Россия, мигрантлар ва Сўх – Мирзиёев энди нима қилади? - Ўзбекистон, O'zbekiston, So'x

Ўқилиш вақти: 8 дақ

Россия, мигрантлар ва Сўх - Мирзиёев энди нима қилади? - ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи шу кунларда расмий Тошкент томонидан Ўзбекистон тўқнаш келиб турган яна бир долзарб муаммонинг ҳам сабаби ва ҳам ечими сифатида тилга олинган:

Яна бир бор мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги кўпчиликнинг диққат-эътиборини Ўзбекистон ва ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи масаласига тортган.

Мамлакат Бош вазири бу гал Сўхда, Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги сўнгги зўравон можаро фонида ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи мавзусига қайтган.

Абдулла Ариповнинг сўзларидан бугунги Сўх йўли муаммоси сабаби ва ечими Россия шамсияси остидаги айни шу иттифоқ билан боғлиқ экани англашилган.

Сўх йўли - мустақил Ўзбекистон тарихидаги ҳали-ҳануз ўзининг якуний ечимини топмай келаётган энг долзарб муаммолардан бири бўлади.

Ҳатто, расмий хабарларда ҳам, Сўх йўли маҳаллий аҳолини қийнаб келаётган энг асосий муаммо сифатида талқин этилади ва тилга олинади.

Ўзбекистон давлат чегарасининг айни шу ҳудуди эса, мамлакат мустақиллиги тарихида энг кўп ва энг зўравон можароларга саҳна бўлгани, бўлаётганларидан бири экани кўрилади.

Президент "айтганини қил, қилганини қилма"ми? Мирзиёев, O'zbekiston, дунё - BBC Uzbek

Янги Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничиликка асосланган янгича минтақавий сиёсати натижасида ўтган йил бу йўлни ҳам бир муддат очишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон Бош вазирининг кечаги сўзларидан англашилишича, йўлнинг қисқа фурсатда қайта ёпилишига айнан Қирғизистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо экани сабаб бўлган.

Абдулла Ариповга кўра, Қирғизистон томони ўзига худди ана шундай изоҳ берган ва бунинг учун узр ҳам сўраган.

Қирғизистон эса, ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига 2014 йилда кирган. Яъни, олти йилдирки, бу иттифоқнинг тўлақонли аъзоларидан бири саналади.

Ўзаро чегарадаги сўнгги зўравон можаро Олий Мажлис Сенатининг ҳам Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқида кузатувчи мақомидаги иштирокини расман маъқуллашидан саноқли ҳафталар ўтиб кузатилган.

Ўзбекистон Бош вазири Сўхдаги чиқишида худди шу омилга алоҳида тўхталиб ўтган.

Абдулла Арипов энди Ўзбекистон ҳам ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кузатувчи бўлиб кираётгани ва худди шу мақомида барча ҳуқуқларга эга бўлишини таъкидлаган.

Шундай деркан, Ўзбекистон Бош вазири Қирғизистон томони олдига қўйилган биринчи масала қисқа вақт ичида Сўх-Риштон йўлини очиш бўлганини маълум қилган.

Бунга расмий Бишкек ва Россия илова жорий пайтда Беларусь раиси бўлган иттифоқ қолган аъзоларининг муносабати қандай бўлгани тафсилотлари ноаён қолган. Расмий хабарларда очиқланмаган.

Бошқа томондан, Ўзбекистон президенти ҳалича Олий Мажлис Сенатининг кузатувчилик тўғрисидаги якуний қарорини расман тасдиқламаган.

Аммо бундан аввал Шавкат Мирзиёев ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириш масаласини айнан депутатлар ихтиёрига ташлаган.

"Уларнинг айтгани - маъқул дейишса, маъқул, номаъқул дейишса, номаъқул бўлиши"ни айтганди.

Зўравонликка айланиб кетган жанжал эса, шу йилнинг 31 май куни Ўзбекистоннинг Сўх ва Қирғизистоннинг Қадамжой туманлари туташган ҳудудда келиб чиққан.

Можаро ҳар икки томондан жаъми 200 дан ортиқ кишининг тан жароҳати олиши билан якун топган.

Биргина расмий рақамлардан энг кўп жабрланганларнинг ўзбекистонликлар экани англашилган.

Таъкидлаш жоиз, Шавкат Мирзиёев қудратга келган ўтган тўрт йилча вақт ичида Ўзбекистоннинг бир минтақа давлати билан ўзаро чегарасида бу кўламдаги зўравон можаро кузатилмаган.

Ўзбекистон ва ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи

ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи Ўзбекистонда, ҳатто, глобал коронавирус пандемияси фонида ҳам энг кўп гап бўлаётган хабарлардан бири экани кўрилади.

Иттифоқ аксарият минтақавий таҳлилчилар талқинида расмий Кремлнинг йирик геосиёсий лойиҳаларидан бири сифатида баҳо топиб келади.

Расмий Кремлнинг, айниқса, сўнгги йилларда кучайиб бораётган империалистик амбициялари инъикоси сифатида кўрилади.

Бу каби иқтисодий иттифоққа аъзолик улар томонидан бир давлатнинг сиёсий мустақиллигига таҳдид сифатида ҳам баҳоланади.

Жорий пайтда Ўзбекистон ва нейтрал Туркманистон истисно қолган уч Марказий Осиё давлати - Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон бу иттифоқнинг тўлиқ аъзолари саналишади.

ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолик масаласи аксарият ўзбекистонликлар учун энг ҳассос мавзулардан бири экани кўрилади.

Айрим ўзбекистонликлар, ҳатто, мамлакат мустақиллиги тарихида референдум орқали ҳал этилишини лозим, деб топган саноқли масалалардан бири бўлади.

Бунга биргина уларнинг кибер фазодаги акс-садоларининг ўзиёқ далолат қилади.

Ижтимоий тармоқлардаги айни мавзуга бефарқ бўлмаган кўпчиликнинг эса, ҳали-ҳануз мамлакат сиёсий мустақиллигидан хавотирда экани англашилади.

Орада ҳам мамлакат президенти ва ҳам Бош вазири мавжуд воқеъликка бир эмас, такрор эътибор қаратишган.

"Мустақилликни ким бериб қўйиши"ни айтиб, таъбир жоиз, бу каби хавотирларни босиб ҳам чиқишган.

Мигрантлар ва ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи

Ҳам президент ва ҳам Бош вазир Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириши эҳтимолини дастлаб Россияда меҳнат муҳожирлигида банд миллионлаб фуқаролари омили билан боғлаб тилга олишган.

Ташқи меҳнат миграцияси эса, минтақада аҳолиси энг катта (расман 34 миллиондан ортиқ - таҳр.) ва ишсизлик муаммоси ҳануз долзарб Ўзбекистонда кўпчилик наздидаги энг муҳим масалалардан биттаси бўлади.

Четда меҳнат муҳожирлигида банд энг катта - миллионлаб сондаги ўзбекистонликлар эса, айнан Россия ҳисобига тўғри келади.

Улар кўпчилигининг ортга юбораётган маблағлари Ўзбекистонда қолган оилаларининг ягона тирикчилик манбаи бўлади.

Аммо худди шу фонда - жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон ҳукуматининг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлиқ аъзо эмас, кузатувчи бўлиш қарорига келгани маълум бўлган.

Таклиф кўриб чиқилиши учун Олий Мажлис палаталарига юборилган.

Бу янгиликка ҳам аксарият минтақавий таҳлилчиларнинг баҳолари бир хил бўлмаган.

Бирлари буни "янги Ўзбекистон дипломатиясининг муваффақияти"га йўйишган, бошқалари янги Ўзбекистон "тобора Россия таъсири остига тушиб бораётгани"дан хавотир билдиришган.

Бу каби хавотирларга Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кузатувчилик масаласини, ҳатто, глобал коронавирус пандемияси шароитида сиртдан бўлса-да кўриб чиқишга боргани воқеълиги ҳам замин яратмай қолмаган.

Аммо худди шу манзарада ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи Олий Кенгаши пандемия сабаб, Ўзбекистон илова учинчи давлатларга ижтимоий муҳим аҳамиятга эга маҳсулотлар экспортини вақтинчалик тўхтатиб қўйган.

Бу ҳам аксарият минтақавий таҳлилчилар талқинида расмий Кремлнинг иттифоққа тўлиқ аъзолик борасида Ўзбекистонга навбатдаги босими сифатида баҳо топган.

Бунинг ортидан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Москвадан туриб, Ўзбекистондаги давлат тили билан боғлиқ қонун лойиҳаси муҳокамасига ўз баҳосини берган.

Ўзбекистондаги кўпчилик томонидан бир мустақил давлат "ички ишларига аралашиш ва суверенитетига дахл қилиш" сифатида баҳо топган бу воқеълик ҳам расмий Тошкент кузатувчи бўлиш қарори билан Кремлнинг "жиғига теккани"га оид талқинларга сабаб бўлмай қолмаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий муносабати эса, мавҳум бўлгани кўрилган, вазирлик алоҳида бир давлатдан ном тутмай, баёнот берган.

Аноним сўров ва ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи

14 май кунги ана шу ҳодисадан ҳафта ўтмай, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўзининг аноним сўрови натижаларини эълон қилган.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи фонида "Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи ва Жаҳон Савдо Ташкилотига эҳтимолий аъзо бўлиши таъсирини баҳолаш"ни мақсад қилган бу сўров хулосалари ҳам кўпчилик ўзбекистонликларнинг диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмаган. Сарлавҳаларга чиққан хабарга айланган.

Янги сўров натижалари эса, ўзбекистонлик кўпчилик(78%)нинг Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи эмас, Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзолик тарафдори эканликларини кўрсатган. Иттифоққа аъзоликни ёқловчилар сони эса, 74% ни ташкил этган.

Сўровда тадқиқотчилар, олимлар, давлат хизматчилари, хусусий сектор вакиллари, ўқитувчи ва талабалар қатнашган. Жаъми 1300 дан ортиқ кишининг фикри ўрганилган, уларнинг барча ҳудудлардан экани айтилган. Аммо респондентлар кўпчилиги, яъни улар саксон фоизга яқинини эркаклар ташкил этган. Сўровнома хориж тажрибаси асосида ишлаб чиқилгани англашилган.

Бу ҳақдаги расмий хабарда эса, социологик сўров бу борада жамоатчилик фикрини илмий тадқиқ этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши айтилган.

Бир томондан сўров натижалари эълон қилинган вақт, бошқа тарафдан, айнан кибер фазодаги кайфиятни назарда тутаркан, ҳар икки ташкилотга аъзолик назарда тутилганда ҳам, сўров иштирокчиларининг ярмидан кўпини ифодаловчи бу каби рақамларнинг ўзи ҳам алоҳида эътиборга молик масала, воқеъликка айланган. Таҳлилчиларнинг диққатини ўзига тортган.

Имконли бўлган маълумотлар асосида сўров натижалари билан танишиб чиққан айрим таҳлилчилар унинг табиати, қанчалик "репрезентатив" экани ва респондентларга қўйилган саволларнинг нечоғлик ўнғай эканини савол остига олишган.

Унинг натижаларини таҳлил этаркан, мустақиллиги билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида Ўзбекистонда ҳукуматга бўлган ишончсизлик фундаментал сиёсий вазиятга айлангани омилига эътибор қаратишган.

Худди шу фонда мамлакатда кучли, қарама-қарши бўлган, Ўзбекистоннинг узоқ муддатли манфаатларини очиб бера оладиган тўлақонли ахборот сиёсатининг ўзи қанчалик мавжуд эканига диққат қилишган.

"Мана шундай бир шароитда одамлар Ўзбекистон ҳокимияти ва давлатчилигининг эмас, ўзларининг қисқа муддатли кундалик, ижтимоий, иқтисодий манфаатларидан келиб чиқиб, қарор қабул қилиши, фикр билдириши эҳтимоли ниҳоятда юқори" эканини таъкидлашган.

Жумладан, Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, "Ўзбекистондаги барча сиёсатчилар, сиёсий, ижтимоий ва давлат институтлари, жамоатчилик фикрини шакллантирувчи шахслар, оммавий-ахборот воситалари жамиятда тўлақонли, унинг ўрта ва узоқ муддатли манфаатлари билан боғлиқ бўлган позицияларни ишлаб чиқиб, уларни жамиятга таклиф қилиб, жамоатчилик тафаккурида тўлақонли бир тасаввур пайдо бўлгандан кейингина, бу каби сўровлар муҳим аҳамият касб этади".

Таҳлилчига кўра, "Бу каби жиддий, яъни айнан ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи масаласида Ўзбекистон ҳукумати ўзининг стратегик манфаатлари ва геосиёсий мустақиллигини назарда тутиб қарор қабул қиладиган бўлса, бу - энг аввало унинг ўзи учун фойдали бўлади".

"Мана шундай муҳим стратегик масалаларда ташаббусни жамоатчилик фикрига боғлаш - у қадар ҳам тўғри иш бўлмайди", - дейди суҳбатдошимиз.

Ташкилотлар ва аъзолик

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи баробарида Жаҳон Савдо Ташкилотига кириши масаласи ҳам кибер фазода қизғин баҳсларга сабаб бўлиб келаётган мавзулардан бири бўлади.

Аксарият минтақавий таҳлилчилар эса, Россия ва АҚШ ўртасидаги рақобат манзарасида бу икки ташкилотга аъзолик масаласини расмий Тошкент учун геосиёсий аҳамиятга молик масалага қиёс беришади.

Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг қанчалик мувозанатли ва манфаатли эканини белгиловчи муҳим мезонлардан бири сифатида кўришади.

Бунинг Ўзбекистоннинг геосиёсий ва геоиқтисодий мустақиллиги учун муҳим аҳамият касб этувчи омил экани ва бўлиб қолаверишини алоҳида урғулашади.

Янги аноним сўров натижалари янги Ўзбекистон ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириш эҳтимоли ҳақида сўз юритаркан, дастлаб тилга олган миграция омили ўзбекистонликлар учун бирламчи аҳамият касб этмаганини ҳам кўрсатган.

Сўровнома иштирокчиларининг бор-йўғи 15 фоизи меҳнат муҳожирларининг шароитлари яхшиланишини инобатга олган.

Бундан ҳам кам, яъни 10 фоиз иштирокчи умумий меҳнат бозори шаклланиши натижасида ишчи кучининг давлатлараро ҳаракати янада эркинроқ бўлади, деб баҳолаган.

Глобал коронавирус пандемияси билан кечган икки ой эса, бошқа томондан, ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи ичида муаммолар "бисёр" эканини кўрсатган.

Аъзо давлатлар томонидан нотенг муносабатларга оид шикоятлар кучайган.

Иқтисодий иттифоқнинг тобора сиёсийлашиб бораётгани, миллий суверинитетлари дахл остида қолиши мумкинлигига оид хавотирлар бўй кўрсатган.

Худди шу фонда иттифоқ янги стратегиясини маъқуллаш жараёни ҳам ортга сурилган.

Айрим минтақавий иқтисодий таҳлилчиларга кўра эса, хоҳ ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи бўлсин, хоҳ Жаҳон Савдо Ташкилоти бўлсин, уларга аъзолик қарори ҳақида сўз кетганда энди назарда тутилиши шарт бўлган бошқа бир воқеълик юзага келган.

Жумладан, Москвадан асли ўзбекистонлик эксперт Жамшид Муслимовнинг айтишича, "глобал коронавирус пандемиясидан олдинги важлар бугунга келиб эскирган, янги вазият пайдо бўлган".

Таҳлилчига кўра, худди шу боис ҳам, энди бу каби ташкилотларга аъзолик масаласида янги омиллар, янги муаммоларни кузатиш, ўрганиш ва шу асосда бир қарорга келиш керак бўлади".

"Жаҳонда содир бўлган турли ўзгаришлар, талаб ва таклиф мувозанатининг силжиши, нарх-наволар, савдо ўйин қоидаларидаги жиддий ўзгаришлар, транспорт алоқаларида пайдо бўлаётган муаммолар ва янгидан юзага чиқаётган савдо имкониятларини таҳлил этиши тақозо этилади".

Таҳлилчига кўра, бундан ташқари, Ўзбекистон учун мамлакат ичкарисида бўй кўрсатиши мумкин бўлган ижтимоий зўриқиш, ижтимоий тангликлардан имкон қадар кам зиён билан чиқиш ҳам - энг устивор масала, муаммога айланиши лозим бўлади.

Ташқи меҳнат миграцияси ўтган бир неча ойнинг ўзидаёқ глобал коронавирус пандемиясидан энг кўп зиён чеккан соҳалардан бири экани кўрилади.

Пандемия боис ўзбекистонликлари илова аксарият Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг ишсиз ва даромадсиз қолгани айтилади.

Сўнгги ойларда айнан Россиядан катта сондаги ўзбекистонлик мигрантларнинг ортга қайтиш истагида эканликлари кўрилади.

Таҳлилчи Жамшид Муслимовга кўра, бунга ўхшаш инқироз инсониятнинг бу яқин тарихида бўлмаган.

Устига устак, ҳозирда дунё бўйлаб коронавируснинг иккинчи тўлқинига оид хавотирлар, башоратлар ўртага чиққан.

Вирусга қарши вакцинанинг ҳали-ҳануз имконсиз экани эса, мавжуд вазиятни янада мураккаблаштирган.

Айнан қачон ниҳоя топишининг мавҳумлиги эса, бугун бўй кўрсатиб турган ана шу инқирознинг энг асосий хусусиятига айланган.

Аллақачон дунёнинг энг қудратли давлатларини ҳам озмунча мушкулот қаршисида қолдирмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek