятни қўрқувга солмоқда - Видео Pokiston dunyo musulmonlar yangiliklar

Покистон. Оломон
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Сўнгги вақтларда Покистон кўчаларида оломон томонидан содир этилаётган ур-калтаклар мамлакат бўйлаб қўрқувни келтириб чиқарди.

Оломон томонидан зўравонликнинг кўпайиши кўпчиликнинг ҳамма соҳада, жумладан дин борасида ҳам ўз фикрини эҳтиёт бўлиб билдиришига олиб келмоқда.

Сўнгги 30 йил ичида 60 дан ортиқ одам куфрда айбланиб ғазабнок оломон томонидан уриб ўлдирилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода бир гуруҳ оломон, бир одамни ўртага олиб самосуд қилаётгани акс этган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Пластик идишни кўтариб олган одам ундаги QR кодда пайғамбар Муҳаммад (с.а.в)нинг исми ёзилган, деб адашди.

У бунинг куфрлигини айтиб, тўпланганларни код ўчириб ташланмаса юк машинасини ёқиб юборишга чақирди. Ушбу ҳодисада ҳайдовчи омадли тарзда омон қолган.

Покистонда ур-калтак кўпаймоқда ва унинг илдизлари куфрда айблашдан ташқарига чиққан. Бу каби ғазаб полиция ва маҳкамаларнинг сусткаштлигидан куч олмоқда. Ҳужумлар гоҳида шафқатсиз бўлади.

Яқинда Шри ланкалик эркак ур-калтак қилиб ўлдирилгани шов-шув бўлди.

Таёқ ва тўқмоқлар билан қуролланганлар уни Исломни ҳақорат қилишда айблашди. Жасадини судраб, ёқиб юборишди.

Юздан ортиқ гумондор ушланди, улардан бири Би-би-си билан гаплашишга рози бўлди. У содир бўлган воқеа нотўғри эканлигини айтди.

"Кимдир куфр келтирганини эшитса, мусулмоннинг диний туйғулари жўш уриши мумкин. Бу уларни ғазаблантиради. Аммо, менимча, бундай ҳолатлар рўй бермаслиги керак. Биз диний туйғуларимизга берилиб кетдик. Ҳамма ҳам ҳаяжонланади", дейди у.

Вазият ёмонлашаётган бўлса-да, ур-калтак қилиш расмийлар учун азалдан муаммо бўлиб келган.

"11 йил олдин икки ёш ака-уканинг жасадлари ўрнак бўлиши учун шу ерга осиб қўйилганди. Улар талончилик ва қотилликда хато айбланганидан сўнг ғазабнок оломон томонидан дўппосланади. Томошабинлар орасида жиноятни тўхтатмаган 9 нафар полиция ҳам бор эди", дейди Би-би-сининг Покистондаги мухбири Фарҳат Жавед

Ака-ука Муҳиб ва Муҳиснинг ортидан ҳамон қайғу чекаётган амакиси қолди. У ҳалиям ғазабда.

"Менимча, бу нарса қайта-қайта бўлмоқда. Чунки улар маҳкамада ҳеч нарса бўлмаслигини билишади. Улар жазоланмайди. Энг кўпи билан 2, 4, 5 ёки 8 йил қамоқда ўтириши мумкин. Кейин чиқиб келишади. Бу жамиятимизни чиритди, деб ўйлайман", дейди Заррар Бат

Полиция айбдорларни жазога тортиш деярли имконсизлигини тан олади.

"Бир одам иккинчисини ўлдириши каби жўн ишларда учларини бир-бирига боғлаш осон. Аммо бир инсон юз одам томонидан ур-калтак қилинса, ҳар бир кишининг ролини аниқлашингиз керак. Шунинг учун бу каби ишлар оғир ва тергов қилиш жуда қийин", дейди туман полиция зобити Умар Саид.

Покистондаги муаммо шуки, куфрнинг жазоси қатл бўлса, оломон томонидан ур-калтак қилиш жиноят, деб таснифланмаган.

Ўзгариш бўлмагунча, бу каби ҳолатлар давом этади. Даҳшатли жиноятга масъул бўлганлар эса, оломон ичида яшириниб юраверади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek