Ўзбекистон: Сўх аҳолиси ва қирғизистонликлар ўртасида жанжал келиб чиқди

Маҳаллий аҳоли тарқатган хабарлар ва расмий маълумотларга кўра, ҳодиса Сўх туманининг Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани билан туташ ҳудудида жойлашган булоқ туфайли содир бўлган.

Сўхнинг Чашма қишлоғи ва Боткен туманининг Чечме қишлоғи аҳолиси чегара ҳудудда жойлашган булоқнинг қайси мамлакатга тегишлилиги борасидаги тортишувлар ортидан тўқнашгани айтилмоқда.

Интернетда тарқалган видеоларда икки томон бир-бирини тошбўрон қилаётгани, тўсиқларни бузишга ҳаракат қилаётгани, шунингдек, одамлар ярадорларни ҳодиса жойидан олиб чиқаётганини кўриш мумкин.

Бундан ташқари тўқнашув жойида чегарачилар томонидан ўқ узилгани тўғрисида хабарлар тарқалган, аммо уларни тасдиқловчи расмий хабар йўқ.

ДХХ Чегара қўшинлари тарқатган хабарда юзага келган ҳолат бўйича икки давлатнинг маҳаллий масъул раҳбарлари учрашгани айтилади.

"Айни вақтда вазият назорат остида. Низонинг сабаб ва оқибатларини бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда", дея хабар берган ДХХ Чегара қўшинлари.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Акрам Мадумаров матбуотга булоқ туфайли икки мамлакат фуқаролари ўртасида тез-тез низо қўзғашини маълум қилган.

"Ҳар йили икки томон аҳолиси шу булоқни биргаликда тозалайди. Номаълум сабабларга кўра, бу йил томонлар ўртасида жанжал чиққан. Маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳозир воқеа жойида. Жароҳатланганлар ҳақида менда аниқ маълумот йўқ. Маҳаллий ҳокимият вакиллари музокара олиб бормоқда. Бу - баҳсли ҳудуд, булоқдан икки тараф ҳам фойдаланади, шунинг учун можаро кўп чиқади. Лекин, вазият кескинлашишига йўл қўймаймиз", деган у Азаттық радиосига.

Айни вақтда, жароҳатланганлар тўғрисида аниқ расмий маълумотлар берилмади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek