Ўзбекистон, президент сайлови: халқаро ташкилотлар нима дейишмоқда? O‘zbekiston saylov dunyo yangiliklar

  • Ҳюман Райтс Вотч: Ўзбекистон мухолифатсиз сайлов йўлини танлади.
  • АҚШ халқаро Диний эътиқод эркинлиги комиссияси: Диндорлар ҳамон қамоқда.

Пандемиядаги сайлов

Ўзбекистон президентлиги учун сайловда муддатидан олдин овоз бериш бошланди.

Марказий сайлов комиссияси ўзининг расмий сайтида муддатидан аввал овоз бериш қоидалари куни ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, хабарномада бу йилги сайлов жараёнлари карантин чекловлари даврига тўғри келаётгани ҳисобга олиниб, пандемия шароитида овоз бериш тартиби эслатиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жорий йилнинг 24 октябрь кунига белгиланган.

Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил декабрь ойида мамлакат парламентига қилган мурожаатида президент сайлови халқаро стандартларга мувофиқ ўтказилиши кераклигини таъкидлаган.

Марказий сайлов комиссияси бўлажак сайлов миллий қонунчилик ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиши лозимлигини айтган.

Ислоҳотларга содиқлигини кўрсата оларди…

Ўзбекистон ҳукумати оммавий ахборот воситалари эркинлигини чеклашни кучайтирди ва мухолифат номзодларини 2021 йил 24 октябрга белгиланган президентлик сайловларида иштирок этишига тўсқинлик қилди, деди Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти.

Шунингдек, Ҳюман Райтс Уотч Ўзбекистондаги сайловлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича қилинган савол-жавобда бу воқеалар 2016 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейинги президентлик сайловларининг адолатлилиги ва яхлитлигига таҳдид солаётганидан хавотир билдиради.

"Ўзбекистон ислоҳотлар дастурига халқаро миқёсда катта эътибор қаратди, лекин сўнгги пайтларда мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилиши ва бу сайловда мухолифат ёки мустақил номзодларнинг йўқлиги айни талабларнинг чегараларини очиб беради", - дейди ташкилотининг Осиё бўйича директори Ҳю Уилямсон.

Мулозимга кўра, "Ўзбекистон ҳукумат нуқтаи назарига қўшилмайдиган президентликка номзодларни бўлажак сайловларда иштирок этишига рухсат бериш орқали ислоҳотларга содиқлигини намойиш қилиши мумкин эди, лекин бундай қилмади".

Минтақадаги сайловларни кузатувчи энг муҳим ташкилот - Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси Ўзбекистон узоқ йиллар давомида берилган тавсияларни бажармаганлиги ҳақида огоҳлантирганди.

"Икки потенциал мухолифат номзоди - "Эрк" демократик партияси ва "Ҳақиқат ва тараққиёт" партияси 2021 йил бошида президентликка номзодлари бўлишини эълон қилишди, аммо расмийлар уларга рухсат бермади" - дейди Ҳюман Райтс Уотч.

Бундан аввал Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг кузатувчилар миссияси ўз ҳисоботини эълон қилган.

Ўзбекистон Президентлигига номзодлар ўртасида рақобат йўқлиги, юзма-юз мунозара кураши кўзга ташланмаслигини билдирганди.

Ҳисоботда сиёсий маҳкумлар ҳақида

АҚШ халқаро диний эътиқод комиссияси Ўзбекистондаги диний ва сиёсий маҳбуслар ҳақида ҳисобот эълон қилган.

Мазкур ҳисоботга кўра, Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2000 нафардан ортиқ одам ўз диний эътиқодини тинч тарзда амалга оширгани учун қамоқда қолмоқда.

Шунингдек, 81 нафар маҳбуснинг иши ҳужжатлаштирилган бўлиб, уларнинг кўпчилиги сиёсий сабабларга кўра узоқ муддатли бўлган қамоқ жазоларини ўташмоқда.

Ҳисоботда марҳум Ислом Каримов президентлигидан то ҳозирги кунгача ўтган ўттиз йиллик Ўзбекистондаги диний қатағонлар тарихи тасвирланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek