Жеймс Бонд ва MI6: факт ёки уйдирма?

Daniel Craig as James Bond

Сурат манбаси, Alamy

Сурат тагсўзи, No Time To Die is Daniel Craig's fifth and final James Bond film
    • Author, Френк Гарднер
    • Role, BBC News

Пандемия сабабли кечикишлар ва режиссёрнинг тўсатдан алмашиши ортидан узоқ кутилган Бонд фильми ниҳоят экранларга чиқди. "Ўлишга вақт йўқ" филми Бонд фильмларининг 25 чиси ва Дэниел Крейгнинг Жеймс Бонд сифатидаги охирги чиқишидир.

Хўш, Бонд Британиянинг ҳақиқий ташқи разведка хизмати - MI6 билан, янада аниқроқ айтсак, Махфий разведка хизмати (Secret Intelligence Service) билан чиндан бирор боғлиқлиги борми? Ва янада муҳими ҳозирги рақамли технологиялар асрида жосуслик агентлиги ўз аҳамиятини қанчалик сақлаб қолган?

"Менимча, энг катта фарқ, - дейди Сэм (ҳақиқий исми эмас), - биз Бонддаги одамлардан кўра кўпроқ ҳамкорлик асосида ишлаймиз. Камдан кам ҳолларда ёрдамсиз, бир ўзингиз чиқишингиз мумкин. Ҳаммаси жамоа билан. Доим ёнингизда хавфсизлик гуруҳи бўлади."

Сэм MI6да кадрлар бўйича ишлайди, террорчиликка қарши кураш бўйича ҳам ишлаган. У Бонд фильми чиқишидан олдин мен суҳбатлашмоқчи бўлган жосуслик хизмати ходимларидан биридир.

Яхши, агар улар Бонд бўлмаса, ҳақиқий MI6 хизматчилари Темза бўйидаги бош офисларида ва хорижда қандай ишлайди?

"Кўплаб турдаги ролларни ўйнашингиз мумкин, - дейди Тара (бу ҳам ҳақиқий исми эмас). - Агентлар билан ишлашингиз ё уларни жалб қилишингиз мумкин. Бизга техник экспертлар ҳам керак. Бизда коммуникация бўйича гуруҳлар ҳам бор. Ҳеч қачон битта одам барини бажармайди. Кинода MI6га ўхшашлик жуда оз. Агар кимдир ана шундай ўй билан ишга кирмоқчи бўлса, ҳужжат топширган вақтдаёқ бу иш у учун эмаслигини билади."

Улар қуролланганми? MI6 хизматчилари қурол кўтариб юрадими? Бунга расмий жавоб олдим: "Биз буни тасдиқ ҳам, инкор ҳам эта олмаймиз".

Аммо бошқа бир MI6 хизматчиси менга шундай деди: "ҳамма билан уришиб дунё кезадиган, одамларни отадиган одам образи биз учун ҳақорат. Бунақа одам остона ҳатлаб ичкари кира олмайди."

Scene from James Bond's No Time To Die

Сурат манбаси, Alamy

Сурат тагсўзи, Бу Дэнийел Крейгнинг Жеймс Бонд сифатидаги охирги роли

Агар бир дақиқа тўхтаб, Британиянинг хориждаги жосуслари ишлайдиган энг хавфли ҳудудларни кўз олдингизга келтирсангиз, уларнинг ўзлари қуролланмаган тақдирда ҳам уларни кузатиб турадиган яқинроқ кимлардир қуролланган бўлади.

Гапнинг қисқаси, MI6 ходимлари агентлар эмас. Улар тайёргарликдан ўтган ҳақиқий агентларни, дейлик, "ал Қоида"нинг ҳужум режалаштираётган гуруҳи ёки душман давлат ядро тадқиқотлари марказидаги шахсларни маҳфий маълумотларни ўғирлашга Британия ҳукумати номидан кўндиради.

Ҳақиқий хавфни ҳар куни ўзига оладиганлар агентлардир. MI6 уларнинг шахси ва оилаларини ҳимоя қилиш учун қаттиқ ҳаракат қилади.

Хўш, агентлар билан ишловчилар ўз агентларига қанчалик яқин бўлади, деб сўрайман. Улар дўст бўлиши мумкинми?

"Улар бир бирига суянади, - дейди Том, хизматдаги бошқа бир офицер. - Сиз бошқа бир одамнинг ҳаёти учун масъулсиз, шунинг учун бир бирингизга улар эшитишни истамаган гапларни ҳам айтасиз, баъзида тортишувлар бўлади, аммо буларнинг бари хавфсизлик учундир."

"Одамлар биз билан ишлаш учун ҳаётларини хавфга қўяди, - қўшимча қилади Тара. - Уларнинг айримлари жуда хавфли эмас. Аммо шундай тоифадаги одамлар борки, уларнинг биз билан ишлаётгани фош бўлиб қолса, жиддий хавф остида қоладилар. Улар билан ишлаш биз учун катта шараф. Улар ўз ҳаётларидан маҳрум бўлишлари мумкин, шу боис улар билан илк алоқага киришганимиздан бошлаб уларга ўта жиддий қараймиз."

A general view of the MI6 headquarters in London
Сурат тагсўзи, Лондондаги MI6 бош қароргоҳининг кўриниши

2015 йили охирги Бонд фильми "Спектр" чиққанидан бери ўтган олти йилда жосуслик оламида нималар юз берди. Ислом Давлати гуруҳи эълон қилган халифалик келди ю кетди, Эроннинг ядро амбицияларини жиловлаш бўйича тузилган битим бузилди, Хитой Тайванни "қайтиб олиш" ҳақида шовқин солди. MI6ни банд қиладиган кўп ишлар содир бўлди.

Аммо ҳар бир ҳаракатимиз ўзидан рақамли из қолдирадиган бир даврда жосусликнинг эски мактабига, бошқа одамларнинг сирини ўғирлаш учун кимларнидир ишонтиришнинг вақт синовидан ўтган санъатига ўрин борми?

"Агар маълумотларнинг то таҳлил қилингунга қадар бўлган ҳаётига боқсангиз, - дейди бош техник директор Эмма (ҳақиқий исми эмас), - бу жараённинг ҳар бир босқичида турли одамлар иштирок этади. Ана шу муносабатни биз қурамиз. Албатта, жойлардаги жосуслик хизматчиларини қўллаб қувватлаш учун барча технологиялардан фойдаланамиз."

Лондоннинг Воксҳоллидаги MI6 бош офиси ичида гаджетларга тўла ҳақиқий устахоналар ҳақиқатда борми? Ҳа, афтидан.

"Бу биз фильмларда кўрадигандан мутлақо бошқача, - дейди Эмма. - Менда янги имкониятлар яратадиган анча катта муҳандислар жамоаси бор. Фильмдагидан фарқли ўлароқ, бизнинг ҳаммамиз ҳам оқ ҳалат киймаймиз, гикларга ўхшамаймиз. Аммо гаджетларга келганда жосуслик офицерлари билан яқиндан ишлаймиз, уларга айнан нима кераклигини аниқлаймиз."

Биринчи Бонд фильми 1962 йили намойиш қилинганидан бери қарийб 60 йил, муаллиф Ян Флеминг ҳарбий денгиз разведкасидаги фаолиятидан сўнг илк тўқима образни яратганига эса 70 йил ўтди.

Ўшандан бери жосуслик ишлари таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди.

Бугун MI6нинг юқори эшелонларида ижтимоий тармоқлар у ёқда турсин, ҳатто мобил телефонлар ва интернет пайдо бўлмасидан олдин фаолиятини бошлаган офицерлар бор. Ҳужжатлар сейфларда, ва пўлат картотека шкафларида сақланар эди. Биометрик маълумотлар ҳали қўлланмасди, MI6нинг ўзи ҳатто 1994 йилгача расман мавжуд эмасди.

Ўша вақтларда махфий жосусни чегара оша душман ҳудудига сохта соқол ва кўзойнак билан ҳам олиб ўтиш осон эди. Бугун имконсиз бўлмаса ҳам, бу ишлар анча қийинлашган. Полиция маълумотига кўра, Россиянинг 2018 йили собиқ КГБ офицери Сергей Скрипални ўлдириш учун Солсберига тўсиқларсиз келган Бош разведка бошқармаси - ГРУ хизматчиларини олайлик.

Бугун маълумотлар инқилоби кўз қорачиғидан таниш, биометрик маълумотлар, сунъий ақл, шифрлаш ва квант ҳисоблаш каби технологиялар билан ўз тўкис бўлди.

Аммо инсон ақли доим керак бўлади, дейди Сэр Алекс Янгер. У MI6ни олти йил бошқарган. Унинг "Ўлишга вақт йўқ" фильмидаги Рэлф Файнс ўйнаган тўқима ҳамкасби М шундай дейди: "Дунё биз жавоб қайтара олишимиздан кўра тезроқ қуролланмоқда."

Ана шу нарса MI6даги аёл ва эркакларни ишлашга ундайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek