Ўзбекистон-Қирғизистон: Сув тошқини 20 га яқин одамни ўлдирди, бунақанги сел ҳеч келмаганми? O‘zbekiston Qirg‘iziston dunyo yangiliklar

Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги сув тошқини

Сурат манбаси, official

Сўнгги икки кун ичида Қирғизистон ва Ўзбекистонда кетма-кет сув тошқинлари юз берган. Табиий офат ҳар икки томондан катта сондаги инсоний талафотларга сабаб бўлган. Айрим расмийлар ўзларининг эътирофича, бунақаси авваллари кузатилмаган. Президент Жапаров ҳамдарлик ҳам билдирган.

Сўнгги табиий офат юзасидан ҳар икки қўшни давлат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмий билдиришнома билан чиқишган.

Ўзбекистон томони Наманганнинг Косонсой туманида кеча, 13 июль куни юз берган сув тошқинларига Қирғизистоннинг жанубий Жалолобод вилоятида кузатилган кучли ёғингарчилик сабаб бўлганини айтган.

Айрим маҳаллий нашрлар эса, селдан аввал туманда катталиги тошдек келадиган дўл аралаш кучли ёмғир ёққани ҳақида ҳам ёзишган.

Улар Косонсойда бундан аввал бундай дўл ёғиши кузатилмаганини ҳам таъкидлашган.

Ўз хабарларига табиий офат оқибатлари акс этган суратларни ҳам илова қилишган.

Шу соатларда Ўзгидромет ҳам қисқа муддатли жала баробарида дўл ёққани ҳодисасини расман тасдиқлаган.

Ҳар икки табиий офатнинг ёзнинг қоқ ўртасида кузатилаётгани эса, алоҳида хавотирларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Сув тошқини ва кучли ёғингарчилик, бошқа томондан, Ўзбекистонда кузатилган бир неча кунлик аномал иссиқ ортидан рўй берган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги худди шу куннинг ўзида тумандаги вазият юзасидан бирламчи маълумотлари билан ўртоқлашган.

Табиий офат натижасида 8 киши қурбон бўлиб, яна олтитаси тан жароҳати олганини расман тасдиқлаган.

Расмий тасдиқ сув тошқинлари одамларни оқизиб кетганига оид ижтимоий тармоқлардаги "гап-сўзлар" ортидан кузатилган.

Уларнинг ким эканликлари, ораларида аёллар ва болалар бор-йўқлигига оид тафсилотлар ҳозирча очиқланмаган.

Тан жароҳати олганларнинг аҳволи ва ҳозир қаерда эканликларига оид маълумотлар ҳам шу соатларда имконсиз, ҳалича расман эълон қилинмаган.

Аммо вазирлик ўзининг сешанба кунги билдиришномасида ҳодиса юзасидан қўшимча маълумотлар ваколатли органлар томонидан тақдим этилишини маълум қилган.

Вазирликка кўра, сув тошқини юз берган куннинг ўзидаёқ воқеа жойига вилоят ФВБ, ИИБ бошлиқлари ва прокуратура органлари ходимлари етиб боришган, вазият назорат остига олинган.

Ҳудудда ФВВ қутқарувчилари томонидан қидирув-қутқарув ишлари бошланган.

Ҳолат бўйича дастлабки терговолди текширув ишлари ҳам олиб борилаётгани айтилган.

Табиий офат ортидан бедарак кетган инсонлар бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас.

Сув тошқини оқибатида етган моддий зиён кўлами, миқдори, қанча одамнинг қандай кўмакка муҳтож экани борасидаги тафсилотлар ҳам ҳалича очиқланмаган.

Ёрдам ишлари қандай ва ким томонидан ташкиллаштирилаётгани ҳақида маълумотлар ҳам ҳозирча кўзга ташланмайди.

Андижондаги сел

Сурат манбаси, official

Бунга ўхшаш ҳалокатли сув тошқинлари Ўзбекистонда шу йил май ойида ҳам кузатилган.

Ўшанда табиий офатдан Наманган билан бирга Андижон ва Сурхондарё вилоятлари ҳам зиён чекишган.

Сув тошқинлари икки боланинг умрига зомин бўлгани, юзлаб хонадонга зарар етказгани, автомобиль ва темир йўлларини ювиб кетгани айтилган.

Расмий маълумотларда қайд қилинишича, Косонсой тумани тоғ олди ҳудуд ҳисобланиб, георафик жойлашганлигига кўра, сел-тошқинлари ҳосил бўлишига мойил ҳудуд саналади.

Косонсой сойида сел ҳодисалари 1878 йилдан бошлаб рўйхатга олиб келинади. Сойда сел ҳодисалари асосан, апрель-июль ойларида ҳосил бўлади.

Тумандаги сўнгги табиий офат ҳақида расман маълумот берган Ўзгидромет 15−16 июль кунлари Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи борлигидан ҳам огоҳлантиргани кўрилади.

Қирғизистон ёки "бунақа тошқин бўлмаган"

Қирғизистондаги сув тошқини

Сурат манбаси, official

Шоҳруҳ Соипов

Мустақил журналист, Жанубий Қирғизистон

Қирғизистон Фавқулодда Ҳолатлар вазирлигининг хабарига кўра, Жалолобод вилоятига қарашли Ақси туманидаги Жолборсту, Таштақ ва Янги-Йўл қишлоқларида саккиз кишини сув оқизиб кетган.

Улардан олти кишининг жасади топилган, вазирлик кеча, сешанба куни тўрт ва олти ёшли икки боланинг жасадини қидириш ишлари олиб борилаётганини билдирган.

Шу соатларда эълон қилинган расмий маълумотга кўра, икки ярим ёшли қизчанинг жасадини отаси бугун, 14 июль куни сув босган уйи ёнидан топган.

Қирғизистон Фавқулодда Ҳолатлар Вазирлиги тошқинда оқиб кетган яна бир, беш ёшдаги боланинг жасадини қидириш ишлари олиб борилаётганини ҳам маълум қилган.

Табиий офат 12 июль куни, маҳаллий вақт билан кечки соат 18:00лар атрофида Янги-Йўл ҳудудида кучли ёмғир ёғиши ортидан кузатилган.

Кучли ёмғир ўн беш дақиқа ёққани айтилмоқда.

Оқиб кетганларнинг жасади 14 чақирим пастдаги қишлоқдан топилган.

Кучли ёмғир ёғиши натижасида, икки уйнинг ҳовлисини сув босган.

Сув тошқини яйловга борадиган ички йўлни ҳам тўсиб, кўприкларни оқизиб кетган.

Воқеа жойида қутқарувчилар қидириш ва ички йўлларни тозалаш ишларини олиб бормоқда.

Қирғизистондаги қутқарув-қидирув ишлари

Сурат манбаси, official

Олти кишини бир жойдан оқизиб кетган фалокат эса, Жолборсту қишлоғи устидаги яйлов ичидаги сойда содир бўлган.

"Улар яйловда ҳужрага ўхшатиб уй қуриб олишган экан. Кучли ёмғир ёғаётганда ўшанинг ичида ўтиришган. Ташқаридан бир киши келиб, ичкарига боласини қўйиб, ўзи чорвасига қараш учун кетганидан ўн дақиқа ўтиб, сув тошқини бутун ҳужрани оқизиб кетибди. Унинг ичида бир оиланинг етти нафар аъзоси - бувиси, онаси, қизи, ўғли, синглиси ва унинг икки фарзанди бўлган", деб айтган туман ҳокими Замирбек Сидиқов Би-би-сининг Қирғиз хизматига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, халок бўлган оила ҳар йили яйловга келиб, чорва молларини боқиш билан тирикчилик қилиб келган.

"Оила бу ерда аввал ҳам яшаб келган. Авваллари бундай тошқин бўлмаган", дея қўшимча қилган ҳоким.

Бу орада Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳам Ақси туманидаги тошқин оқибатида ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирган.

У бутун мамлакат табиий офатда яқинларини йўқотган қирғизистонликларнинг қайғусига шерик бўлишини таъкидлаган ва жабрланганлар тез орада соғайиб кетишини тилаган.

Шунингдек, давлат раҳбари Вазирлар Маҳкамасига табиий офат қурбонларига тегишли ёрдам кўрсатишни ва тошқин оқибатларини бартараф этиш бўйича барча чораларни кўришни буюрган.

Қирғизистондаги қутқарув-қидирув ишлари

Сурат манбаси, official

Би-би-си: Сўнгги табиий офат ҳар икки қўшни мамлакатда ҳам коронавирус ва пневмония билан боғлиқ аҳвол қайта ёмонлашиб бораётган бир пайтга тўғри келган.

Агар, шу соатларда эълон қилинган кундалик расмий маълумотларга таянилса, Ўзбекистонда кеча, 13 июль куни 491 кишида коронавирус, яна 319 нафарида пневмония аниқланган.

Коронавирусга чалинган 3 бемор эса ҳаётдан кўз юмган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek