You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Сўх муаммоси ечими оддийми? So'x, O'zbekiston, Qirg'iziston
31 май куни Сўхда рўй берган ҳодиса узоқ йиллардан бери ушбу ҳудудда кузатилиб келинган зиддиятларнинг навбатдагиси бўлди.
Маҳаллий аҳоли тарқатган хабарлар ва расмий маълумотларга кўра, Фарғона вилоятига қарашли Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани туташган чегара ҳудудидаги қишлоқларда сув туфайли низо келиб чиққан.
Мазкур хабарларда Сўхнинг Чашма ва Қадамжой туманининг Чечме қишлоқлари аҳолиси Чашма номли булоқнинг қайси давлатга тегишли экани юзасидан чиққан тортишувлар ортидан тўқнашгани айтилади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Чашма булоғининг ариқларини биргаликда тозалаш пайтида юзага келган баҳслашув натижасида икки мамлакатнинг айрим фуқаролари ўртасида можаро келиб чиққан.
Вазирлик Чашма булоғи Ўзбекистон ва Қирғизистон аҳолисини ичимлик ва суғориш суви билан таъминлаши ва булоқдан биргаликда фойдаланиш тўғрисида келишув мавжуд эканини қўшимча қилади.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва суратларда Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари бир-бирини тошбўрон қилаётгани, воқеа жойига кўп миқдорда оломон тўплангани, одамлар ярадорларни воқеа жойидан олиб чиқаётгани ҳамда бир неча уйларга ўт қўйиб юборилганини кўриш мумкин.
Тасдиқланмаган хабарларда 100 дан зиёд инсон тан жароҳати олгани иддао қилинади. Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги зиддият оқибатида 25 киши яралангани ҳақида хабар қилган.
1 июнь куни Бош вазир Абдулла Арипов чегара ҳудудига ташриф буюриб, Қирғизистон томони билан музокаралар ўтказган. Томонлар муаммони икки томонлама текширишга келишиб олган.
Шунингдек, Абдулла Арипов Сўх тумани аҳолиси билан ҳам учрашган, уларнинг муаммолари ва талабларига қулоқ тутган.
Ижтимоий тармоқда пайдо бўлган видеода халқ билан мулоқот очиқ тарзда кечганини кўриш мумкин.
Маҳаллий аҳоли вакиллари ва расмийлар вазият назоратга олинганини маълум қилмоқда. Бироқ бу Сўх билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас.
Ўтган бир неча йил ичида икки давлат фуқаролари бир неча бор тўқнашгани кузатилган.
Бундай оммавий тартибсизликларнинг энг йирикларидан бири 2013 йилнинг январь ойида содир бўлган эди. Ўшанда чегара қишлоқлар ҳудудларига симёғочлар ўрнатаётган қирғиз чегарачиларига Сўх аҳолиси қарши чиққан, оқибатда, кескин тўқнашувлар юзага келган эди.
Мураккаб ҳудуд
Сўхда нега бундай воқеалар тез-тез кузатилиб туришининг сабаби яқин тарих билан боғлиқ. Қирғистон ҳудудидаги Ўзбекистон ери бўлган бу мураккаб ҳудуддаги бу каби зиддиятлар, кўпинча, миллатлараро низо сифатида тасвирланади, ижтимоий тармоқларда томонлар бир-бирини миллатчиликда, этник низо қўзғатишда айблайди.
Бироқ сиёсий таҳлилчилар Сўхнинг асосий муаммоси этник низолар, деган қарашга у қадар қўшилмайдилар.
Улар яқин тарихда бўлиб ўтган икки томонлама жанжалларни Сўхнинг мураккаб геосиёсий жойлашуви, мамлакатлар ҳукуматларининг чегара масалаларини биргаликда, муроса йўли билан ҳал этишдаги иродасизлиги билан изоҳлайдилар.
Хўш, Сўх ўзи қандай ҳудуд? У қай тарзда пайдо бўлган?
Расмий маълумотларда умумий майдони 220 kv.km, бошқа манбаларда эса 350 кв.км майдонни ўз ичига олиши айтилган бу ҳудуд тўлалигича Қирғизистоннинг Боткен вилояти томонидан ўраб олинган бўлиб, у Ўзбекистоннинг эксклави ҳисобланади.
Совет Иттифоқи парчаланганидан кўп ўтмай, Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасида Ўзбекистон томонига Сўхга Қирғизистон ҳудудидан ўтадиган йўллар орқали боришга имкон берувчи келишув имзоланган.
Бироқ 1999 йилда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари Тожикистондан Фарғона водийсига киришга уриниши ортидан расмий Тошкент зирҳли оғир ҳарбий техникани Сўхга олиб кирган ва бу амал Қирғизистон томони ҳамда халқаро кузатувчиларнинг кескин танқидига учраган эди. Бунинг ортидан икки давлатнинг Сўх юзасидан муносабатига совуқчилик тушган, Сўх деярли қамалда қолиб кетган.
Марҳум Ислом Каримовнинг қўшнилар билан илиқ бўлмаган муносабати ортидан чегара муаммоси келгуси йилларда ҳам ечилмай қолиб кетади.
Сиёсий таҳлилчилар томонидан халқаро қонунларга зид экани айтилган бўлсада, Сўхда Ўзбекистон қуролли кучларининг мавжудлиги 2000 йиллар боши давомида икки томонлама зиддиятларнинг камайишига сабаб бўлган.
Аммо 2009-2010 йиллар чегара ҳудудларда яна тўқнашувлар, зўравонлик ҳаракатлари юзага кела бошлайди. Доимгидек, томонлар бу ҳодисаларда бир-бирини айблаб чиқади.
Бунинг ортидан Ўзбекистон Сўхдаги ўз ҳарбий мавжудлигини кучайтиради, лекин орадан ҳеч қандай вақт ўтмай, Сўхдаги деярли барча Ўзбекистон ҳарбийлари ҳамда техникалари олиб чиқиб кетилади ёки халқаро кузатувчилар таъбири билан айтганда, сўхликлар ўз ҳолига ташлаб қўйилади.
Сиёсий ирода
Сўхликлар дуч келган асосий муаммо - бу Сўхни Қирғизистон ҳудуди орқали Ўзбекистон билан боғлайдиган корридор масаласи ҳал этилмаганидир.
Халқаро кузатувчилар Сўх, Шоҳимардон каби Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги эксклавлари муаммоси, аниқланмаган ва баҳсли чегара ҳудудлари масаласини ҳар икки давлатнинг миллий манфаатларидан келиб чиқиб ҳал қилиш у қадар мушкул эмаслигини таъкидлайди.
Бироқ Ислом Каримовнинг вертикал ҳокимият бошқаруви усули туфайли масъул мансабдорларнинг мустақил қарор ва таклифлар ололмагани ҳамда Каримов ҳукуматининг Қирғизистонга нисбатан ишончсизлик билан муносабатда бўлиши ортидан эксклавлар муаммоси бир неча ўн йиллардан бери давом этиб келаётгани айтилади.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан, айниқса, унинг 2017 йилдаги Қирғизистонга ташрифидан сўнг чегаралар муаммоси ҳал этилиши, савдо алоқаларининг жонланишидан умид кучайган эди.
Шавкат Мирзиёев ҳукумати даврида Қирғизистон билан қатор оғриқли чегара масалалари ҳал этилди, икки давлат фуқароларнинг чегараларни кесиб ўтиши анчайин осонлашди.
Бироқ Сўх масаласида арзирли олдинга силжиш кўзга ташланмади.
Ҳозирга қадар эса сўхликлар эксклавга кириб чиқиш учун ҳар икки мамлакатнинг бир қанча чегара пунктларидан ўтишга мажбур ҳолда яшаб келмоқдалар.
Ҳудуднинг мамлакатнинг асосий қисмидан узилиб қолганлиги, савдо алоқаларининг фалажланиб қолгани эса Сўхдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга жиддий салбий таъсир келмоқда.
Сўхликларнинг сўзларига кўра, улар аксарият ҳолатларда қамал шароитида яшашдан ўзга илож топа олмаяптилар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek