Ўзбекистон-Россия: Ўзбекистонлик ҳарбийларнинг Ғалаба парадида иштирокини оддий қабул қилиш керак (ми?)

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Россия нашрлари 24 июн куни Москва шаҳридаги Қизил Майдонда ўтувчи Ғалаба парадида ўзбекистонлик ҳарбийлар ҳам иштирок этиши ҳақида хабарлар тарқатди. Кейинроқ Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги бу хабарларни тасдиқлади. Би-би-си, аксар ҳолларда, "сиёсийлаштирилган томоша" ўлароқ тасвирланувчи бундай тадбирда Ўзбекистон аскарларининг илк бор иштирок этиши юзасидан сиёсий таҳлилчиларнинг фикрини билишга қизиқди.

17 июн куни Россия Федерацияси Қуруқлик қўшинлари бош қўмондони, армия генерали ва 24 июнда ўтажак парадга бошчилик қилувчи Олег Салюковнинг "Қизил юлдуз" газетаси билан суҳбати чоп этилган.

Унда Салюков 12 хорижий давлат ҳарбийлари Ғалаба парадида иштирок этиш учун Москвага етиб келганини маълум қилган.

Расмий тилга олган давлатлар орасида Ўзбекистонни ҳам кўриш мумкин.

Би-би-си ушбу хабарни тасдиқлаш учун Мудофаа вазирлиги билан боғланди.

Вазирлик Ўзбекистон ҳарбийлари парадда иштирок этишини тасдиқлаб, айни вақтда улар Москвада тадбир учун тайёргарлик ўтаётганини билдирди.

Бироқ Мудофаа вазирлиги расмийси парадда иштирок этадиган ўзбекистонлик аскарлар сони тўғрисида маълумот бера олмаслигини маълум қилди.

Бундан аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам Ғалаба парадида иштирок этиши ҳақида хабарлар тарқалган, Kun.uz нашри бу хабарни ҳукуматдаги манбаси тасдиқлаганини ёзган эди.

Сиёсатшунос Фарҳод Толипов: "Ўзбекистон ҳам ғалабага ҳисса қўшган"

Би-би-си ўзбекистонлик ҳарбийларнинг Россия бош майдонидаги Ғалаба парадида илк бор чиқиши нимани англатиши мумкин, деган савол билан мустақил сиёсатшунос Фарҳод Толиповга юзланди.

Унинг фикрича, Иккинчи Жаҳон Урушида қозонилган ғалабага ўзбекистонликлар ҳам катта ҳисса қўшган ва мамлакат ҳарбийларининг парадда чиқиши бу ҳиссанинг эътирофи ўлароқ хизмат қилади.

"Балки бу нарсани, бир томондан, оддий қабул қилиш керак, бизга тушунарли бўлиши керак", сўзлайди Толипов.

"Иккинчи томондан бунинг ўзига хос ўлчами ҳам бор: Ўзбекистоннинг Россия билан ҳамкорлиги яхши даражага кўтариляпти, кўп қиррали ҳамкорлик ривожланиб боряпти. Маълумки, Ўзбекистон Россия билан стратегик ҳамкорлик ва иттифоқдошлик муносабатлари тўғрисида битим тузган. Бу битимга кўра, Ўзбекистон-Россия муносабатлари юқори даражага кўтарилиши керак ва кўтариляпти", қўшимча қилади у.

Шунингдек, Фарҳод Толипов Би-би-си билан суҳбатда Президент Мирзиёевнинг Ғалаба парадида иштирок этиши тўғрисидаги хабарларга ҳам изоҳ бериб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, коронавирус пандемияси туфайли 9 майдан 24 июнга кўчирилган параднинг ўтказилиш вақти Президент Мирзиёевнинг Россияга расмий ташрифи белгиланган вақтга тўғри келиб қолган.

Эслатиб ўтиш жоиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг феврал ойи бошига белгиланган Россияга расмий ташрифи номаълум сабабларга кўра амалга ошмаган, кейинроқ ташриф июн ойининг иккинчи ярмига қолдирилгани хабар қилинган эди.

Фарҳод Толипов шу сабабдан ҳам Ўзбекистон президенти Россияга Ғалаба парадида иштирок этиш учун алоҳида сафар қилмоқда, деб ҳисоблаш шарт эмаслигини айтиб, Мирзиёевнинг бу тадбирда қатнашишини "нормал ҳолат", дея атайди.

"Боз устига Ўзбекистон Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига кузатувчи мақомида қўшилмоқчи. Ўйлашимча, ушбу сафар давомида шу масала бўйича ҳам тегишли ҳужжат имзолаб келинади".

"Шуларнинг ўзи Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлиги юқори даражага кўтарилаётганини кўрсатиб турибди ва, менимча, ҳарбийларнинг ҳам парадда илк бор иштирок этишини Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги ривожланаётганининг яна бир акс-садоси, деб тушунишимиз мумкин", давом этади Толипов.

Сиёсатшунос "Россия учун хорижий бўлган давлатлар ҳарбийларининг Ғалаба парадида иштирок этиши одатий ҳолми?" деган саволга шундай жавоб беради:

"Бу ғалабага фақатгина Россия Федерацияси, россияликлар ёки Россия армияси эришмаган. Бу ғалабага бутун Собиқ Совет таркибида бўлган республикалар, жумладан, Ўзбекистон ҳам ҳисса қўшган. Мана шу нуқтаи-назардан қарайдиган бўлсак, ўзбекистонликларнинг парадда иштирок этиши ҳеч қанақасига ғалати бўлиб туйилмаслиги керак".

"Биласизми, бу бир томондан яхши ҳам. Охирги пайтларда айрим таҳлилчиларда Россия Иккинчи Жаҳон Урушида эришилган ғалаба меваларни ўзлаштириб оляпти, ғалабани монополлаштиряпти, деган қараш ҳам йўқ эмас. Шу томондан, агарда, бу умумий ғалабамиз, унга Россия эмас, бошқа республикалар ҳам ҳисса қўшган, деб ёндошсак, биринчидан, тўғри бўларди ва ҳарбийларнинг иштироки билан бу яна бир намоён этиларди", қўшимча қилади у.

"Россияпарастликдан бошқа нарса эмас"

Бироқ Би-би-си билан суҳбатлашган бошқа бир мустақил сиёсий таҳлилчи Анвар Назир мазкур масала юзасидан мутлақо ўзгача қарашда эканини билдиради.

"Бу битта нарсани англатади - Ўзбекистон бу ерда россияпарастлигини намойиш қиляпти. Бошқа ҳеч нарса эмас", дея ўзбекистонлик ҳарбийларнинг Ғалаба парадида иштирок этишига баҳо беради таҳлилчи.

"Ғалаба мавзусининг Ўзбекистон тарихига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ғалаба санаси 9 май Россия учун мафкуравий қурол. Қаерда Ғалаба байрами нишонланса, ўша давлат Россия таъсирини тан олади, ҳурмат қилади - бу биринчидан. Иккинчидан, неча йилдан буён ўзининг "Хотира ва қадрлаш" санамизни ўтказар эдик, ўзимизни [Россиядан] узоқ ушлаб турар эдик. Чунки Иккинчи Жаҳон Уруши мавзусига [ҳозирги] Россиянинг ҳеч қандай алоқаси йўқ, бу Россиянинг манфаатлари ўйинлари эди", фикрини давом эттиради Анвар Назир.

Таҳлилчи Россия Ғалаба байрами орқали бутун дунёда ўзининг ўрнини кўрсатиб қўйиш, манфаатларини сингдириш йўлида фойдаланиб келишини таъкидлайди.

Анвар Назир ўтган яқин йиллар давомида Россия рус тилининг мавқеини ошириш, кирилл ёзувини қайтадан жорий этиш, мамлакатни Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига тўлақонли аъзо сифатида қўшиб олиш, атом электрстанциясини қуриш каби масалалар орқали Ўзбекистонда ўз таъсир доирасини кучайтириб олишга урингани, аммо Президент Мирзиёев ҳукумати жамоатчиликнинг кескин қаршилигига дуч келгани ортидан бундай ҳаракатларнинг аксар қисми амалга ошмагани ҳақида сўзлайди.

"Шу сабабдан ҳам Мирзиёев "ғалаба омили" орқали ўзини Россия олдида оқламоқчи", дейди у.

"Тағин Россия Ўзбекистоннинг ички ишига аралашмасин, Украинадаги каби тинчликни бузиб қўймасин, деб жон-жаҳди билан карантин вақтида, Россияда ярим миллион касал бор пайтда, жуда катта таваккал қилиб, президент ҳам, ҳарбийлар ҳам шу бўлмағур парадда қатнашишмоқчи", давом этади таҳлилчи.

Анвар Назир коронавирус пандемияси туфайли дунё иқтисодиёти қийин вазиятга тушиб қолган бир пайтда Иккинчи Жаҳон Уруши мавзуси билан ўралишиб қолиш ғалати ҳолат эканини билдиради.

"Бу уруш ҳақида нима дейиш мумкин? Бу тамом бўлган мавзу. Германия, Японияда аллақачон демократия. Иккинчи Жаҳон Урушидан қолиб кетган барча муаммолар ечимини топиб бўлган. Бошқа томондан урушда қатнашган кўп давлатлар - Совет Иттифоқи, Британия Империяси - энди йўқ".

"Ҳозирда Ўзбекистонда иқтисодий чақириқлар, ижтимоий-сиёсий аҳвол оғир. Бунинг фонида ўзбекистонликларга тарихий мавзулар умуман қизиқ эмас", маълум қилади у.

Бундан ташқари Анвар Назир ўзбекистонлик аскарларнинг минглаб одам йиғиладиган парадда иштироки эпидемиологик хавфсизлик нуқтаи-назаридан қанчалик тўғри эканини ҳам савол остига олади.

Россия матбуоти Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган тадбирда 13 мингдан зиёд ҳарбий иштирок этиши кутилаётгани ҳақида ёзмоқда.

Ғалаба куними ё хотира?

Марҳум президент Ислом Каримов даврида 9 май хотира кунига айлантирилган, бу кунни ўйин-кулги ва ҳарбийлар паради билан нишонлаш одатдан чиқарилган эди.

9 май куни ўзбекистонликлар, асосан, қабристонларни зиёрат қилиб, марҳумлар ҳаққига дуо қилар, кексалар, беморларни йўқлар эди.

Аммо Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг 9 майга оид тадбир-йиғинларда урушга оид унсурлар пайдо бўла бошлаган.

Бу куни кўчаларда совет ҳарбийлари кийимларини кийиб олган ёшлар кўпроқ кўзга ташлана бошлаган.

Жорий йилда эса 9 май санаси Ўзбекистонда расман "Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи Жаҳон Урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги" сифатида нишонланди.

Пойтахтнинг Олмазор туманида Президент Мирзиёевнинг ташаббуси бўлган ва қурилиши карантин пайтида ҳам тўхтамаган "Ғалаба боғи" барпо этилган.

Президент матбуот хизмати коронавирус эпидемияси боис карантиндан чиқишни бошлаган Ўзбекистонда "Ғалаба байрами кенг нишонланаётгани"ни айтган.

Узоқ танаффусдан сўнг 9 май куни Ўзбекистонда ҳарбийлаштирилган кайфиятда ўтган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek