Ўзбекистон: Нега 101 йиллик "Муштум" ёпилар даражага келди?

"Муштум" журналининг Телеграмдаги канали

Сурат манбаси, Telegram/"Муштум" журнали расмий канали

Ўзбекистоннинг кекса ҳажвий журнали "Муштум" ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиши ҳақида хабар қилди.

"Иқтисодий қийинчиликлар сабабли "Муштум" журнали ва унинг барча ижтимоий тармоқлари вақтинча тўхтатилади", деб эълон берди у ўзининг Телеграм каналида.

Алоқадор мавзулар:

Кўплаб Ўзбек ва Рус тилидаги веб нашрлар бу ҳақда хабар тарқатдилар.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари атоқли Ўзбек адиби Абдулла Қодирий асос солган журнал Қодирий отилганда ҳам ёпилмагани ҳақида ҳақида ёздилар, 100 ёшга кириб ўлгани ҳақида таъзиялар изҳор қилинди.

Етти ходими қолган "Муштум" бобо

"Муштум"нинг илк сони 1923 йил 18 февралида нашрдан чиққан, ўтган йили журнал 100 йиллигини қаршилади.

"Муштум"нинг 1990 йилдаги карикатураси

Сурат манбаси, Telegram/"Муштум" журнали расмий канали

Сурат тагсўзи, "Муштум"нинг 1990 йилдаги карикатураси

Журнал Бош муҳаррири Носиржон Тошматовнинг айтишича, "Муштум" ташкил этилганидан буён фақат икки марта нашрдан тўхтаб қолган: 1941-45 йилларда уруш туфайли ва 2020 йили коронавирус пандемияси пайти.

Кўпчилик "Муштум"нинг Тошкент рамзларидан ҳисобланган машҳур баланд "журнал корпуси" биносида "Шарқ юлдузи", "Гулистон", "Саодат" ва бошқа журналлар таҳририятлари билан бирга жойлашган замонларини яхши эслайди.

1970-1980 йилларда журнал таҳририятида 72 киши ишлаган, ҳар ойда журналнинг икки сони босмадан чиққан, адади 1,5 миллион донага етган.

Ўзбекистон мустақиллигидан кейин "Муштум"нинг таъсисчиси "Шарқ" матбаа концерни бўлди.

Бу йилларда мамлакатдаги ҳамма босма нашрлар иқтисодий қийинчиликларга дуч келдилар, "Муштум" тиражи ҳам пасайиб кетди.

2019 йили "Муштум" ижодий уйи" масъулияти чекланган жамияти" ташкил этилди, таҳририятнинг пойтахт марказидан Бектемир туманидаги бинога кўчишига тўғри келди.

"Муштум"нинг 2023 йилдаги карикатураси

Сурат манбаси, Telegram/"Муштум" журнали расмий канали

Ҳозир "Муштум" таҳририятда етти ходим ишлайди.

Орада саҳифасини 16 тага тушириб чоп қилинган вақтлар ҳам бўлди.

"Аммо яна эски 24 саҳифага қайтаришнинг уддасидан чиқдик", деди Бош муҳаррир Носиржон Тошматов Би-би-сига.

Охирги йилларда "Муштум" журнали 5000 дона нашр этиб келинаяпти.

"Ҳозир газета-журнал ўқийдиган замонми?"

"Муштум"нинг 1990 йилдаги карикатураси

Сурат манбаси, Telegram/"Муштум" журнали расмий канали

Сурат тагсўзи, "Муштум" журналида 1990 йили босилган карикатура

Шафқатсиз бозор шароитида газета ва журнал ҳам товар ҳисобланади, харидоринг бўлса, даромад топасан, товарингни сотолмасанг, касодга учрайсан.

1980 йиллар охирларида Ўзбек халқи ва Ўзбекистоннинг дардини матбуотга олиб чиққани учун адади 1 миллионга етган "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасининг ҳам шафқатсиз бозор билан юзма-юз келишига тўғри келди, бугунга келиб машҳур "адабиёт-санъат" ҳам ёпилиб кетди.

1980 йилларда камида беш газета ва тўртта журналга йиллик обуна бўлган хонадонларнинг оилавий даромадлари кескин тушиб кетди, газета-журнал сотиб оладиган пулимга "уйга нон олганим афзал" дейдиган бўлдилар.

Ҳали 1990 йилларда уддабурон, тадбиркор бош муҳаррирлар кроссворду-пул ютуқлари билан газета-журналини кўп сонда сотиш, таҳририятнинг ҳам, таҳририят ходимларининг ҳам моддий аҳволини ўнглашнинг уддасидан чиқолдилар.

Машҳур қўшиқчи, актёр ёки спортчининг янги кийими, кимга уйлангани муҳокамасига ихтисослашган "сариқ матбуот" ҳам пайдо бўлди, улар "Муштум" ёки "Ўзбекистон адабиёти ва санъати"дан кўпроқ даромад топа бошладилар.

"Муштум"нинг 2024 йилдаги карикатураси

Сурат манбаси, Telegram/"Муштум" журнали расмий канали

Бунда мамлакатда ўз-ўзини цензура кучайгани, муаммоларни матбуотда ёритиб бўлмай қолгани таъсирини ҳам айтиб ўтиш керак.

Зиёли инсонлар юксак минбарлардан мунтазам такрорланиб туришига қарамасдан, одоб-ахлоқ, маънавиятнинг қадри қолмаганидан ёзғирдилар, "нега фақат пул, даромад ҳақида ўйлайсиз?" деб кимнидир тергамоқчи бўлсалар, "ҳозир газета-журнал ўқийдиган замонми?" деб "оғизни ёпадиган" бўлдилар.

Айни пайтда Интернет ва мобиль телефон одамларга қоғоз газета ва журнал варақлашга вақт ҳам қолдирмагандек, эҳтиёж ҳам сўнгандек.

Аммо бозор талаби бошқариб келаётган жуда кўп мамлакатларда 100 йиллик газета-журналлар бугун ҳам нашр этилаяпти, замонга мослашаяптилар.

"Муштум" ҳам замонга мослашаяпти

"Муштум"нинг 2024 йилдаги карикатураси

Сурат манбаси, Telegram/"Муштум" журнали расмий канали

Сурат тагсўзи, 2024 йил карикатураси

Улар ўзларининг веб-сайтларини очганлар, ҳам веб-сайтида, ҳам матбаа шаклларида реклама жойлаштирадилар.

Ҳам веб-саҳифасига кириб мақола ўқимоқчи бўлган ўқувчига, ҳам почта хонадонларга тарқатадиган газетаси ёки журналига пуллик обуна йўлга қўйилган.

Интернет ижтимоий тармоқларида, WhatsAp, Telegram ларда ўз каналларини юритадилар, у ерда ҳам муштарийлари сонини кўпайтириш йўлларини излайдилар.

Ижодий таҳририятлар бугун социал медиа бўйича менежер, қидирув ёки излаш оптимизацияси(search engine optimization) бўйича мутахассисларни ишга олиб, рақамли технологиялар замонида даромад кўришга интилмоқдалар.

"Фақат обуна ёки 5000 дона журнал сотилишига қараб қолмасдан, Интернет ёрдамида даромадни кўпайтириш йўлларини кўрса бўлмайдими?", сўрадик "Муштум" журнали Бош муҳаррири Носиржон Тошматовдан.

Мақоладан иқтибос

Сурат манбаси, .

Унинг айтишича, таҳририят ходимлари охирги ойларда Телеграмда канал юритиш сир-асрорларини ўзлаштирдилар, YouTube да ўзларининг каналини очиб, у орқали ҳам муштарийлар сонини кўпайтиришга ҳаракат қилаяптилар.

"Яна икки-уч лойиҳани режалаштираяпмиз", дейди Носиржон Тошматов.

Таҳририятнинг сўнгги иқтисодий қийинчиликлари қисқа фурсатда ечим топишига ҳам Телеграмдаги эълони сабаб бўлди, дейиш мумкин.

"Декабрдан буён ололмаган маошларимизни олдик", деди Носиржон Тошматов.

"Муштум" журнали (ва унинг барча интернет тармоқлари) ўз фаолиятини давом эттирадиган бўлди! Юзага келган келишмовчиликлар ҳамда иқтисодий муаммолар ижобий томонга ҳал этилди", деб хабар берди ўзининг Телеграм каналида.

Лекин амалдорлару жамиятдаги муаммоларга ўткир ҳажв тиғини санчиб келаётган журналнинг ёпиладиган даражагача келиб қолиши биринчи марта эмас.

2021 йили ҳам "Муштум" оғир аҳволда қолган, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмасининг ўша пайтдаги раҳбари Олимжон Ўсаров журнал ёпилиши "катта йўқотиш" бўлишини айтган, уюшма қўллови билан нашр давом этган эди.

Бу гал Журналистлар ижодий уюшмаси "Муштум" журналига ёрдам берадими, деган савол билан Би-би-си уюшманинг Тошкентдаги идорасига қўнғироқ қилди.

"Худо хоҳласа ёпилмайди", деди уюшма масъулларидан бири.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002