Америка жосус ва дипломатлари чет элда чалинадиган сирли хасталик нима? AQSh josuslik

- Author, Гордон Корера
- Role, BBC News хавфсизлик масалалари бўйича мухбири
Шифокорлар, олимлар, разведка ходимлари ва ҳукумат амалдорлари америкалик дипломатлар ва жосуслар чалинган сирли касаллик - "Ҳавана синдроми" сабабини аниқлашга ҳаракат қилишди. Баъзилар буни уруш ҳаракати деб атади, бошқалари бу кузатувнинг янги ва махфий шаклими деб ҳайрон бўлди ва яна баъзилар буларнинг сабаби мияда бўлиши мумкин деб ишонади. Хўш, жавобгар ким ёки нима?
Бу тасвирлаб бериш қийин овоздан бошланган. "Шовқин", "металлнинг қийиллаши", "ўткир товуш" дер эдилар улар.
Бир аёл бошида паст овоз ва кучли босимни ҳис қилганини айтди; иккинчиси пульсли оғриқни сезди. Овоз эшитмаганлар иссиқлик ёки босимни ҳис қилган. Лекин овозни эшитганларга қулоқларини ёпиш ҳам ёрдам бермаган. Синдромни бошдан кечирган одамларнинг баъзилари бир неча ой давомида бош айланиши ва чарчоқдан азият чеккан.
Гавана синдроми биринчи марта 2016 йили Кубада кузатилган. Биринчи ҳолатлар Марказий Разведка бошқармаси ходимларида кузатилган, улар сир сақланган. Аммо охир-оқибат, бу маълумот чиқиб кетди ва хавотир бошланди. Йигирма олти ходим ва уларнинг оила аъзолари турли аломатлар ҳақида хабар берди. Баъзи ҳамкасблар азоб чекаётганларни ақлдан озган деб ўйлар ва буларнинг бари уларнинг "хаёли" деб пичирлашар эди.
Орадан беш йил ўтиб, бу борадаги хабарлар юзларча бўлди ва, Би-би-сига айтишларича, ҳар бир қитъада АҚШнинг хориждаги фаолиятига таъсир қилган.
Бунинг ортидаги сабабни аниқлаш АҚШ миллий хавфсизлигидаги устувор масалага айланган. Бир расмийнинг айтишича, бу ҳолат жосуслик хизматлари олдидаги энг қийин муаммога айланган.

Ашёвий далиллар топилмади, бу эса синдромни турли фаразлар ўртасидаги кураш майдонига айлантирди. Кимдир бунда руҳий касалликни, бошқалар махфий қуролни кўради. Аммо ўсиб бораётган далиллар микротўлқинлар асосий сабабчи бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
АҚШ ва Куба ўртасидаги ўн йиллаб давом этган адоватдан сўнг 2015 йили дипломатик алоқалар тикланди. Аммо икки йил ичида Ҳавана синдроми сабабли элчихона ёпилди, ходимлар уларнинг соғлиғи борасидаги хавотирлари боис у ердан олиб кетилди.
Аввалига муносабатларнинг илиқлашишидан норози бўлган Куба ҳукумати ичидаги айрим гуруҳлар муайян товуш қуролларидан фойдаланган бўлиши мумкин деб тахмин қилинди. Куба хавфсизлик хизматлари америкаликлар кириб келганидан асабийлашиб, пойтахтни қаттиқ назоратга олишди.
Аммо ушбу синдром бутун дунёда кузатилгач, бу фараз аҳамиятини йўқотди.

Аммо яқинда яна бир эҳтимоллик эътибор марказига чиқди. Бу эҳтимолликнинг илдизи Совуқ уруш даврининг энг қора вақтларига, фан, тиббиёт, жосуслик ва геополитика туташган жойга бориб тақалади.
Иллинойс университети профессори Жеймс Лин Ҳаванадаги сирли товушлар ҳақидаги хабарни ўқиганида микротўлқинлар сабабчи бўлса керак деган хаёлга борди. Унинг бу ишончи назарий тадқиқот эмас, биринчи қўл тажрибасига таянар эди. Ўн йиллар муқаддам унинг ўзи ҳам овозларни эшитган эди.
Иккинчи Жаҳон уруши вақтида пайдо бўлганидан бери яқин ўртадаги радар ёқилиб, осмонга микротўлқин таратишни бошлаганда одамлар сирли товушларни эшитгани ҳақида хабарлар берилган эди. Ҳеч қандай ташқи овоз бўлмасди. 1961 йили доктор Эллен Фрей ўз мақоласида овозлар микротўлқинларнинг нерв тизимига таъсиридан бўлмоқда деди. Шундан кейин "Фрей эффекти" атамаси пайдо бўлди. Аммо аниқ сабаб ноаниқлигича қолди.



1970 йилда профессор Лин Вашингтон университетида тажрибаларини бошлади. У ютувчи материал билан қопланган кичик хонада ёғоч курсида ўтириб, антеннани бошининг орқа томонига қаратиб қўйганди. Қўлида эса чироқни ўчириб ёқиш тугмаси. Ташқарида ҳамкасби муайян интервалда микротўлқин пульсларини юбориб турди. Агар профессор Лин товушни эшитса, қўлидаги тугмани босарди.
Битта пульс шиғиллаган ёки чертгандек овоз пайдо қиларди. Пульслар кетма кетлиги қушнинг чуғурлашига ўхшайди. Бу товушлар унинг миясида пайдо бўлган, ташқаридан товуш тўлқини тарзида келмаган. Профессор Линнинг ишонишича, энергия миянинг юмшоқ тўқималарига сингийди ва мия ичида босим тўлқинига айланади ва бу товушдек ҳис қилинади. Бу товушлар юқори кучланишли микротўлқинлар пульс сифатида юборилгандагина пайдо бўлади, микротўлқинли печлардаги паст кучланишли давомли шаклдаги тўлқин шаклида эмас.

Профессор Лин тўлқин кучланишини оширишда ниҳоятда эҳтиёткор бўлганини эслайди. "Миямга зарар етишини истамас эдим", дейди у Би-би-сига.
1978 йилда у бу масалага қизиққан ёлғиз ўзи эмаслигини билиб қолди. Ўз тажрибаларини ўтказаётган олимлар унинг мақоласини муҳокама қилиш учун таклиф қилишган эди.

Совуқ уруш даврида фан қудратли давлатлар ўртасидаги қизғин кураш марказида бўлган. Рақиб томон ўзиб кетмасин деб, ҳатто онгни назорат қилиш йўллари ҳам ўрганилган, шу жумладан, микротўлқинлар ҳам.
Профессор Линга Москва яқинидаги Пушино шаҳарчасида жойлашган илмий тадқиқот марказида советлар нималар қилаётганини кўрсатишган. "Уларда жуда такомиллашган, яхши жиҳозланган лаборатория бор экан", деб эслайди профессор Лин. Аммо уларнинг тажрибалари уникига нисбатан қўполроқ бўлган. Устида тажриба ўтказилаётган одам шўр денгиз суви тўлдирилган бочкага тушади, боши ташқарига чиқиб туради. Микротўлқинлар унинг мияси томон йўналтирилади. Олимлар микротўлқинлар асаб тизими билан таъсирлашади деб ўйлаган ва шу масалада профессор Линдан ўзининг муқобил қарашини айтиб беришини сўрашган.
Қизиқувчанлик ҳар икки томонда кучли эди, АҚШ жосуслари советлар тадқиқотларини яқиндан кузатарди. АҚШ Мудофаа жосуслик агентлигининг Би-би-си қўлга киритган 1976 йилги ҳисоботида айтилишича, коммунист блокнинг микротўлқинли қуроллари борлигини тасдиқловчи далил топилмаган, аммо қурбақанинг томоғига микротўлқин пульсларини юбориш орқали унинг юрагини тўхтатиш устида тажрибалар ўтказилгани аниқланган.
Ҳисоботда яна ёзилишича, АҚШ совет микротўлқинлари мия фаолиятини издан чиқариш ёки психологик таъсир ўтказиш учун овоз пайдо қилишда фойдаланилиши мукинлигидан хавотир олган. "Уларнинг ички овозни идрок қилиш устидаги тадқиқотлари ҳарбий ва дипломатик ходимларнинг хулқига зарарли таъсир қилувчи қуролга айланиши эҳтимоли бор."
Америка манфаати фақат мудофаа билан боғлиқмасди. Жеймс Лин АҚШнинг айни шу йўналишдаги қурол устида ишлаётгани ҳақида бир неча марта эшитганди.

Профессор Лин Пушинода эканида ундан узоқ бўлмаган жойда бошқа бир гуруҳ америкаликлар ўзларига микротўлқинлар таъсир қилаётган бўлиши мумкинлиги, ўз ҳукуматлари буни яшираётганидан хавотирда эди.
Деярли чорак аср давомида Москвадаги 10 қаватли элчихона биноси кенг, кўринмас, паст даражали микротўлқин билан ювилиб турган. Бу "Москва сигнали" номи билан машҳур бўлган. Аммо кўп йиллар давомида ўша бинода ишлаганлар буни билмаган.
Тўлқинлар бинога яқин жойдаги совет квартираси айвонига ўрнатилган антеннадан келиб турган ва элчи ўтирадиган ва асосий ишлар қилинадиган юқори қаватга йўналтирилган. Уни 1950 йилларда сезиб қолишган ва кейинроқ 10 қаватдан кузатиб турилган. Аммо унинг мавжудлиги ҳаммадан сир тутилган ва бинода ишлаганлардан саноқли одамларгина билган. "Биз шунчаки ундан кўзланган мақсадни билишга уринар эдик", дейди Жэк Мэтлок. У 1970 йилларда элчихонада иккинчи муҳим шахс бўлган.

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо янги элчи Уолтер Стессел 1974 йили келгач, буни ҳаммага маълум қилиш кераклигини, акс ҳолда, истеъфога чиқишини айтди. "Бу қандайдир саросимани қўзғади", деб эслайди жаноб Мэтлок. Болалари биринчи қаватдаги яслида бўлган ходимлар айниқса ваҳимага тушиб қолган. Аммо Давлат департаменти хавфни пасайтириб кўрсата олди.
Элчи Стесселнинг ўзи касал бўлиб қолди, касаллик симптоми сифатида унинг кўзидан қон оқди. Ҳозир махфийликдан чиқарилган 1975 йили Вашингтондаги Совет элчисига қилинган қўнғироқда АҚШ давлат котиби Генри Киссинжер Стесселнинг касаллиги сабабини микротўлқин эканлигини ва "биз шов-шув кўтармоқчи эмасмиз" деб айтган. Стессел 66 ёшида оқ қон касаллигидан вафот этди. "У яхши аскар бўлишга қарор қилди" ва шовқин солмади, дейди унинг қизи Би-би-сига.
1976 йилдан одамларни ҳимоя қилиш учун тўсиқлар ўрнатилди. Аммо аксар дипломатлар Давлат департаменти бор гапни узоқ яширгани, соғлиққа эҳтимолий зарарни тан олмаганидан дарғазаб эди. Бу даъво анча йиллар ўтиб Гавана синдромида яна акс-садо берди.
Москва сигнали нима учун эди? "Советларнинг мақсади бизга шунчаки зарар етказиш бўлмаган", дейди Мэтлок. Улар кузатув технологиясида АҚШдан олдинда эди. Бир фаразга кўра, улар микротўлқинларни суҳбатларни тинглаш учун қўллаган ёки улар шу тўлқинлар орқали бино ичидаги эшитиш қурилмаларини ўчириб ёққан ёки АҚШ электрон қурилмаларидан маълумот тутган. Бир гал советлар Мэтлокка мақсад аслида элчихона томида ўрнатилган ва Москвадаги совет коммуникацияларини тутиш учун қўлланган қурилмалар ишига халақит бериш бўлганини айтган экан.
Бу кузатув ва қарши кузатув дунёсидир. Шу қадар сирли бўлганки, ҳатто элчихоналар ва ҳукуматлар ичида ҳам оз одам хабардор бўлган.
Бир фаразга кўра Гаванада кузатув амалга ошириш учун юқори кучланишли, йўналган микротўлқинлардан фойдаланилган. Британиянинг бир собиқ жосуслик ходими Би-би-сига айтишича, микротўлқинлар электрон қурилмалардан сигналларни ўқиш ва уларни кузатиш учун қўлланиши мумкин. Бошқаларнинг тахминича эса, қурилма (эҳтимол бирор Америка қурилмаси) яхши ишламаган ва одамларда жисмоний реакция пайдо қилган. Аммо АҚШ расмийларининг Би-би-сига айтишича, бирорта ҳам бундай қурилма аниқланмаган.

Бироз вақт ўтиб бу каби ҳолатлар Кубадан ташқарида ҳам кузатила бошлади.
2017 йил декабрида Марк Полимерополус Москвадаги меҳмонхонада чўчиб уйғониб кетди. Марказий Разведка бошқармасининг (МРБ) бош мулозими Россияга ўз ҳамкасби билан кўришгани келганди. "Қулоғим шанғиллаб, бошим айланарди, кўнглим айний бошлади. Қаддимни ростлаб туролмасдим, - дейди у Би-би-сига. - Жуда даҳшатли эди." Гаванадаги ҳолатдан бир йил ўтган эди, аммо МРБнинг соғлиқни сақлаш идораси унга унинг аҳволи Кубадагидан фарқ қилишини айтди. Узоқ давом этган даволаниш бошланди. Кучли бош оғриғи уни тарк этмади, 2019 йили у нафақага кетишга мажбур бўлди.
Жаноб Полимерополус аввалига ўзига қандайдир кузатув қурилмаси керагидан ортиқ куч билан ишлаши натижасида зарар берган деб ўйлаб юрди. Аммо яна кўпроқ шу каби ҳолатлар қайд этилди ва уларнинг бари Россияда ишлаган МРБ ходимларида, дейди у. Шундан сўнг у ўзига қурол билан ҳужум қилинганига амин бўлади.
Аммо кейин 2018 йил бошларида Хитойнинг Гуанчжоу шаҳридаги консулликда ҳам шу каби ҳолатлар кузатилди.
Хитойда бу балога йўлиққанларнинг айримлари Калифорния университети профессори Беатрис Голомбга мурожаат қилди. У анча йиллардан бери микротўлқинларнинг соғлиққа таъсири ва сабаби ноаниқ касалликларни ўрганиб келар эди. Унинг Би-би-сига айтишича, у Давлат департаментининг тиббий ёрдам гуруҳига нима учун микротўлқинлар сабабчи эканлиги ҳақида батафсил ёзган. "Ўқиш жуда қизиқ бўлди" деган беписандлик билан ёзилган жавобни олади.
Профессор Голомбнинг айтишича, Гуанчжоудаги ходимларнинг оила аъзолари юқори радиация даражасини дўкондан сотиб олса бўладиган қурилмалар ёрдамида аниқлашган. "Жуда юқори даражани кўрсатди." Унинг айтишича, Давлат департаменти ходимларнинг ўзлари текшириб топган маълумотни ҳам махфий деб таснифлаб қўйган.
Дастлабки текширувларда талай муаммолар бор эди. Изчил маълумотлар тўпланмаган. Давлат департаменти ва МРБ бир-бири билан кераклича мулоқот қилмаган, уларнинг ички тиббий хизматларининг шубҳалари вазиятни янада таранглаштирган.

Хитойдаги ҳар тўққиз ҳолатдан биттасигина Давлат департаменти томонидан Гаванадаги синдромга ўхшашлиги тан олинган. Айни симптомни бошдан кечирган қолганлар эса бундан ғазабда, гўё бизни ёлғончи деб ўйлашяпти деб ҳис қилишмоқда. Улар ўзларига тенг муносабатда бўлишларини талаб қилиб курашни бошлашган ва бу ҳозир ҳам давом этмоқда.
Умидсизлик кучайиб, азият чекканларнинг айримлари миллий хавфсизлик ишларига ихтисослашган адвокат Марк Зайдга мурожаат қилишди. У ҳозир 20 нафарча ҳукумат хизматчилари - уларнинг ярми жосуслик хизматчилари - номидан иш юритмоқда.
"Бу Гавана синдроми эмас. Бу хато ном, - дейди Зайд. Унинг мижозлари турли жойларда бу муаммога йўлиққан. - Юз бераётган бу ҳодисалар, мен кўрган далилларга суянилса, 1960 йиллардан бери АҚШ ҳукуматига маълум бўлган.
2013 йилдан бери жаноб Зайд АҚШ Миллий Хавфсизлик агентлигининг бир ходими манфаатини ҳимоя қилмоқда. У 1996 йили махфийлаштирилган жойда зарар кўрган.
Жаноб Зайд нима учун АҚШ ҳукумати узоқ вақт давомида бу ҳодисаларни тан олишни истамаётганига қизиқмоқда. Унинг фикрича, бунинг бир эҳтимолий сабаби шундай қилинса, Пандора қутисини очиб юбориши ва йиллар давомида панжа орасидан қараб келинган ҳодисалар фош бўлиб қолиши мумкин. Яна бир сабаб, АҚШнинг ўзи микротўлқинлардан фойдаланаётган ва уни махфий сақлашни истаётган бўлиши мумкин.
Мамлакатнинг микротўлқинлардан қурол сифатида фойдаланишга бўлган қизиқиши Совуқ Урушдан кейин ҳам давом этди. 1990 йиллардан бери берилган хабарларда АҚШ Ҳаво кучлари микротўлқинлар инсон миясида товуш ҳосил қилишини текшириш учун "Hello" деб номланган лойиҳа устида ишлагани, "Goodbye" деб аталган яна бирида оломонни назорат қилиш учун, "Goodnight" деб аталганида эса микротўлқиндан одам ўлдиришда фойдаланиш йўллари текширилгани айтилган эди. Ўн йил аввал берилган хабарда бу лойиҳалар иш бермагани маълум қилинган эди.
Бироқ мияни, унга таъсир этиш йўлларини ўрганишга ҳарбий ва хавфсизлик соҳаларида жиддий эътибор берилади.
"Мия 21 асрнинг жанг майдони сифатида кўрилмоқда", дейди Жеймс Жордано. У Пентагонда маслаҳатчи ва Жоржтаун университетида биохимия ва неврология профессори бўлиб, Гавана иши бўйича унга ҳам саволлар берилган. "Мия глобал миқёсда ўрганилади. Унинг ўрганилиши Ғарб билан чекланиб қолмаган." Мия фаолиятини кучайтириш ёки унга зарар бериш устида ишланмоқда, дейди у Би-би-сига. Аммо бу соҳа шаффоф эмас.
Унинг айтишича, Хитой ва Россия микротўлқинларни тадқиқ қилиб келаётган эди ва бу саноат ва тижорий мақсадларда микротўлқинлардан фойдаланиш учун чиқарилган қурилмаларни бошқа мақсадларда ҳам ишлатиш имконини оширарди. Аммо у қўрқув ва хавотир уйғотиш ҳам мақсад бўлмаганмикан деб ўйлади.
Бу каби технология балки аллақачон бор ва самарали қўлланаётгандир. Аммо сезиб қолишганига қараганда Кубада нимадир жойида бўлмаган.
Гавана иши пайдо бўлганда Билл Эванина разведка хизматининг бош расмийси эди. Бу йил у Миллий контрразведка ва хавфсизлик маркази раҳбари лавозимидан кетди. У Гаванада юз берган иш юзасидан аниқ фикрга эга. "У қурол эдими? Ҳа, шундайлигига аминман", деди у Би-би-сига.
У микротўлқинлар охирги ҳарбий тўқнашувларда қўлланган бўлиши мумкинлигига ишонади, аммо ўзгаришларни тушунтириш учун махсус вазиятларга эътибор қаратади.
Флорида қирғоғидан 150 километр олисда жойлашган Куба коммуникацияларни тутиб олиш орқали "сигналлар разведкаси" тўплаш учун роса боп жой бўлган. Совуқ уруш даврида Куба советларнинг йирик эшитув маркази бўлган. 2014 йили Владимир Путин оролга ташриф буюрганда у яна қайта очилгани хабар қилинганди. Бир манбага кўра, Хитой ҳам охирги йилларда иккита жойни очди, Россия 30 та қўшимча разведкачиларни юборди.
Аммо 2015 йилдан бошлаб АҚШ қайтди. Ўзининг янги элчихонаси билан, АҚШ рус ва хитой жосусларини четга суриб, ўзи маълумот тўплаб, шаҳарга ўрнаша бошлади. "Биз жанг қилаётгандик" дейди бир ходим.
Сўнг овозлар бошланди.
"Гаванадаги элчихона ёпилишидан ким энг катта фойда кўрди?, - деб сўрайди Эванина. - Агар рус ҳукумати Кубада жосуслик фаолиятини кенгайтираётган бўлса, АҚШнинг у ерда бўлиши улар учун яхши ҳолат эмасди."
Россия бу ишга аралашгани, "микротўлқин қуролларини йўналтиргани" ҳақидаги айбловларни рад қилиб келади. "Бу каби провокатив, асоссиз тахмин ва кулгили фаразлар жиддий изоҳ беришга ҳам арзимайди", деди Россия Ташқи ишлар вазирлиги.
Гавана синдроми бўлганига ҳам шубҳа билан қарайдиганлар бор. Улар Кубадаги ўзига хос вазият фикримизни тасдиқлайди дейишади.
"Юқумли" стресс
Лос-Анжелесдаги Калифорния университети профессори Роберт У. Балоҳ узоқ йиллардан бери сабаби тушунарсиз симптомларни ўрганиб келади. У Гавана синдроми ҳақида эшитганида улар оммавий психоген ҳолат деган хулосага келганди. У буни одамларга айниган овқатни еб қўйганликлари ҳақида айтилса, ҳатто ундай бўлмаганда ҳам, уларда кўнгил айниши кузатилишига ўхшатади. "Оммавий психоген касаллик кузатилса, одатда унинг тагида стрессли ҳолат бўлади, - дейди у. - Кубадаги элчихона ходимлари, айниқса, МРБ агентлари билан бўлган ҳодисада уларнинг бари стрессли вазиятда бўлган."
Унинг фикрича, бош ғовлаши, айланиши каби кундалик симптомларни азият чекканлар, ОАВ ва соғлиқни сақлаш ходимлари синдром сифатида талқин қилмоқда. "Бу симптомлар бошқа симптомлар каби реал", дейди у бу каби хабарларни эшитган одамлар, айниқса, ёпиқ жамоада ваҳимачи бўлиб қолишини таъкидлар экан. Бу эса АҚШнинг хориждаги расмийлари орасида юқумли ҳодисага айланган, деб ишонади у.

Сурат манбаси, Getty Images
Кўплаб тушунарсиз жиҳатлар қолмоқда. Нега Гаванада канадалик дипломатлар ҳам шу симптомларни ҳис қилганини айтмоқда? Яқин ўртадаги америкаликларга қилинган ҳужум уларга ҳам зарар берганми? Нега бирорта ҳам Британия расмийси бу каби ҳолатни кузатмади? "Руслар британ тупроғида радиоактив модда билан одам ўлдиришга уринди, нега ҳамон британияликлар орасида бундай ҳолат қайд этилмади? - деб сўрайди Марк Зайд. - Мен Британияда ҳеч ким бундай симптомни ҳис қилмагани ҳақида гапиришга шошмайман", дейди Билл Эванина. Унинг айтишича, АҚШ ҳозирда қайд қилинаётган ҳолатларни аниқлаш учун тафсилотларни иттифоқчилари билан бўлишмоқда.
Айрим мисоллар алоқасиз бўлиши мумкин. "Яқин Шарқда бир қанча ҳарбийларимиз шу каби симптомлар ҳақида хабар берган, аммо кейинчалик улар шунчаки, овқатдан заҳарланган бўлиб чиқди", дейди бир собиқ расмий. "Биз буғдойни арпадан ажратишимиз керак", дейди Марк Зайд. Унинг айтишича, унга айрим руҳий муаммоси бор одамлар мурожаат қилиб, ўзига микротўлқинлар ҳужум қилганини айтган. Бир собиқ расмий АҚШ хизматчилари томонидан хабар берилаётган ҳолатларнинг ярми душман ҳужуми натижаси бўлиши мумкин. Бошқалари эса реал рақамлар янада кичикроқ эканини айтишади.
АҚШ Фанлар Академияси 2020 йил декабрида чиқарган ҳисобот муҳим босқич бўлди. Экспертлар маълумотларни олимлар, шифокорлар ва саккиз нафар азият чеккан одамдан олган. "Жуда драматик эди, - деб эслайди Стэнфорд университетидан, гуруҳга етакчилик қилган профессор Дэвид Релман. - Бу одамларнинг айримлари ўзига кимдир зарар етказади деган хавотирда яширинган эди. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун айрим эҳтиёт чораларини кўришимизга тўғри келган." Гуруҳ психологик ва бошқа сабабларни текширди, ва йўналтирилган, катта кучланишли микротўлқинлар айрим ҳолатларда асосий сабабчи бўлиши мумкин, деган хулосага келди.

Гарчи тадқиқотни Давлат департаменти молиялаган бўлса ҳам, у чиқарилган хулосани тахминий деб ҳисоблайди ва расмийлар яна қўшимча далиллар лозимлигини айтмоқда.
Байден маъмурияти бу масалага жиддий қарашини айтмоқда. МРБ ва Давлат департаменти расмийларига шундай ҳолатлар қайд этилганда нима қилиш кераклиги ҳам айтилган (жумладан, ўзларига ҳужум бўляпти деб ҳис қилишса, ўша жойдан кетиш ҳам). Давлат департаменти "сабаби номаълум соғлиқ муаммолари" бўйича ишчи гуруҳини ташкил қилган. Қайд этилган ҳолатларни муайян мезонга мос келиш-келмаслигига кўра таснифлаш бўйича аввал белгиланган вазифа ҳам бекор қилинган. Аниқ таъриф бўлмаса, бу вазифани бажариш қийинлашади.
Бу йил янги ҳолатлар қайд этилди, жумладан, Берлин ва Венада. Августда вице президент Камала Ҳарриснинг Вьетнамга сафари уч соатга кечикди, сабаби Ханойдаги элчихонада яна шу каби ҳолат қайд этилган. Хавотирга тушган дипломатлар оилалари билан хорижга йўл олишдан аввал бу ҳақда сўрамоқда.
"Руслар разведка ходимларимиз сафар қилаётганда уларга қандайдир зарар етказишга уринаётгани ҳақида ўйласак, ишимизга халал беради, дейди МРБнинг собиқ мулозими Полемерополус. У ниҳоят бу йил ўзи хоҳлаётган тиббий ёрдамни олди. "Бу бизнинг ишчанлик қобилиятимизни заифлаштиради."
МРБ вазият бўйича ов бошлаган, унга эса Усома бин Лоденни овлаган ветеран раҳбарлик қилмоқда.
Қондаги маркерлар
Бошқа бир давлат АҚШ расмийларига зарар бериб келаётгани ҳақидаги айблов жиддий аҳамиятга эга. Бу жуда катта айблов бўлгани учун сиёсатдонлар аниқ далилларни талаб қилади, расмийлар эса ҳали бундай далил йўқлигини айтмоқда.
Беш йил ўтиб, айрим расмийлар Гавана синдроми чиққандан бери оз нарса маълум бўлганини айтмоқда. Бошқалар эса бунга қўшилмайди. Улар микротўлқинлар борасидаги далиллар тугал бўлмаса ҳам, етарли дейдилар. Би-би-сининг аниқлашича, маълумотлар тўпланиши ва изчил таҳлил қилиниши ортидан янги далиллар пайдо бўлмоқда. Бу йил қайд этилган айрим ҳолатларда қонда мияга зарар етказилганини кўрсатувчи маркерлар аниқланган. Бу маркерлар бир неча кунда йўқолади, аввалари уларни аниқлаш учун жуда кўп вақт кетиб қолган. Аммо ҳозир симптом аниқланганлар дарҳол текширилмоқда.
Баҳслар жуда қизғин, жавоблар ҳам содда эмас. Расмийлар технология ва мақсадлар вақт ўтиб ўзгарган бўлиши ва эҳтимол АҚШнинг оёғидан чалишга уринишаётган бўлиши мумкин дейди. Баъзилар қайсидир давлатлар бошқа бирининг ҳатти-ҳаракатларидан фойдаланмоқда деб ишонади. "Бизга содда ташхис ёқади, - дейди Релман. - Аммо бунга эришиш баъзида жуда оғир бўлади. Агар эриша олмасак, қўл силтаб кетишга шошмаслигимиз керак."
Гавана синдромининг сирлилиги унинг асл кучи бўлиши мумкин. Мубҳамлик ва қўрқув одамларнинг шубҳасини кучайтириб, жосуслар ва дипломатларнинг ишлашига халал бермоқда.
Иллюстрациялар Герри Фдетчерники
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

















