You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Депутатлар Захарованинг гапидан сўнг ўзбек тилига яна кўпроқ мақом бермоқчи, Ташқи ишлар вазирлиги сукут сақламоқда - O'zbekiston
Ўзбекистон Олий Мажлис депутати Дониёр Ғаниев Россия ташқи ишлар вазири расмий вакили Мария Захарованинг баёнотини Ўзбекистон ички ишига "бурун суқиш", деб таъриф берди. Ғаниев давлат идораларида ўзбек тилини кенгроқ жорий қилиш учун янада кўпроқ чоралар қўллашга чақирди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу борада сукут сақламоқда.
Ўзбекистон Либерал демократлар партиясидан Олий Мажлисга сайланган депутат Дониёр Ғаниев Россия ташқи ишлар вазири расмий вакили Мария Захарованинг ўзбек тили бўйича баҳсларга сабаб бўлган баёнотига муносабат билдирди.
"Замонавий дипломатия қоидаларига кўра, бир суверен давлатнинг мансабдор шахслари ёки расмий вакиллари бошқа бир суверен давлатнинг ички сиёсий-ижтимоий ишларида иштирок этиши ҳамда ОAВларда бундай масалалар юзасидан муносабат билдиришига рухсат берилмайди. Лекин бу давлатнинг Украинанинг cуверен чегараларини ҳам ҳурмат қилмаганини эсласак, унинг расмий вакили томонидан дипломатиянинг оддий этика қоидаларига амал қилинмаслигига ажабланмаса ҳам бўлади", дейди Дониёр Ғаниев.
Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати ўзбек тили тўғрисидаги қонун муҳокамасига Россия расмийсининг аралашганидан қайсидир маънода хурсандлигини билдирган.
"Бошқа томондан, "Давлат тили тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси муҳокамасига Россия ташқи ишлар вазирлиги вакили Захаровани аралашиб, "бурун суққанидан" қайсидур маънода хурсандман. Чунки, биринчидан бугунги кунгача тил масаласи кўпчилик томонидан ижтимоий муаммо сифатида кўриб келинаётган бўлса, Захаровани бу мавзуга аралашиши ортидан эса давлат тили сиёсий масала сифатида кун тартибига чиқди. Давлат тили давлат суверенитети рамзларидан бири эканлиги, унинг мақоми, обрўси ва амалиётда қўлланиши муҳим эканлигини кўпчилик тушуниб етмоқда".
Ғаниевнинг таъкидлашича, шундан келиб чиқиб, парламент ҳам, ҳукумат ҳам ўз сиёсий иродасини "Давлат тили тўғрисида"ги қонун лойиҳасини тезлик билан қабул қилиб, унинг ижроси устидан қатъий назорат ўрнатиш билан намоён этиши керак.
Марғилон сайлов округидан сайланган депутат ўзбек тили мақомини мустаҳкамлаш учун янада кескинроқ чораларга қўл урилиши кераклигини урғулаган.
"Иккинчидан, қонун лойиҳасида назарда тутилган ўзгаришларга қўшимча тарзда, нафақат Ўзбекистон Республикасида барча норматив ҳуқуқий ҳужжатларни ўзбек тилида қабул қилиниши, балки давлат бошқаруви ишларида вазирлик, идора ва ташкилотлар орасида барча ҳужжатлар алмашинуви (жумладан хатлар, ички низом, буйруқ ва баёнлар) давлат тилида амалга оширилиши белгиланиши лозим. Шунингдек, "Реклама тўғрисида"ги қонунга ҳам ўзгартиришлар киритиш орқали мулкчилик шаклидан қатъий назар барча юридик шахслар томонидан тарқатиладиган реклама эълонлари агар давлат тилидан бошқа тилда тайёрланадиган бўлса, рекламанинг давлат тилидаги варианти ҳам тенг миқдорда тайёрланиб, тарқатилиши талаб қилиниши лозим", дейди у.
Британиянинг Оксфорд Брукс университетини тамомлаган 32 ёшли Дониёр Ғаниев қонун ва норматив ҳужжат лойиҳаларини дастлаб рус тилида тайёрлаб, кейин ўзбек тилига ўгириш амалиётидан воз кечиш кераклигини таъкидлаган.
"Ўзим амалиётда гувоҳ бўлганим, Парламентда кўпинча қонун лойиҳаси рус тилида ишлаб чиқилиб, муҳокама қилинади. Ҳолбуки муҳокамада қатнашаётган 10 депутатнинг 5таси рус тилини мукаммал (қонун ишлаб чиқиш даражасида) билмайди, 2таси эса рус тилини деярли билмайди. Лекин муҳокамада иштирок этаётган 2-3 депутатга рус тилида ишлаш қулай бўлгани учун ҳамма рус тилидаги вариант устида ишлашга мажбур бўлинади. Натижада қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида рус тилини яхши билмайдиган депутатлар фаол иштирок эта олмайди. Қолаверса, қонун лойиҳаси дастлаб рус тилида тайёрланиб, сўнгра давлат тилига тўғридан-тўғри таржима қилиниши ҳисобига қонуннинг ўзбек тилидаги вариантидаги баъзи сўзлар, жумлалар ёки атамалар услуб жиҳатдан ғализ бўлиб қолиш ҳолатлари амалиётда кўп учрайди".
Олий Мажлиснинг яна бир депутати Расул Кушербаев ўзбек тилини жорий қилишда масъулиятни ошириш суверен Ўзбекистоннинг мустақил иши эканлигини билдирган.
"Мамлакатда ўзбек тили давлат тили сифатида қонуний ҳисоблангани учун расмий ишда унга риоя этишда масъулиятни ошириш суверен Ўзбекистоннинг мустақил иши. Ҳеч бўлмаса расмий идорада давлат тилида иш юритилмаса давлат тилининг мақоми қоладими.
Ўзбекистон расмий давлат тилига эга суверен мамлакат. Қолганлар ҳам шу суверенликни ҳурмат қилиши шарт", деган у.
Олий Мажлисда қонунчилик палатасининг яна бир депутати, "Адолат" социал демократик партияси фракцияси аъзоси Гулбаҳор Саидғаниева ҳам Россия Ташқи ишлар вазирлигининг муносабатини Ўзбекистон мустақил Ўзбекистон ишига аралашиш, деб баҳолаган.
"Захаровага Мустақил Ўзбекистон қонунларига аралашиш ҳуқуқини ким берди? Биз қонунлар, ҳужжатлар давлат тилида юритилсин, мансабдорлар ўзбек тилини ҳурмат қилишни ўзлари бошлаб берсин деганимиз учун шундай муносабатми? Республикамизда 7 тилда таълим бериладиган бўлса, еттита давлатдан мазкур лойиҳага рухсат олишимиз керакми? Ёки Россиянинг алоҳида ваколати борми?", дейди у.
14 май куни Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова брифинг ўтказган, у ерда Ўзбекистонда ўзбек тилида иш юритмаган давлат мансабдорини жаримага тортиш кўзда тутилган қонун лойиҳаси ҳақидаги саволга жавоб берган.
"Биз юқорида тилга олинган қонун лойиҳаси туфайли оммавий ахборот воситаларида юзага келган муҳокамага эътибор қаратдик. Шундай таассурот туғиладики, унинг тарафдорлари аниқ кам. Изоҳларнинг кўпчилиги шундан далолат қиладики, расмий кундалик ҳаётда рус тилининг сақланиб қолиши тарих руҳи ва бизнинг муносабатларимизнинг ҳозирги сифатига, энг муҳими — ўқиш ва ишлаш борасида Россияни танлаётган кўп сонли Ўзбекистон фуқароларининг манфаатларига тўла мос келади", дея қайди этди Мария Захарова.
Захарова хоним баёнотига муносабат билдирган Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутати, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурҳонов ҳар қандай мустақил мамлакатда тил масаласи ўша мамлакатнинг ички иши эканини урғулади:
"Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили М. Захарова Ўзбекистонда давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгиловчи қонун лойиҳаси бўйича муносабат билдирибди.
1. Суверен давлат ҳудудида тил масаласи тартибга солиниши унинг ички сиёсати масалаларига киради.
2. Рус тили бўйича Россия билан ҳамкорликда дастурларнинг амалга оширилиши бу юртимизда бошқа миллат вакилларига бўлган ҳурматимиз даражасини билдиради. Лекин Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тили ҳисобланади ва давлат органларида иш давлат тилида юритилиши қонуннинг талабидир.
3. Захарова қайси асосга кўра қонун лойиҳасининг тарафдорлари камчиликни ташкил қилиши ва расмий иш юритувида рус тили тўлиқ сақланиб қолган, деган хулосага келди?
4. Давлат идораларида ўзбек тилида иш юритиш Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги алоқаларимиз динамикасига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги керак. Россия расмий вакили бу масаланинг Ўзбекистон фуқаролари манфаатларига зид ёки зид эмаслиги бўйича фикр билдиришга ҳақлими?"
Апрел ойида Ўзбекистон Адлия вазирлиги давлат тилида иш юритишни таъминламаган мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутган қонун лойиҳасини ишлаб чиқди ва муҳокамага қўйди.
Бу янгилик Ўзбекистонда рус тили камситилаётгани ҳақидаги иғвогарона мақолаларга ҳам сабаб бўлди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг Ўзбекистондаги рус тили ҳақидаги баёноти Ўзбекистон Сенати ЕвроОсиё Иқтисодий иттифоқига кузатувчи мақомида қўшилиш ҳақида қарор қабул қилгани ортидан янгради.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek