Мирзиёев Москвада: ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи, Сўх йўли нима бўлди? O’zbekiston, Россия

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Мирзиёев Путин билан нималарни гаплашди? ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқида кузатувчилик, рус тилининг расмий мақоми атрофидаги можарою бунга расмий Тошкент эътирози, Сўх йўли муаммосининг Россияга бориб тақалган ечими - Сенат қарори, Захарова чиқиши ва ўзбек-қирғиз чегарасидаги сўнгги жанжал ортидан, Мирзиёев илк бор Москвага борди. Музокаралар эса тугади.

Ўзбекистон президентининг Россияга ташрифи, бошқа томондан, глобал коронавирус пандемияси манзарасида кузатилгани билан ҳам фавқулоддалик тусини касб этмай қолмади.

Мирзиёев нега Путин таклифини рад этмади? O'zbekiston, Россия

Икки кунлик амалий ташриф яна Россия Президенти Владимир Путиннинг таклифи билан амалга ошди.

Ташрифнинг илк куни эса, айнан томонлар ўртасидаги олий даражадаги музокаралар билан бошланиши айтилди.

Расмий Тошкентнинг ташриф арафасидаги хабарида музокаралар чоғида "кўп қиррали Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг долзарб масалалари кўриб чиқилиши" таъкидланган.

Аммо уларнинг айнан нималардан иборат экани расман очиқланмаганди.

Кеча, 23 июн куни кечган олий даражадаги музокаралар чоғида йирик минтақавий нашрлар диққат-эътиборини тортгани Россия президентининг мустақиллик ҳақида айтган гаплари бўлган.

Путин Россия ва Ўзбекистонни назарда тутаркан, бугунги кунда ҳар икки давлат мустақил тараққий топиб бораётганини айтган.

Аммо ораларидаги стратегик ва иттифоқчилик алоқаларининг ўзига хос эканини таъкидлаган.

Россия президентининг расмий веб саҳифасидан жой олган бу изҳорот Ўзбекистон томонининг расмий хабарларида ҳалича кўзга ташланмаган.

Айнан ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолик эса, бир суверен давлатнинг сиёсий мустақиллига таҳдид сифатида баҳо топиб келган, янги Ўзбекистон президенти ва ҳукумати эса, бу таҳдидни устма-уст рад этиб келаётган масала бўлади.

Худди шу фонда ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи мавзуси музокоралар фонида қанчалик эътибор топган?

Музокаралар ибтидоси ва интиҳоси

Ўзбекистон президентини Москва аэропортида президент ёки Бош вазир эмас, Россия ҳукуматининг расмий шахслари қарши олгани амалий ташриф арафасида кўпчиликнинг диққатини ўзига тортган воқеълик бўлди.

Ўзбекистон томонининг расмий хабарида Кремлда давлат раҳбарини Россия Президенти Владимир Путин кутиб олгани алоҳида қайд этилди.

Расмий хабар тафсилотларидан маълум бўлишича эса, музокаралар чоғида эътибор дастлаб Ғалаба куни ва парадига берилган.

Бунинг ортидан, стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилган.

Музокарачи президентлар кейинги йилларда икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этишган.

Глобал инқирознинг салбий таъсири ҳам савдо, инвестициялар, транспорт ва таълим, қишлоқ хўжалиги, фан ва инновациялар, соғлиқни сақлаш, маданият, туризм ва бошқа муҳим йўналишлардаги ҳамкорликларига таъсир қила олмаганини таъкидлашган.

Худди шу ўринда давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Россия муносабатларининг долзарб масалаларини батафсил кўриб чиқишгани билдирилган.

Аммо бунинг айнан нимани кўзда тутгани яна очиқланмаган, расмий хабар тафсилотларидан ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи масаласи кун тартибида бўлганми ёки йўқлиги ноаён қолган.

Кремлдаги музокаралар чоғида Россияда энг катта сонда бўлган ўзбекистонлик мигрантлар тақдири қанчалик эътибор топган-топмагани ҳам ҳозирча номаълум.

Агар, нуфузли халқаро ҳисоботлар хулосаларига таянилса, айнан мигрантлар Россияда глобал коронавирус пандемиясидан энг кўп зиён чеккан ва чекажак қатлам бўлишади.

Шу кунларда четдан Ўзбекистонга қайтиш илинжида бўлган энг кўп сондаги фуқароларининг ҳам айнан Россия ҳисобига тўғри келиши айтилади. Уларнинг сони бир неча ўн мингга нисбат берилади.

Аммо, Ўзбекистон томонининг расмий хабарига таянилса, президентлар фаол мулоқотни давом эттириш, ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия ва ҳукуматлараро комиссия фаолияти доирасида келишувларни ҳаётга тадбиқ этиш муҳимлигини қайд этишган.

Бугун, 24 июнь куни Ўзбекистон президентининг Россияга ташрифи расман ўз ниҳоясига етади.

Шавкат Мирзиёев икки кунлик амалий ташрифининг якуний кунида Ғалаба паради тантаналарида иштирок этади.

Тарихча ўрнида

Бу - Шавкат Мирзиёевнинг Олий мажлис Сенати Ўзбекистоннинг Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кузатувчи мақомида кириш қарорини маъқуллаши ортидан Москвага илк сафари бўлган.

Президент Мирзиёевнинг Москвага амалий ташрифи арафасида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида содир бўлган зўравон можаро фонида қайта кун тартибига чиққан Сўх йўли муаммосининг ечими ҳам ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига бориб тақалиши маълум бўлган.

Қирғизистон томони йўл нега қайта ёпилгани сабабини худди шу омил билан изоҳлаган.

Ташриф яна Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг Ўзбекистондаги рус тилининг мавқеига оид кибер фазони том маънода ларзага солган чиқишидан қисқа вақт ўтмай амалга ошган.

Бу - ўшанда Ўзбекистон ўзининг тўлиқ аъзо эмас, кузатувчи бўлиш қарори билан расмий Кремлнинг жиғига текканига ҳам йўйилмай қолмаган.

Мария Захарованинг сўзлари юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расман муносабат билдиришгача борган.

Бирор бир давлатдан алоҳида ном тутмаган эса-да, "давлат тилини тартибга солувчи соҳага боғлиқ масалалар давлатнинг мутлақ ички сиёсатига дахлдор бўлиб, ҳар қандай аралашув асло мақбул эмас"лигини баён қилганди.

Бунга расмий Кремлнинг расмий муносабати эса, президент Шавкат Мирзиёевнинг Москвага амалий ташрифи фонида ҳам кўзга ташланмаган.

Аммо яқинда Россия президенти "ташқи сиёсий курсни тадбиқ этишдаги юксак хизматлари учун" Мария Захаровани "Шон-шараф" ордени билан тақдирлашга қарор қилган.

Расмий Тошкентнинг кузатувчилик қарори ва иттифоққа аъзо Қирғизистоннинг Сўх йўлига оид даъвосига ҳам Кремль, Путиннинг муносабати ноаён қолган, музокаралар орти расмий хабарларда ошкора ўзининг ифодасини топмаган.

Амалий ташриф, бошқа томондан, Шавкат Мирзиёев ҳалича Олий Мажлис Сенатининг Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кузатувчилик қарорини расман маъқулламаган бир манзарада амалга ошган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek