Нега одамлар бир-бирига бунчалар шафқатсиз бўладилар?

Қизини ураётган она

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Саймон Маккарти-Жонс
    • Role, Клиник психология ва нейропсихология доценти

Теппа-тенг жавоб қайтара олмайдиган одамга азоб бериш қабул қилиб бўлмас шафқатсизлик бўлиб туюлиши мумкин, аммо бундай ҳолатлар ўйлаганимиздан ҳам кўпроқ содир бўлади.

Бизнинг BBC Future даги ҳамкасбларимиз The Conversation сайти билан ҳамкорликда "Ҳаётнинг муҳим саволлари" деган туркумни давом эттирмоқдалар. Навбатдаги саволни Лондондан Рут йўллаган:

Нега баъзи одамлар ўзларига хавф туғдирмайдиганларга, баъзан ҳатто ўз фарзандларига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлади? Бундай хатти-ҳаракатларнинг илдизи қаерда ва у қандай мақсадга хизмат қилади? - Рут, 45 ёш, Лондон.

Бу саволга Ирландиянинг Дублин шаҳридаги Тринити коллежи Клиник психология ва нейропсихология кафедраси ассистенти Саймон Маккарти-Жонс жавоб беради.

---

"Инсон беўхшов жонзот, зиддиятлар маркази, қандай даҳшат! У ҳамма нарса учун ҳакам - ва шу билан бирга - ер чувалчанги; ҳақиқатга гувоҳ - ва шу билан бирга - жаҳолат ва алданиш туйнуги; коинотнинг мағрурлиги - шу билан бирга - унинг сўнгги чиқиндиси", деб ёзган эди таниқли француз файласуфи ва математиги Блез Паскал 1658 йилда.

Паскалдан кейин кўп ўзгаришлар бўлмади. Биз севамиз, нафратланамиз, ёрдам берамиз, зарар етказамиз. Биз қўл узатамиз ва яна биз пичоқни орқадан санчамиз. Кимдир бунга жавобан ўзини ҳимоя қилганида, биз тушунамиз. Аммо кимдир мутлақо зарари тегмаётган одамни хафа қилганда, шундай савол берамиз: "Қандай қилиб шундай қилиш мумкин?!"

Одамлар одатда ўзларига ёқадиган ёки азоб-уқубатлардан қочиш учун бирор иш қилади. Бошқа одам калтакланганда кўпчилигимиз унинг оғриғини ҳис қиламиз. Ва бу туйғу ёқимли эмас.

Бундан шуни тахмин қилиш мумкинки, одамлар ҳимоясизларни азоблашининг икки сабаби бор: улар бошқаларнинг дардини ҳис қилмайди ёки ҳис қилса ҳам, бу уларга завқ беради.

Яна бир сабаб бор: кимдир ҳатто зарарсиз одамда ҳам ўзи учун яширин таҳдидни кўриши мумкин. Сизнинг танангиз ёки ҳамёнингизга хавф солмайдиган киши сизнинг ижтимоий мавқеингизга таҳдид солиши мумкин. Бу, масалан, ўзига молиявий ёрдам берадиганларга зарар етказадиганларнинг тушунарсиз ҳаракатларини тушунтиришга ёрдам беради.

Бугунги либерал жамиятларда бошқаларга азоб бериш орқали уларга зарар этказиш одати тарқалган. Бироқ баъзи файласуфлар бу фикрни рад этади. (Масалан, Фридрих Ницше ўзининг "Ёвуз донолик" китобида шундай ёзган: "Ҳиссиётсиз одамнинг шафқатсизлиги - ҳамдардлик антиподасидир; сезгир одамнинг шафқатсизлиги ҳамдардликнинг олий кучидир").

Аммо биз 21 асрда "раҳм-шафқат учун" шафқатсизликни тушуниб, қабул қила оламизми?

Садистлар ва психопатлар

Бировни хўрлаш, азоблашдан завқланадиган киши - садистдир. Садистлар бошқа одамнинг азобини бошқалардан кўра кўпроқ ҳис қилади ва бундан ўша азоб тугагунча завқ олади. Шундан сўнг улар ўзларини ёмон ҳис қилишлари мумкин.

Кўпчилик садист деса, қотиллар ва жаллодлар, қийноққа солувчиларни тушунади. Бироқ садизмнинг экстремал бўлмаган, аммо жуда кенг тарқалган тури - кундалик садизм мавжуд.

Кўпчилигимиз бировнинг жонини онгли равишда оғритишни истамаймиз. Бунинг асосий сабаби - бировнинг жароҳати оғриғини қисман ўзимизда ҳам ҳис қиламиз

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Кўпчилигимиз бировнинг жонини онгли равишда оғритишни истамаймиз. Бунинг асосий сабаби - бировнинг жароҳати оғриғини қисман ўзимизда ҳам ҳис қиламиз

Маиший садистлар бошқаларга азоб беришдан ёки бошқаларнинг азобланишини томоша қилишдан ҳузур қиладилар. Одатда улар зўравонлик акс этган фильмларни яхши кўради, жанжал уларнинг жон дили, қийноқларга қизиқади. Бундай одамлар кам бўлса да, уларни эътиборсиз қолдириш керак эмас. Сўралган талабаларнинг қарийб 6 фоизи бошқаларга озор беришдан завқланишини тан олди.

Кундалик садизм интернетда троллинг ёки синфдошига нисбатан безорилик кўринишида бўлиши мумкин. Кундалик садистлар шафқатсиз компьютер ўйинларини ўйнашга муккасидан кетган бўлади. Роль ўйнаш кўзда тутилган компьютер онлайн ўйинларда бундай одамлар ўзларига ҳеч қандай фойдаси бўлмаса ҳам, одатда зарар келтириб, турли ҳийла-найранглар қилиб, бошқаларнинг ўйинни бузиб ўтиради.

Садистлардан фарқли ўлароқ, психопатлар бошқаларга уларнинг азоб-уқубатидан завқ олиш учун (баъзида олиши ҳам мумкин) эмас, балки бирор нарсани ундириш учун азоб беради. Агар бошқасига азоб бериш мақсадга эришишга ёрдам берса, демак шундай қилади.

Психопатлар ачиниш, пушаймон бўлиш ёки қўрқувни камроқ ҳис қилгани учун бемалол азоблай олади. Улар бошқаларнинг ҳис-туйғуларини тушуниши мумкин, аммо бу уларга таъсир қилмайди.

Бу жуда хавфли хусусиятлар тўпламидир. Минг йиллар давомида инсоният ўзини хонакилаштирди. Натижада, кўпчилигимиз бошқа одамга зарар етказишга қийналамиз. Қийноққа солган ёки қотилларни ўз хотиралари безовта қилади. Шунга қарамай, инсоннинг психопатлиги унинг келгусида тайинли сабабсиз зўравонлик қилишини олдиндан кўришга имкон беради.

Айрим олимларнинг фикрича, садистлик нуқсининг бўлиши инсонларга бошқалар устидан устунликка интилиш, ҳокимият тепасига чиқишга ёрдам беради

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Айрим олимларнинг фикрича, садистлик нуқсининг бўлиши инсонларга бошқалар устидан устунликка интилиш, ҳокимият тепасига чиқишга ёрдам беради

Биз психопатга дуч келганимизда буни пайқашимиз керак. Буни одамнинг юзидаги ифодани кузатиш ёки у билан қисқа суҳбатлашиш орқали билиш мумкин.

Афсуски, психопатлар буни билади ва ўзини яширишга, сизда илк ижобий таассурот қолдиришга уринади.

Яхшиямки, кўпчилик одамлар психопатик характерли эмас. Фақат 0.5 фоиз одамларни психопатлар деб ҳисоблаш мумкин. Шу билан бирга, маҳбус эркаклар орасида унақалар тахминан 8 фоиз ва аёллар орасида 2 фоиз бор.

Аммо ҳамма психопатлар ҳам хавфли эмас. Антисоциал психопатлар гиёҳванд моддалар ёки хавфли фаолиятдан завқ олиши мумкин. Просоциал психопатлар эса янги ғояларни қувишдан завқланиб, жамият манфаатлари учун ҳаракат қилиши мумкин.

Ихтиро ва инновациялар жамиятимизни ўзгартиргани каби, просоциал психопатлар ҳам барчамиз учун дунёни ўзгартириши мумкин. Ҳам яхши, ҳам ёмон томонга.

Бу тур характерлар қаердан келади?

Ҳеч ким нима учун баъзи одамлар садист эканини билмайди. Баъзилар садизм ўтмишда ов пайтида ҳайвонларни ўлдириш заруратига жавоб сифатида ривожланган деб ҳисоблайди. Бошқалар, у одамларга таъсир ўтказиш ва ҳокимиятга эга чиқишга ёрдам беради деб ҳисоблайди. Неврология садизм оғир вақтларда яшаб қолиш тактикаси бўлиши мумкин деб ҳисоблайди.

Айрим овқатлар етишмаса, танамизда "бахт гормони" бўлган нейромедиатор серотонин даражаси пасаяди. Бу бизни бошқаларга зарар этказишга мойил қилади, чунки бу янада ёқимли бўлиб қолади.

Садизмнинг "юмшоқ" кўриниши ҳам мавжуд. Бунда кимнингдир қийналган аҳволини кўриб завқ оладиганлар бор

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Садизмнинг "юмшоқ" кўриниши ҳам мавжуд. Бунда кимнингдир қийналган аҳволини кўриб завқ оладиганлар бор

Психопатия ҳам мослашиш натижаси бўлиши мумкин. Бир нечта тадқиқотлар психопатиянинг юқори кўрсаткичларини юқори фертиллик билан боғлайди (гарчи бунинг акси топилган бўлса ҳам). Бунинг сабаби психопатлар агрессивлик билан репродуктив афзалликка эга бўлади.

Дарҳақиқат, психопатия шавқатсиз рақобатли беқарор дунёда кучаяди. Психопатларнинг қобилиятлари уларни моҳир манипуляторларга айлантиради. Импульсивлик ва қўрқувнинг этишмаслиги уларга таваккал қилишга ва қисқа муддатли мақсадларга эришишга ёрдам беради.

Психопатиянинг замонавий дунёда ривожланиши унинг ижод билан алоқаси ёрдамида изоҳланиши мумкин.

Математик физиканинг назарий ютуқларини анъанавий иқтисодиётга татбиқ этган математик ва иқтисодчи Эрик Вайнштейн, умуман олганда, қийин характерли одамлар тараққиёт двигателидир дейди.

Бироқ муҳит ижодий фикрлаш учун қулай бўлса, психопатларнинг афзалликлари камроқ намоён бўлади.

Садизм ва психопатия одатда характернинг бошқа хусусиятлари - нарцисизм ва макиавеллизм билан чамбарчас боғлиқдир. Инсон шахсиятининг ушбу жиҳатлари D-фактор - "қоронғи учлик" деб аталадиган умумий хусусиятга эга.

Ушбу хусусиятларнинг бўлишида ирсий компонент ўртача ёки кучли роль ўйнаши мумкин. Баъзи одамлар шу тарзда туғилиши мумкин. Ёки D-фактор даражаси юқори бўлган ота-оналар оилада қўпол муносабатда бўлиш орқали бу хусусиятларни фарзандларига ўтказиши мумкин.

Бошқаларнинг ўзини тутишини кузатиш қандай қилиб бизга ўзни тутишни ўргатиши мумкин? Шундай қилиб, зўравонликка қарши курашда ҳар биримизнинг ўрнимиз бор.

Қўрқув ва ноинсонийлашиш

Бошқа одамларни ноинсонлаштириш - уларни инсон сифатида кўрмаслик, уларни инсоний фазилатларидан маҳрум деб билиш уларга нисбатан шавқатсизлик қилишни қулайлаштиради, деб тез-тез такрорлайдилар. Потенциал қурбонларни итлар, сувараклар, қўнғизлар деб номлайдилар, шунинг учун кейинчалик уларга азоб бериш, уларга зарар етказиш осонроқ бўлади.

Бу гапларда мантиқ бор. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кимдир ижтимоий меъёрларни бузса, бизнинг онгимизда улар чала инсон сифатида гавдаланади. Бу эса бизга меъёрларни бузганларни жазолашни қулайлаштиради.

Албатта, агар биз бировни инсон сифатида кўрсак, унга зарар етказмаймиз деб ўйлаш ёқимли. Аммо бу хавфли адашиш.

Психолог Пол Блюм бизнинг энг шафқатсиз ҳаракатларимиз бошқаларни ноинсонлаштиришимизга асосланмайди, деб ҳисоблайди. Одамлар бошқаларга шунинг учун зарар етказиши мумкинки, чунки улар ўша бошқаларни оғриқ ва таҳқирланишни истамайдиган инсон деб билади.

Холокост пайти нацистлар концентрация жамлоқларида миллионлаб инсонни ўлдирганлар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Холокост пайти нацистлар концентрация жамлоқларида миллионлаб инсонни ўлдирганлар

Масалан, нацистлар яҳудийларни ноинсонлаштириб, уларни паразит деб атаб, уларни қуйи ва паст ирқ деб таснифладилар. Бироқ яҳудийларни азобланиши мумкин бўлган тирик инсонлар сифатида кўрганлари учун хўрлаганлар, қийноққа солганлар ва ўлдирганлар.

Мурувватпешани камситиш

Баъзида одамлар ҳатто ўзларига ёрдам берадиганларга ҳам моддий зарар этказишади, гарчи бундай ҳаракатлар бир қарашда ҳеч қандай маънога эга бўлмаса ҳам. Сизга яхшилик қилган кишига нима учун зарар бериш керак?

"Мурувватпешани камситиш" ёки "раҳм қилувчи қадрини пасайтириш" деб таржима қилиш мумкин бўлган феномен бутун дунёда учрайди.

Бу феномен мавжуд, чунки биз ҳукмронликка қарши туришга мойилмиз, у қандай кўринишда бўлса ҳам - "хўжайин қўлидан" ёрдамми ёки БМТ минбаридаги "ҳар нарсани билувчи"данми, фарқи йўқ.

Энг яхши яхшининг душмани, дейди Вольтер. Бундан ташқари, саҳоватлини камситишнинг бир яширин ижобий томони бор. Саҳоватлини қулатганимиздан кейин, биз унинг гапларини тинглашимиз мумкин.

Масалан, бир тадқиқот шуни кўрсатдики, одамларга вегетарианларни ёқтирмаслигини айтишга рухсат берилса, улар - қанчалик ғалати кўринмасин - гўштни истеъмол қилишни камроқ қўллаб-қувватлар экан.

Хушхабарчини отиш, хочга михлаш ёки шунчаки қаттиқ танқид қилиш, охир-оқибат унинг сўзларини тингловчилар ва қўллаб-қувватловчилар сонини орттиради.

Яхшилик учун шафқатсизлик

"Қамчи остида" (Whiplash) филмида жаз ансамбли раҳбари барабанчи шогирдига яхшироқ барабан чалиши учун шавқатсиз муносабатда бўлади. Психологик стресс орқали у шогирди истеъдодни очишга, ҳақиқий буюкликка эришиш имкониятини беришга ҳаракат қилади.

Бундай тактикалар одамга ёқмаслиги мумкин. Бироқ немис файласуфи Фридрих Ницше биз бундай шафқатсизликни керагидан ортиқ ёқтирмаймиз деб ҳисоблар эди.

Инсоният тарихи яхшилик келтирганларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизлик мисолларига тўла

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Инсоният тарихи яхшилик қилганларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизлик мисолларига тўла

Ницше нуқтаи назаридан қаралса, ўқитувчи ўқувчига унинг фойдаси учун шафқатсизлик қилади. Инсон ўзи хоҳлаган одамга айланиш учун ўзига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиши ҳам мумкин.

Ницше шафқатсизликни бошдан кечириш жасорат, матонат, қатъиятлилик ва ижодий қобилиятни ривожлантиришга ёрдам беради деб ишонган.

Биз азоб чекиш орқали ўзимизда ва бошқаларда яхши фазилатларни ривожлантиришга тайёрланамиз?

Эҳтимол, ундай эмас. Биз бошқаларга қилинган жисмоний ва руҳий шавқатсизликлар оқибати қандай бўлганини биламиз ва ўзимизга шафқат билан муносабатда бўлишнинг афзалликларини тобора кўпроқ англамоқдамиз.

Ривожланиш учун азоб чекишимиз керак деган фикрнинг ўзи ҳам тобора кўпроқ саволларни туғдирмоқда. Ҳаётдаги ижобий воқеалар - севиб қолиш, фарзанд кўриш, эзгу мақсадга эришиш ҳам шахсий ривожланишга олиб келиши мумкин.

Шафқатсизлик орқали ўрганиш ҳокимиятни суиистеъмол қилишни ва худбин садизмни келтириб чиқаради.

Буддизм муқобил вариантни таклиф қилади - раҳм-шафқатнинг ғазабли намойиши. Буддистлар ҳақиқий меҳр-оқибат бир қарашда қарама-қарши шакл олиши, ғазабга ўхшаши мумкин, лекин аслида у ғазаб бўлмайди (масалан, ғазабланган худонинг раҳм шавқати). Ва кейин биз бошқалар билан юзма юз келамиз, уларни севги номи билан ўзларининг очкўзликлари, нафратлари ва қўрқувларидан ҳимоя қиламиз.

Ҳаёт шафқатсиз, ҳақиқат шафқатсиз бўлиши мумкин. Аммо биз ўзимиз шафқатсиз бўлмаслигимиз мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek