Афғонистон: Толибон коронавирус, қора моғорни нима қилмоқчи? Afg‘oniston koronavirus dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot
Толибон қудратга қайтган сўнгги ўн кун ичида Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти устма-уст баёнот билан чиқди. Афғонистонда коронавирус кучаяётганини айтди. Ташкилотнинг огоҳлиги ҳаракат янги ҳукумат тузиш устида "жиддий" иш олиб бораётган бир пайтга тўғри келди. Бунга толибларнинг муносабати ҳозирча маълум эмас.
Афғонистон жорий пайтда Қозоғистон ва Қирғизистон билан бирга минтақанинг коронавирус билан боғлиқ аҳвол энг ёмон Ўзбекистонга чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.
Мамлакатда илк коронавирус ҳолати ўтган йил февраль ойида расман қайд қилинган, ҳозирга келиб, ковидга чалинганлар сони 152 минг кишидан ортган, орада 7 мингдан зиёд ўлим ҳолати қайд қилинган.
Сўнгги ойларда Афғонистонда қора моғор тарқалаётгани ҳам расман ўзининг тасдиғини топган.
Коронавирусга текшириш ва текширтириш имкониятларининг ҳаминқадар экани боис эса, ҳақиқий рақамларнинг расмийсидан бир неча баробар юқори экани ҳам тахмин қилинади.
Толибоннинг қудратга келиши Афғонистонга ҳам Дельта штамми кириб келган ва мамлакат коронавируснинг ҳалокатли учинчи тўлқинини бошидан кечираётган бир манзарада амалга ошган.

Сурат манбаси, Getty Images
Толиблар ва афғон ҳукумати ўртасида қудрат учун кечган қақшатқич жанглар ўн минглаб одамни дарбадар қилган.
Афғонистон минтақанинг аҳолиси йирик давлатларидан бири бўлади.
Узоқ йиллик урушлар боис, мамлакат аҳолиси бу яқин ўн йилликларда расман рўйхатга олинмаган.
Аммо имконли бўлган очиқ манбаларда Афғонистон аҳолисининг сони 40 миллион атрофида, деб тахмин қилинади.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг билдиришича, айнан толибларнинг устма-уст ҳужумлари сабаб, Афғонистонда коронавирусга қарши аҳолини оммавий эмлаш ишлари тўхтаб қолган.
Сўнгги қуролли низолардан қочиб, катта сондаги қочқинлар тўпланган ва тўпланаётган жойларда эса, ковид белгиларини намоён этаётган одамларнинг сони ортган.
Толибоннинг, айниқса, ўтган икки ой ичида бутун Афғонистон бўйлаб шиддатлашган ҳужумлари натижасида мамлакатнинг шундоқ ҳам абгор бўлган соғлиқни сақлаш тизими қанчалик жиддий зиён кўргани ҳозирча маълум эмас.

Сурат манбаси, Getty Images
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти эса, дунё давлатларини Афғонистон соғлиқни сақлаш тизимини тутиб қолишга даъват этган.
Халқаро ташкилотга кўра, жорий пайтда мамлакатдаги тиббиёт муассасаларининг аксарияти фаолиятда.
Аммо толиблардан қўрқиб, айрим тиббиёт ходимлари ишга қайтмасликни маъқул кўришаётир.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти воизи минглаб одам Афғонистонни тарк этиш илинжида ўзини урган ва ураётган Кобул халқаро аэропортидаги бошбошдоқлик мамлакатга ўта зарур бўлган дори-дармонларни келтиришни ҳам қийинлаштираётганлигини айтган.
Ташкилотнинг минтақа бўйича юқори мартабали мулозимининг маълум қилишича, Афғонистонда бор-йўғи бир ҳафтага етадиган дори-дармон қолган.
Кобул халқаро аэропортидаги чекловлар боис, 500 тоннадан ортиқ тиббий жиҳоз ва дори-дармон ҳануз Дубайдалигича қолмоқда.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти уларни Афғонистонга келтириш учун эвакуация этилаётганлардан бўшаган самолётларни Бирлашган Араб Амирликларига йўналтиришга чақирмоқда.
Бир жойда минглаб одамнинг тўпланиб қолаётгани Афғонистонда пандемиянинг янги тўлқинини келтириб чиқариши мумкин, деган жиддий хавотирлар бор.

Сурат манбаси, Getty Images
Афғонистонни ҳозир Толибон бошқармоқда, мамлакатнинг амалдаги президенти улар Кобулга етиб келган куннинг ўзидаёқ, яъни 15 август куни мамлакатни тарк этган, ҳозир Бирлашган Араб Амирликларида.
Ашраф Ғани ўзининг Афғонистонга қайтишини билдирган, аммо ҳалича аниқ санасини очиқламаган.
Толибон янги ҳукумат тузиш устида "жиддий" иш олиб бораётганини айтаркан, худди шу манзарада мамлакатнинг вице-президенти вазифасини бажарувчиси ўзини муваққат президент, деб ҳам эълон қилган.
Орада Толибон Афғонистондаги барчани "афв этиши"ни маълум қилган, ҳукумат мулозимларини ўз иш ўринларига қайтишга даъват қилган.
Толибларнинг бу даъватига уларнинг муносабатлари ноаён қолган.
Ҳаракат ўзининг ҳам Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг устма-уст баёнотига бирор бир муносабат билдириб чиққани ҳалича кўрилмаган.
Толибон коронавирусга қарши курашиш режасини ҳам ҳозирча очиқламаган.
Имконли бўлган фотосуратлар ва видеолавҳаларда Толибон жангариларининг деярли ҳеч бирида юз ниқоблари кўрилмаган.
Аммо куни-кеча Афғонистонга қайтган сиёсий лидери амалий ташриф билан сўнгги ойларда минтақанинг қатор давлатларида экан, юз ниқобида кўриниш берган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













