You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: 115 минг ўқитувчининг маоши ёки 800 та Malibu-2 – президент сайлови қанчага тушишини биласизми? Видео O'zbekiston saylov 2021 prezidentlik nomzod
800 та Malibu-2, 2,590 та Gentra, 115 мингдан зиёдроқ 1-тоифали ўқитувчининг бир ойлик маоши ёки Тошкент марказига яқинроқ мавзеда жойлашган 700 та 3 хонали янги хонадонлар.
24 октябрь куни ўтувчи президент сайлови учун давлат бюджетидан ана шунча миқдорда маблағ ажратилган.
Марказий сайлов комиссияси ҳали июнь ойидаёқ сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга ажратиладиган сумманинг чекланган миқдорини эълон қилган эди.
300 миллиард сўм ёки ҳозирги курс бўйича $28 миллион.
Бу маблағ нималарга сарфланади ўзи?
Комиссия раисига 4,5 миллион сўм
Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, харажатлар сметасини ишлаб чиқишда сайловлар бўйича халқаро тажриба ўрганиб чиқилган ва сайловга тайёргарлик кўриш, уни ўтказишда харажат талаб қилувчи барча жиҳатлар ҳисобга олинган.
Расмий хабарномада ажратилган маблағларнинг нималарга сарфланишига ойдинлик киритилган.
Масалан, мамлакатда мавжуд 14 та округ сайлов комиссиясининг ҳар бирига қарийб 57 миллион сўмдан, 10,800 тага яқин участка сайлов комиссияларининг ҳар бирига деярли 12 миллион сўмдан пул ажратилади.
Бу пулларнинг 80 фоиздан кўпроғи комиссия аъзоларининг иш ҳақлари, компенсациясига сарфланади.
Комиссия аъзоларига қанчадан ҳақ тўланиши мумкин?
Мисол учун, 14 округ сайлов комиссиясига жалб қилинган 266 нафарга яқин комиссия аъзосига асосий иш жойи бор ёки йўқлигига қараб турлича ҳақ берилади.
Агар асосий иш жойи бўлса, иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда, округ сайлов комиссияси раиси, унинг ўринбосари ва котибга 822 минг сўм, қолган комиссия аъзоларига 411 минг сўмдан транспорт ва бошқа харажатлар учун компенсация тўлаб берилади.
Асосий иш жойидаги иш ҳақи сақлаб қолинмаган тақдирда, сайловга жалб қилинган ходимга сайловга ажратилган маблағлар ҳисобидан ўртача иш ҳақи тўланади.
Мабодо асосий иш жойи йўқ ёки пенционер бўлса, сайлов даври учун округ сайлов комиссияси раисига жами 4,4 миллион сўм, унинг ўринбосарига 4,1 миллион сўм ва котиб ҳамда бошқа аъзоларга 3,8 миллион сўм ҳақ тўланади.
Шунингдек, округ сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳар бирига иссиқ овқат учун БҲМнинг 10 фоизи миқдорида ёки 27 минг сўмдан пул берилади.
Бундан ташқари сайлов комиссиялари аъзолари малакасини ошириш учун ташкилланадиган тренингларга 18 миллиард 400 миллион сўм сарфланади.
Президентликка номзодларнинг тарғибот-ташвиқот ишлари учун жами 15,5 миллиард сўм ёки ҳар бир номзод учун 3,1 миллиард сўмдан пул ажратилган.
Номзодлар бу пулларни телевидение, радиоларда чиқишларга, ташвиқот материалларини тайёрлаш ва тарқатишга, сайловчилар билан учрашувларни ташкил қилишга ва бошқа сайловолди кампанияси тадбирларига сарфлаши лозим бўлади.
Бундан ташқари сайлов участкаларини ҳимоя воситалари ва дезинфекция материаллари билан таъминлашга 11,5 миллиард сўм берилади.
Агарда сайлов кунлари пандемия шароити юмшаса ва мазкур пулларнинг тўлиқ сарфланишига эҳтиёж бўлмаса, ҳақиқатда сарфланган маблағдан қолган қисми давлат бюджетига қайтарилади.
Шунингдек, округ ва участка сайлов комиссияларини интернет ва алоқа билан таъминлашга 20 миллиард сўм йўналтирилади.
"Ҳар бир сўм назорат остида"
Умуман олганда, сайлов учун ажратилган маблағлар қуйидагича сарфланиши кутилмоқда:
- Округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил қилишга - 267,6 миллиард сўм;
- Партияларнинг харажатлари - 15,5 миллиард сўм;
- Марказий сайлов комиссиясининг марказлашган харажатлари - 10,5 миллиард сўм;
- Бошқа давлат органлари харажатлари - 6,4 миллиард сўм;
Сайловлар Ўзбекистон учун доим харажатли бўлиб келган.
2019 йил декабрида ўтган Парламент сайловлари учун бюджетдан 230,5 миллиард сўм ёки ўша вақтдаги курс бўйича $24 миллион доллар сарфланган эди.
Сайлов жараёнларини кузатиб бораётган тармоқ фойдаланувчилари бу рақамларни савол остига олган.
Сайлов учун шунча пул сарфланиши шартми, уни камтарона ўтказса бўлмайдими ва, энг муҳими, бу пулларнинг харжи қанчалик назорат қилинади?
Марказий сайлов комиссияси аъзоси Адҳам Ибодуллаевнинг ишонтиришича, ажратилган маблағнинг нооқилона сарфланишидан хавотирга тушмаса ҳам бўлади.
"Бюджетдан ажратилган маблағларнинг бир сўмигача қаттиқ назорат ўрнатилган. Чунки ҳар қадамда назорат ўрнатилган", деган у сентябрь ойида Халқаро пресс клубдаги чиқишида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek