Танлов сўқирлиги нима? Унинг руҳшунослик ва сиёсатга таъсирини биламизми? Илм-фан, психология, сиёсат

- Author, Дэвид Эдмондс
- Role, BBC World Service

Икки нарсадан бирини, дейлик, икки чеҳра ёки сиёсатчидан бирини танлашни сўрасалар, сиз нима учун "Б"ни эмас, "А"ни таналаганимни биламан деб ўйлашингиз мумкин. Чинданми? Швед психологи билмайсиз дейди.
Сизга икки суратни - икки аёлнинг ёки икки эркакнинг суратини кўрсатишди ва қай бири чиройлироқ эканини белгилашни сўрашди. Бунисини бажариш жуда осон. Аммо сўнг сиздан танловингизни изоҳлаб беришингизни сўрашди.
Буниси эса осон эмас. Бу сизни ўйлашга мажбур қилади. Сизга танлаганингиз суратдаги аёлнинг нимаси ёқди? Балки унинг кўзлари сизни ўзига жалб қилгандир? Ёки сочлари? Танлаганингиз эркак сурати ҳақида нима дейсиз? Балки сизга унинг кучли жағ тузилиши ёққандир ёки бир текис тишлари?
Бир одамни бошқасидан кўра жозибалироқ деб ҳисоблашингизга сабаб шуларми? Профессор Петтер Йоҳанссоннинг тадқиқоти ҳақида эшитсангиз, бунга ўзингиз шубҳа қила бошлашингиз мумкин.

Швед экспериментал психологи Петтер Йоҳанссон кўзбойлағичликни яхши кўради. У бу иш бўйича махсус таҳсил кўрмаган, аммо ўзи мустақил баъзи асосий қўл ҳаракатлари техникасини ўрганган. Кўзбойлағичлар анча аввалдан "ўзгариш сўқирлиги" деган ҳодисани билишади. Кўзбойлағич сизни чалғитади да, қартани ўзгартириб қўяди, дейлик, қирол қарғани ғишт қиролга алмаштириб қўяди, сиз эса нима бўлганини сезмайсиз.
Йоҳанссоннинг ибтидоий кўзбойлағичлик маҳорати унинг тадқиқотларида асқатди. Бир неча йил аввал у ва унинг ҳамкасблари ўзгариш сўқирлигини эмас, "танлов сўқирлиги"ни ҳам текшириб кўрдилар.
Қандай бўлганини изоҳлаб бераман: бошланғич тажрибасида Петтер Йоҳанссон иштирокчиларга одамлар юзи тасвирланган иккитадан суратни кўрсатди. Иштирокчиларнинг вазифаси оддий эди - чиройлироқ чеҳрани танлаб бериш. Сўнг танланган сурат уларнинг қўлига берилиб, улардан нега айнан шуниси ёққанини тушунтириб бериш сўралди. Аммо Йоҳанссон суратларни уларнинг ўзларига билдирмай алмаштириб қўйган эди. Уларнинг қўлидаги сурат ўзлари танламаган аёл ёки эркакнинг сурати эди.

Буни ҳар ким сезиб қолади деб ўйлашингиз мумкин. Агар шундай бўлса, адашдингиз. Қизиғи, ҳар тўрт иштирокчидан атиги биттаси сурат алмашиб қолганини сезган. Қайтараман, суратларда турли одамлар бўлган ва улар сезиларли даражада бир бирига ўхшамаган эди. Улардан бири қўнғирсоч, қўлоғида зираги бўлиши, бошқаси эса сариқсоч, қўлоғида зирак бўлмаслиги мумкин.
Сурат алмаштириб қўйилгач, бундан бехабар иштирокчилар аслида ўзлари танламаган чеҳраларни нега "танлаганликларини" тушунтириб беришди. "Улардан нега буни танлаганини сўраганимда, - дейди Петтер Йоҳанссон, - улар бу чеҳра нимаси билан ўзига тортганини тушунтиришга тушиб кетдилар, ваҳоланки, бир неча сония аввал улар бошқа суратни танлаган эдилар."
Йоҳанссон уларга аслида нима иш қилганини айтганида, иштирокчилар ҳайрон бўлишди, айримлари ишонмади ҳам. Энг қизиқ ҳолат - одамлар ўзлари танлаган суратда йўқ бўлган нарсани алдаб берилган суратдаги нимагадир кўпроқ диққат қаратиш орқали ўз "танловларини" оқлашган. "Масалан, агар сиз "Менга унинг зираги ёқди, шунинг учун буни танладим" десангиз, ҳақиқатда танланган биринчи суратда зирак аслида бўлмаган. Ва бундан хулоса қилиш мумкинки, уларни ўша суратни танлашига нима сабаб бўлганда ҳам, у зирак бўлмагани аниқ."
Бундан қандай хулоса қилиш мумкин? Бундан шу нарса маълум бўляптики, биз бирор нарсани танласак, нима учун танлаганимизни ўзимиз аниқ тушунмаймиз. Биз ўз мотив ва сабабларимизни бошқаларга изоҳлаганимиз каби ўзимизга ўзимиз ҳам изоҳлашимизга тўғри келади. Бизнинг ўз руҳиятимизни кўриш учун қўллайдиганимиз ойна жуда хирадир.

Нима учун бир чеҳрани бошқасидан чиройлироқ деб ишонасиз? Бу у қадар жўн масала эмас. Жинсий қизиқиш ҳам роль ўйнайди - инсоннинг тур сифатидаги яшаб қолиши шунга боғлиқ. Аммо Петтер Йоҳанссон ўз маҳоратини бошқа бир салмоқдор танловни - сиёсий танловни ўрганиш учун ҳам қўллаб кўрди.
Бир тадқиқотда у швед иштирокчилардан сиёсий масалалардаги, масалан, автомобил ёқилғисига солиқни ошириш керакми йўқми, соғлиқни сақлашга ажратиладиган маблағни қисқартиш керакми йўқми каби масалалардаги мавқелари ҳақида ўнлаб саволларга жавоб олди. Бу мавзулар швед сўлчи ва ўнгчи партияларини ажратадиган масалалардир. Уларнинг жавоблари яна ўзларига қайтариб берилди, тахмин қилганингиздай, ҳақиқийси эмас. Сўлчиларга ўнгчироқ мазмундаги жавоблар, ўнгчиларга эса сўлчироқ мазмундаги жавоблар кўрсатилди. Сўнг улардан ўз "танлов"ларини асослаш сўралди.
Яна аксар иштирокчилар жавоблар ўзгариб қолганини сезмади. Бир дақиқа аввал ёқилғи учун солиқни кўтаришни белгилаган одам ҳозир нима учун уни ошириш керак эмаслигига ишонишини тушунтириб ўтирарди. Уларнинг тушунтиришларида маъно бор эди. "Улар тахминан шундай дейишарди 'Хўш, аҳолининг катта шаҳарлардан ташқарида яшаши тўғри эмас, чунки улар кўпроқ автомобил минишларига тўғри келади.'" Уларнинг бундай асослашларида ҳеч қандай ғалати нарса йўқ, бир неча дақиқа аввал улар бу гапларни айтмаган бўлишини ҳисобга олмасак, албатта.

Ҳа, биз ўз танлов ва мотивларимиз борасида билимимиз йўқ. Хўш, нима бўлибди? Бу тадқиқот биз учун нимани англатади?
Эҳтимол асосий нуқта шу - ўз фикрини ўзгартирган одамларга нисбатан толерант муносабатда бўлишимиз керак. Ноизчилликка нисбатан жуда сезгирмиз - бу итальян таомини ёки ҳинд таомини ёқтирадиган дўстимизнинг фикри ўзгариб қолишидаги ёки ўтмишда бошқа бир сиёсатни маъқуллаб, ҳозир бошқасини маъқуллаётган сиёсатчидаги ноизчилликми, фарқи йўқ. Башарти, биз кўп ҳолларда бирор нарсани нима учун танлашимизни аниқ тиниқ билмас эканмиз, демак танловни ўзгартиришда ҳам бир қадар эркин бўлишимиз керак.
Шунингдек бу тадқиқотнинг ҳозирги замонимиз - маданий ва сиёсий қутбланиш кучайган бир вақтда ўзимизга қандай йўл топиб юришимиз борасида ҳам аҳамияти бор. Сўлчи ёки ўнгчи партияни қўллайдиганлар ўша партиянинг мафкурасига садоқатли деб ишонишимиз табиий. Уларни эркин бозорга ёки, аксинча, давлат ролини оширишга ишонади деб ўйлаймиз. Аммо Петтер Йоҳанссоннинг тадқиқоти кўрсатадики, бизнинг садоқатимиз муайян сиёсатга эмас, алмаштириб қўйиш орқали ҳар қандай сиёсатни маъқуллашга кўндиришлари мумкин. "Биз аслида ёрлиқни ёки гуруҳни қўллаймиз."
Яъни биз Трампни ёки Байденни дастакловчилар улар илгари сураётган сиёсатни маъқуллашига керагидан ортиқ эътибор берамиз. Аксинча, кимдир Трампнинг жамоаси ёки Байденнинг жамоасидан холос. Бунинг ёрқин мисоли АҚШдаги сайловлардир. Республикачилар тарихан эркин савдо тарафдори бўлган, Трамп протекционистик сиёсатни бошлагач, аксар республикачилар уни қўллади, ўзгаришни пайқамасдан ҳатто.

Сурат манбаси, Reuters
2016 йилги Доналд Трамп ва Ҳиллари Клинтон ўртасидаги қизғин кечган рақобат - охирги президентлик сайловидан аввал проф. Йоҳанссон бошқа бир тажрибани ўтказганди. У сайловчилардан ўзлари дастаклайдиган номзоддаги сифатлар, тажриба ва ҳк.лар рейтингини белгилашни сўраганди. Сўнг уларнинг жавоблари улар ёмон кўрадиган номзодлар рейтинги баландроқ кўрсатилган жавобларга ўзгартириб қўйилди. Иш берди. Одамлар бу икки номзод масаласида кенгроқ қарашини асослашга ҳаракат қила бошлади.
Эътиборли жиҳати, бу техника узоқ муддатли таъсир ўтказадиган бўлиб чиқди. Одамни ёрқин соч қўнғирранг сочдан чиройлироқ деб алданг, у кейинчалик икки ҳил чеҳра кўрсатилганда буни тасдиқлайди. Сиёсий қарашлар билан ҳам шундай. Иштирокчиларнинг сиёсий танловларини алмаштириб қўйиш орқали Петтер Йоҳанссон уларнинг фикрларини бир неча ҳафта ўтиб яна текширди. Ўзларининг янги танловларини асослаш учун афтидан "улар ўз гапларига ўзлари ишониб қолган кўринади."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















