АЭС, мигрантлар ва газ: Россия Ўзбекистонга ёрдам қилмоқчими ё босим? Янги хавотирлар

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир путин

Сурат манбаси, Rasmiy

Россия Президенти Путиннинг Тошкентга ташрифи доирасида шу ёзда Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияси қурилиши бошланиши эълон қилинди, ўзбекистонлик фаоллар эса Қозоғистон АЭС масаласини халқ референдумига олиб чиқишга қарор қилган вақтда нега Ўзбекистондаги АЭС лойиҳаси тафсилоти жамоатчиликка ошкор этилмади, демоқдалар.

Хабарларга кўра, Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли четида кам қувватли АЭС қуришга келишилган.

Алоқадор мавзулар:

АЭС 330 МВт қувватли, ҳар бири 55 МВт электр энергияси ишлаб чиқарадиган олти реактор ўрнатилиши келишилгани, россиялик мутахассислар шу ёздаёқ қурилишни бошлашлари хабар қилинди.

Ўзбекистон Россия билан 11 миллиард долларлик АЭС қуришга 2018 йили келишган, Путиннинг 19 октябрдаги Ўзбекистонда расмий визити пайти расман лойиҳа бошлаб берилган эди.

Кушербаевдан иқтибос

Сурат манбаси, .

Ўшанда "Росатом" раҳбари Алексей Лихачёв АЭС қурилиши 2020 йили Тузкон кўлида бошланишини хабар қилган эди.

Аммо томонлар шартноманинг оммага эълон қилинмаган жиҳатлари бўйича бир келишувга эришолмадилар.

Шунингдек, ушбу режага Ўзбекистон жамоатчилиги ва экспертлар қаттиқ қаршилик кўрсатиб келадилар.

Сўнгги хабар ортидан ўзбекистонлик таниқли блоггерлар ҳукуматдан ҳисобдорлик талаб қилдилар.

"Ўзатом"нинг маълум қилишича, Россиянинг "Росатом" бош пудратчилигида шу йил ёзида Жиззахда кам қувватли АЭС қурилиши бошланади.

Станция учун танланган майдонда текширув ишлари ўтказиб бўлинган, жойнинг мақсадга мувофиқлиги ва хавфсизлиги тасдиқланган.

Ўзбекистон келажаги, экологик хавфсизлиги борасидаги ушбу жиддий қадамга киришишда жамоатчилик фикри қанчалик инобатга олингани номаълум.

Нима бўлгандаям ушбу АЭС келажакда кимларнингдир қўлида Ўзбекистонга босим ўтказиш ва шантаж воситасига айланиб қолмаса бўлди. Хавотиримиз шунда", деб ёзди собиқ парламент депутати Расул Кушербаев ўзининг Телеграм каналида.

"Йўқ, йўқ ва яна йўқ! Ўзбекистонда АЭС қурилмаслиги керак, ҳар бир соғлом ақл эгаси, Ўзбекистонни ватаним деган ҳар бир ўзбекистонлик бу қандай кулфатлар яратишини англаб, тушуниб, ҳис қилиб турипти.АЭС бу сиёсий хатар. Давлат мустақиллигини сўроқ остида қолдиради.АЭС бу иқтисодий хатар. АЭС бу ижтимоий хатар. АЭС бу экологик хатар. Ёлғон гапириладиган маконда, ҳукумат халққа ҳисобдор бўлмаган юртда АЭС қурилмаслиги керак. Қайси ақл дунёни ядровий шантаж билан қўрқитаётганларга, ўзлари қурган иккита АЭСни босиб олганларга АЭС қурилишини ишониб топшириши мумкин? Бугун бор, эртага йўқ қанақадир Султоновлар, қанақадир Мирзамаҳмудовлар, қанақадир Аҳмедходжаевлар АЭС қуриб тажриба ўтказишмоқчи бўлишса, марҳамат, бунинг учун Ўзбекистондан бошқа макон танлашсин. Мен рози эмасман, рози бўлмайман. Бизнинг Ўзбекистондан бошқа захира ватанимиз йўқ!", деб ёзди bakiroo.

"Масалан, уни қуриш учун неча пул ҳукуматимиз беради? Бошқа молиявий манбалар, жумладан, давлат қарзи ҳисобидан молиялаштириладими ва, энг асосийси, давлат қураётган бўлса, бу нарса ўзбекистонликларга қанчага тушади? Барча давлат ва нодавлат молиявий манбалардан ишлатилиши кўзда тутилган суммалар тўлиқ ва мутлақ очиқланиши керак. Бу фискал талаб қомусимизда ҳам белгиланган. Бундан тўрт йил олдин ҳозирги энергетика вазири билан қилган суҳбатимизда бу саволни сўраган эдим, лекин бу „сир" бўлгани учун, айтмаган эдилар. Менда бу рақамлар очиқланмаслигига фалсафий маънодагина эмас, балки конституциявий маънода ҳам эътирозим бор. Сир ёки „тижорий сир" жуда бир тор маънода ишлатиладиган нарса — фуқаровий лойиҳалар учун давлат пулининг харажати, табиийки, сир бўлиши нотўғри", деб ёзди ўзининг Телеграм каналида иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов.

"Ёзда қурилиши бошланаркан. Хўп, АЭС керакдир, лекин нега "кам қувватли АЭС" — шунча овора бўлиб қурганга яраша у-бу кам-кўстимизни тўлдирадигани қурилмайдими, эй ЎзАтом? Нега Россия билан қуриш керак буни, нега бир очиқ танлови, тендери йўқ, эй Энергетика вазирлиги? ЎзАтом нега ўз хабарида бунинг нархини, қайси пулга қурилишини эълон қилмайди? Нега айнан Жиззахда қурилади, қурилиш нега ёздаёқ бошланади, нега айнан Россия билан, нега айнан кам қувватли АЭС — тегишли вазирлик ва идоралар бу жиҳатларни халққа тушунтирмайдими? Ўзбекистонда Россия АЭСи қурилмасин! Бир ўзбекистонлик сифатида ман бу лойиҳага тўлиқ қаршиман!", деб ёзди журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.

Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларнозик масала

Россия Президенти Владимир Путин билан музокаралардан кейин гапирган Президент Шавкат Мирзиёев меҳнат муҳожирлари масаласини муҳокама этганларини айтди.

"Биз меҳнат миграцияси каби нозик масалага алоҳида эътибор қаратдик, тизимли ҳамкорликни ташкил этиш, самарали механизмларни жорий этиш муҳимлигини таъкидладик. Биз бу масалаларга жиддий тўхталдик. Владимир Владимирович ушбу нозик масала бўйича таклифларимни қўллаб-қувватлаганидан жуда мамнунман. Ўйлайманки, биз ҳали бу масалада ҳар икки томондан зарурий тартибни йўлга қўямиз", дея Мирзиёевдан иқтибос келтирди Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги.

"Россия ҳукумати биз билан ишлаётган Ўзбекистон фуқароларига муносиб меҳнат шароитлари ва ижтимоий ҳимояни таъминлаш учун барча зарур ишларни қилаяпти ва қилади", деган Президент Путин.

Ҳозирги пайтда Россияда камида бир миллиондан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлигида, деб кўрилади.

Шу йил март ойида Москва яқинидаги Крокус Сити Ҳолл савдо марказига ҳалокатли қуролли ҳужумларда Россия расмийлари тожикистонлик меҳнат муҳожирларини айблаб ҳибсга олдилар, бунинг ортидан нолегал мигрантларни қўлга олиш, ватанига депортация қилиш, таҳдид ва пўписалар кучайди.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳам ўзларига нисбатан босимлар кучайиб, Россияда "ишлаб бўлмай қолгани"ни айтмоқдалар.

Май бошида Президент Мирзиёев 2024 йил бошидан буён Россиядан 115 минг атрофида мигрант ватанига қайтганини айтди ва йил охиригача 250-300 минг фуқаро Россиядан қайтиши кутилмоқда, деди.

Президент Мирзиёев жойлардаги расмийларга Россиядан қайтган мигрантларга иш топиш ва уларнинг ижтимоий масалаларини ечишда кўмаклашишга чақирди.

Россиядан 11 миллиард куб метр газ

Президент Путиннинг Тошкентга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистонга газ экспортини ошириш ҳам муҳокама қилинган.

2023 йил 7 октябридан Ўзбекистон Россиядан газ импорт қилишни бошлади.

Йилига 2,8 млрд куб метр табиий газ бўйича битим тузилган.

Аммо 2025 йилдан Ўзбекистонга Россиядан газ импортини 11 млрд куб метрга етказиш режалаштирилаётгани хабар қилинди.

"Экспорт жадвалдагидан ҳам олдинда бормоқда ва агар эҳтиёж бўлса, биз ҳажмини оширишга тайёрмиз", деган Президент Путин.

Президент Мирзиёев сўзларига кўра, Ўзбекистон Россиядан нефть импортини оширишни ҳам истайди.

Ўзбекистон расмийлари Россиядан электр энергияси импорти масаласи ҳам муҳокамада эканини хабар қилдилар.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002