Ўзбекистон: Дарахт кесгани учун наманганлик кишига 2 йиллик озодликни чеклаш жазоси белгиланди - Янгиликлар

eco.gov.uz

Сурат манбаси, eco.gov.uz

Жиноят ишлари бўйича Наманган туман судида 4 туп қимматбаҳо садақайрағоч дарахтини кесган фуқарога ҳукм ўқилди. Унга нисбатан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси ва 326.850.000 сўм (28.298 доллар) зарарни ундириш белгиланди, дея хабар тарқатди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.

Мавзуга алоқадор:

Хабарда айтилишича, шу йилнинг 2 март куни Наманган туман Экология бўлими инспекторлари, ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда Наманган вилояти, Наманган тумани, "Ўлмас" маҳалласи ҳудудида профилактик қўшма рейд ўтказилган.

«Рейд давомида фуқаро Б.М. томонидан ёши 100 йилдан кам бўлган 4 туп қимматбаҳо садақайрағоч дарахти кесиб юборилганлиги ва бу орқали ўсимлик дунёсига 326.850.000 сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланди», - дейди вазирлик.

Туман прокуратураси томонидан Б.М.га оид иш ҳужжатлари ўрганилиб, унга нисбатан Жиноят кодекси 198-моддасининг 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва жиноят ишини мазмунан кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Наманган туман судига юборилган.

Туман судида Б.М. айбдор деб топилиб, унга нисбатан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шунингдек, Б.М.дан Наманган вилоят Экология бошқармаси фойдасига ўсимлик дунёсига етказилган 326.850.000 сўм зарарни ундириш белгиланган.

Ўзбекистон Жиноят-Ижроия кодексининг 3-бўлимига кўра, озодликни чеклаш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахс суд томонидан белгиланган тақиқларга (чеклашларга) риоя этиши, шунингдек ўзининг жазони ўташи билан боғлиқ масалалар бўйича оғзаки ёки ёзма тушунтиришлар бериш учун чақирув бўйича жазоларни ижро этиш инспекциясига келиши шарт.

Озодлиги чекланган шахсга муайян вақтда яшаш жойидан кетишга, тегишли маъмурий ҳудуд доирасида жойлашган маълум жойларга боришга ёхуд тегишли маъмурий ҳудуд доирасидан чиқиш учун рухсатнома, шунингдек яшаш жойини ўзгартириш учун рухсатнома жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан берилади.

Бундай рухсатнома прокурор санкцияси асосидагина берилади.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002