Нақд пул берилади, миллий мотам куни ва Яқин Шарқдагилар қайтди - O'zbekiston koronavirus dunyo

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Нақд пул берилади, миллий мотам куни ва Яқин Шарқдагилар қайтди - ўзбекистонликлар ва ниҳоят нақд ёрдам пули оладими, Қирғизистон коронавирус қурбонларини ёд этмоқчи ва Тожикистон қандай қилиб Яқин Шарқдагиларни қайтарди - коронавирус кундалиги:

Коронавирус: Covid-19 энг ёмони, аммо чегаралар очилиши керак - Ўзбекистон дунё видео

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистон

Шу соатларда президент Шавкат Мирзиёев янги фармонни имзолаган.

Фармонга мувофиқ, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами қўллаб-қувватланиши айтилган.

Расман маълум қилинишича, жами 1 миллион 700 минг кишига 380 миллиард сўм тарқатилади.

Кўмакка муҳтож 400 мингдан ортиқ оиланинг ҳар бир аъзосига бир марталик моддий ёрдам берилади.

Пенсия ва нафақалар 10 фоизга ошади.

Англашилишича, бу 2,8 миллион кекса, 687 минг ногиронлиги бўлган шахс, 210 мингдан ортиқ боқувчисини йўқотганларни пандемия даврида қўллаб-қувватлаш имконини беради.

Кеча, чоршанба куни Осиё Тараққиёт банки, Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг коронавирусга қарши кураш учун Ўзбекистонга берган кредитлари миқдори 1 миллиард доллардан ошгани хабар берилганди.

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Бугун кун аввалида пойтахт Тошкентдан олинган хабарларда Ўзбекистонда келаси икки кун ичида эҳтиёжманд оилаларга нақд пул тарқатилиши айтилган.

Бунинг учун жами 150 миллиард сўм ажратилгани маълум бўлган.

Аммо сўз аниқ қанча оила ва одам ҳақида кетаётгани ҳозирча очиқланмаган.

Худди шу фонда уларга берилажак ёрдам миқдорининг ҳажми ҳам ноаён қолган.

Кўмакнинг бир марталикми ёки йўқлиги тафсилотлари ҳам очиқланмаган.

Янгилик Қурбон ҳайити арафасига тўғри келган.

Ўзбекистонда кучайтирилган карантин тартиби устма-уст узайтирилишидан қисқа вақт ўтмай бўй кўрсатганди.

Ўзбекистонда илк бор коронавирус расман қайд этилганига бугун роппа-роса тўрт ярим ой бўлади.

Пандемия боис жорий этилган карантин чекловлари боис қийналиб қолган оилаларнинг Ўзбекистонда ҳам озмунча эмаслиги кўрилади.

Ўзбекистон президенти илк ва сўнгги бор Ўзбекистондаги камбағаллар сонини расман 4-5 миллион атрофида эканини айтган.

Нақд пул ёрдами пандемия ва карантин тартиби манзарасида аксарият ўзбекистонликлар диққат-марказидаги масала бўлиб келган.

Аммо ҳозирга қадар Ўзбекистондан бугунгисига ўхшаш хабар олинмаган.

Нақд пул кўмаги "Саховат ва кўмак" фонди орқали тарқатилади.

Пулни Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ажратади.

Тожикистон

Tojikiston

Сурат манбаси, official

Худди шу манзарада Тожикистонда бир марталик ёрдам пули берилиши режаланаётган эҳтиёжмандлар сони расман очиқланган.

Уларнинг сони 488000 киши атрофида экани кўрилган.

Кўпчилигини ногиронлар, нафақадагилар ва етим-есирлар, қаровчисини йўқотган болалар ташкил этиши англашилган.

Тожикистон ҳукумати ўзининг бу ҳақдаги қарорини шу ой бошида эълон қилган.

Янгилик кибер фазода ўзбекистонликларнинг қизғин баҳсу мунозараларига сабаб бўлган мавзулардан бирига айланган.

"Тожикистон Ўзбекистондан бойми?", қабилидаги фикру мулоҳазаларга замин яратган.

Берилиши кўзда тутилган бир марталик ёрдам пули Тожикистондаги энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида этиб белгиланган.

Тожикистонда энг кам иш ҳақи миқдори 400 сомонийни ташкил этса, ёрдам пулининг $41 АҚШ долларига тўғри келиши маълум бўлган.

Тожикистон Ўзбекистон ва Қозоғистондан кейин минтақанинг аҳолиси энг кўп учинчи давлати бўлади - сони 9 миллиондан ортади.

Қирғизистон билан бирга Марказий Осиёнинг нисбатан камбағал иккита мамлакатидан биттаси саналади.

Худди шу янгилик фонида Тожикистон ҳукуматининг Яқин Шарқдан яна 300 га яқин фуқаросини қайтаришга муваффақ бўлган.

Бу инсонпарварлик амалиёти глобал коронавирус пандемияси боис, дунёнинг аксарият давлатлари чегаралари ҳануз ёпиқ қолаётган, халқаро парвозлар ҳалича тўлиқ қайта тикланмаган бир шароитда амалга оширилган. Шуниси билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.

Yaqin Sharq

Сурат манбаси, video

Ўзбекистон Яқин Шарқдан сўнгги инсонпарварлик амалиётини ўтган йил октябр ойида амалга оширган.

Ўшанда Ироқдан 64 нафар бола махсус авиарейсда Тошкентга олиб келинган.

Яқин Шарқдаги ИШИД илова турли жангари гуруҳлар сафларида юзлаб ўзбекистонликларнинг жанг қилишгани ишонилади.

Ўзбек жангарилигининг табиатини назарда тутаркан, ғарблик айрим экспертлар улар аксариятининг Яқин Шарққа ўз оилалари билан йўл солишганини айтиб келишган.

ИШИД сафларидаги ўзбекистонлик жангариларнинг сони эса, сўнгги бор 2017 йилда 1500 тага нисбат берилган.

Ўшанда уларнинг Марказий осиёлик жангарилар орасида катта кўпчиликни ташкил этиши англашилган.

Қирғизистон

Qirg'iziston

Сурат манбаси, courtesy

Қирғизистонда миллий мотам куни - мамлакат бугун, 30 июль куни коронавирус қурбонлари руҳини ёд этмоқда.

Қирғизистон жорий пайтда минтақанинг коронавирус ва пневмониядан энг кўп ўлим ҳоллари қайд этилаётган давлати бўлади.

Ҳозирга келиб, бу рақамларнинг жами 1300 тадан ошгани кўрилади.

Мавжуд вазият яқинда Ғарбнинг айрим нуфузли нашрлари диққат-эътиборини ўзига тортган.

Мамлакат аҳолиси сони ва ҳар 100000 кишига нисбати назарда тутилиб, бунинг дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири экани ҳам алоҳида таъкидланган.

Қирғизистондаги миллий мотам куни, бошқа томондан, бу йилги Қурбон ҳайити арафасига ҳам тўғри келган.

Бунгача фақат Қозоғистон махсус сана билан коронавирус қурбонлари хотирасини ёд этган.

BBC

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek