Ўзбекистон: Коронавирус хавфи аригани йўқ - O'zbekiston

President.uz

Сурат манбаси, President.uz

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси юқтирганлар сони 3281 нафарни ташкил этмоқда. 2624 бемор касалликдан соғайган. Қайд этилган ўлим ҳолатлари 13 та.

Коронавирус масаласига мамлакат президенти ҳам эътибор қаратган.

Инвестиция масалаларига доир видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев пандемияга қарши курашда эришилган муваффақиятлар бепарволик оқибатида барбод бўлиши мумкинлиги урғулаган.

Президентга кўра, "...кейинги кунларда коронавирус билан касалланганлар сони республикамизда ҳам кўпайганлиги қайд этилмоқда.Айтиш керакки, аксарият ҳудуд ва корхона раҳбарлари, фуқароларимиз карантин чораларининг юмшатилганини "касаллик тугади" деб, нотўғри қабул қилмоқдалар. Бугунгача чет элдан олиб келинган фуқароларимиз сони 47 мингтани ташкил этмоқда. Афсуски, уларнинг, айниқса кейинги икки ҳафта давомида кириб келганларнинг аксариятида коронавирус аниқланган.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, беморларнинг қарийб 50 фоизини хориждан келган фуқаролар ташкил этади.

Хорижда навбат кутаётган ўзбекистонликлар

official

Сурат манбаси, official

Шавкат Мирзиёевнинг коронавирусга доир чиқишидан маълум бўлишича, 100 минг нафардан ўзбекистонликлар ватанга қайтиш истагини билдиришган.

Мутахассисларга кўра, бу асосан Россияда бўлиб турган ўзбекистонликлардир.

Ўзбекистон бўйлаб 40 та туман (шаҳар) "қизил", 45 таси "сариқ" ҳудуд сифатида қолаётгани ҳам айтилган.

Президент Мирзиёевга кўра, "…энг ташвишлиси, ўтган 10 кунда аҳоли ўртасида касалланганлар сони ҳам ошиб бормоқда.Жумладан, Навоийда 57 та, Самарқандда 73 та, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 114 та шундай ҳолат аниқланган. Айниқса, бозорлар, савдо комплекслари, банкларда ижтимоий масофага амал қилмаслик, кўча-кўйда тиббий ниқоб тақмаслик, бемалол ва хотиржам бўлиб, уйларда турли тадбирлар ўтказиш ҳолатлари кўпаймоқда".

Касаллик аҳоли орасида ҳам аниқланяпти

kun.uz

Сурат манбаси, kun.uz

25 май куни ўтган брифинг чоғида Давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирус инфекциясига чалинган шахслар аҳоли орасида ҳам аниқланаётганини маълум қилиб, одамларни ўрнатилган карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилишга чақирган.

Инспекторнинг таъкидига кўра, агар касаллик тарқалиши яна авж олиб кетадиган бўлса, қўлланиладиган карантин чекловлари кескин ва жиддий бўлиши мумкин.

Бундан аввалроқ Kun.uz интернет нашри билан суҳбатлашган Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари - вазирлик ҳузуридаги санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳодир Юсупалиев ҳам агар касалланиш ҳолатлари шу тарзда давом этса, қатъий карантин чоралари қайтарилишини билдирган эди.

Коронавирус

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.