Ўзбекистон: Карантин чекловлари янада кескинлашиши мумкин - янгиликлар O'zbekiston

26 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси юқтирганлар сони 3261 нафарни ташкил этмоқда.
2607 бемор касалликдан соғайган, яна 641 инсон касалхоналарда қолмоқда.
Қайд этилган ўлим ҳолатлари 13 та.
Касаллик аҳоли орасида ҳам аниқланяпти
25 май куни ўтган брифинг чоғида Давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирус инфекциясига чалинган шахслар аҳоли орасида ҳам аниқланаётганини маълум қилиб, одамларни ўрнатилган карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилишга чақирган.
Инспекторнинг таъкидига кўра, агар касаллик тарқалиши яна авж олиб кетадиган бўлса, қўлланиладиган карантин чекловлари кескин ва жиддий бўлиши мумкин.
Бундан аввалроқ Kun.uz интернет нашри билан суҳбатлашган Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари - вазирлик ҳузуридаги санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳодир Юсупалиев ҳам агар касалланиш ҳолатлари шу тарзда давом этса, қатъий карантин чоралари қайтарилишини билдирган эди.
Uzbekistan Airways хорижий бошқарувга берилиши мумкин
25 май куни президент Шавкат Мирзиёев транспорт соҳасига бағишланган йиғилиш ўтказган.
Йиғилишда карантин чекловлари туфайли транспорт корхоналари ҳозирга қадар 340 миллиард сўм зарар кўргани маълум қилинган.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқаро авиацияси соҳасида монопол бўлган Uzbekistan Airways'ни нуфузли хорижий компания бошқарувига бериш масаласи ҳам кўриб чиқилган.
Бундан ташқари президент Мирзиёев мамлакатдаги ички йўллар аҳволи ёмонлиги, одамлар бундан норози эканини таъкидлаган ва Қамчиқ довонида муқобил туннель қурилишини ўз ичига олувчи «Тошкент-Андижон» пуллик автомобиль лойиҳаси бўйича тендер эълон қилиниши ҳам белгиланган.
Япония қишлоқ аёлларига $3 миллион ажратади
Gazeta.uz сайтининг Ўзбекистондаги Япония элчихонаси маълумотларига таяниб ёзишича, мамлакат ҳукумати қишлоқ ҳудудларида яшовчи ўзбекистонлик аёллар учун коронавирус пандемияси даврида иқтисодий имкониятларини кенгайтириш йўлида $3 миллион кўмак ажратади.
"Фарғона, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида яшовчи 3500 нафарга яқин аёллар профессионал таълим олиш имконига эга бўладилар, улар учун молиявий шароитлар ва тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятлари янада кенгаяди", ёзади нашр.
Президент топшириғи ортидан юзлаб одам кўчада
Андижоннинг бир неча туманларида "Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам" шиори остида пиёда юришлар бўлиб ўтди.
Юришлар ташкил қилинган Избоскан ва Жалақудуқ туманлари ҳокимликлари тарқатган маълумотларга кўра, одамлар президентнинг соғлом турмуш тарзига амал қилиш бўйича берган топшириғига асосан, карантин чоралари ҳали амалда бўлиб турган бир вақтда, кўчага чиқарилган.
"Берилган топшириқ ва вазифаларни Жалақудуқ туманида ижросини таъминлаш мақсадида Жалақудуқ тумани ҳокими Фурқатбек Бузруков бошчилигида сектор раҳбарлари, туманимиз нуроний отахон ва онахонлари, Ёшлар иттифоқи фаоллари ва ташаббускор ёшлар, туман спорт бўлими, ҳамда фаол аҳоли қатлами иштирокида, "Соғлом ҳаёт сари қадам бос" шиори остида пиёда юриш марафони ўтказилди", хабар қилади Жалақудуқ туман ҳокимлиги.
15 май ҳолатига кўра, Избоскан тумани яшил, Жалақудуқ тумани эса хавф даражаси ўртача бўлган сариқ ҳудуд этиб белгиланган.
$30 миллионли ўзбек гилоси экспорт қилинди

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўзбекозиқовқатхолдинг мутахассислари томонидан тайёрланган таҳлил натижаларига кўра, 25 майга қадар 15,751 тонна ($31,1 миллион қийматдаги) ўзбек гилоси хорижга экспорт қилинган.
"Ушбу мавсумда ҳам қўшни Қозоғистон ўзбек гилосининг асосий харидори эканлигини кўрсатган ҳолда 7,700 тонна гилосни харид қилиб олди. Россия Федерациясига 4,551 тонна, Қирғизистонга эса 3,320 тонна гилос экспорт қилинди", дейилади хабарда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












