Ўзбекистон: “Жиҳодчилар” қўлга олинди, $3,7 миллион пора ва Мирзиёев номидаги “Paynet” – янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Qirg'iziston

Сурат манбаси, Screenshot

Ўзбекистон: "Жиҳодчилар" қўлга олинди, $3,7 миллион пора ва Мирзиёев номидаги "Paynet" - Давлат Хавфсизлик Хизмати нималарни ўрганишга муваффақ бўлди, пандемия шароитида четдаги ўзбекистонликлар $6 миллиард доллар пул ишлашдими? bbcuzbek.com дайжести.

460 гектар ерни тадбиркорнинг номига ўтказиб бериш эвазига $3,7 миллион миқдорида пора олаётган шахс қўлга олинган.

Бу ҳақда Ўзбекистон 24 телеканалининг ДХХ билан ҳамкорликда тайёрланган лавҳасида сўз боради.

Маълум этилишича, қибрайлик тадбиркор боғдорчилик ва чорвачилик учун ер ажратиб беришни сўраб, Тошкент вилояти туманлари ҳокимликларига мурожаат қилган.

Бироқ бундан бирор натижа чиқмаган.

Шундан сўнг Тошкент вилоятидаги чорвачиликка ихтисослашган жамият раҳбари МЧЖга тегишли 360 гектар ерни тадбиркорнинг номига ўтказиб беришни таклиф қилган.

Жамият раҳбари Қуйи Чирчиқ туманида жойлашган бу ер ва жамият норасмий фойдаланиб келаётган туман захирасидаги 100 гектар ер эвазига $3,7 миллион сўраган.

Шунингдек, у ҳужжатларни расмийлаштириб беришини айтиб, Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимлиги амалдори учун ҳам қўшимча $20 минг талаб қилган.

Оқибатда, жамият раҳбари тадбиркордан жами $3,720 миллион олаётган пайтда қўлга олинган.

Видеолавҳада давлат томонидан ажратилган ерни ноқонуний сотишга уринган бу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора бериш) бўйича жиноят иши очилгани айтилади.

Сирдарёда "жиҳодчилар" қўлга олинди

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

21 январь куни Сирдарё вилояти ДХХ бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари "жиҳодчилар" гуруҳини қўлга олган.

Вилоят ИИБнинг маълум қилишича, гуруҳнинг 2 нафар етакчиси Россияда меҳнат муҳожирлиги пайтида радикал гуруҳлар таъсирига тушиб қолган.

"…яшаш жойига қайтиб келганларидан сўнг аҳоли орасида ўзларининг бузғунчи ғояларини тарғиб қилиш ва Интернетнинг ижтимоий тармоқлари орқали халқаро террорчилик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамоларининг маърузаларини тарқатиш билан шуғулланишган", дейилади расмий хабарда.

Шунингдек, гуруҳ раҳбарлари Сардоба фожиаси оқибатида зарар кўрган масжидларни қайта қуриш учун хайрия пуллари ҳам йиғишган.

Бироқ "…муқаддас қадамжонинг қайта қурилишига ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлган мўмин мусулмонларни алдаб, улар томонидан банк пластик картасига туширилган маблағларни Сурияга жўнатиш билан шуғулланганлар", таъкидлаган Сирдарё вилоят ИИБ.

Расмий хабарда гуруҳнинг баъзи аъзолари Сурияга чиқиб кетишни режалаштиргани ҳақида ҳам гап боради.

Хабарда гуруҳнинг барча аъзолари қўлга олингани билдирилган бўлсада, уларнинг умумий сонига аниқлик киритилмаган.

Президент Бухорога кетди

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 21 январь куни Бухоро вилоятига жўнаб кетди.

Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар қилган.

"Сафар давомида агросаноат, тўқимачилик, ахборот технологиялари, тиббиёт соҳаларидаги корхоналар, шаҳар ва туманлардаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечириш режалаштирилган", дейилади расмий хабарда.

$6 миллиард ўтказма

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

2020 йилда Ўзбекистонга хориждан $6,03 миллиард миқдорида пул ўтказмалари амалга оширилган.

Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълум қилган.

Пул ўтказмалари ҳажми 2019 йилга нисбатан $17 миллион ёки 0,3 фоизга ортган.

Йил давомида Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари миқдори эса $1,2 миллиардни ташкил этган.

"Шавкат Миромонович Мирзиёев" оилавий корхонаси

O'zbekiston

Сурат манбаси, daryo.uz

Самарқандлик фуқаро "Шавкат Миромонович Мирзиёев" номли оилавий корхонани рўйхатдан ўтказган.

2020 йил февралида рўйхатдан ўтказилган бу корхонанинг устав фонди 1,000 сўмни ташкил этади.

Корхона раҳбари билан суҳбатлашган Daryo.uz нашри корхона ҳузуридаги ошхона ва "Paynet" шохобчаси ҳозирда аҳолига хизмат кўрсатаётгани ҳақида ёзган.

Нашр сайтида эълон қилинган мақолада корхона раҳбари президент Мирзиёев олиб бораётган сиёсатдан қувониб, корхонага унинг номини қўйгани ҳақида сўз боради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek