Хушторини ўлдирган спортчи айбдор деб топилди

Сурат манбаси, AFP
Претория маҳкамаси жанубий африкалик таниқли югурувчи Оскар Писториусни эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдиришда айбдор, деган хулосага келди.
Бу хусусдаги маҳкама ҳукми 13 октябр куни эълон қилинади.
Ногирон спортчининг ўзи эса, унгача товон пули эвазига озодликка чиқарилди.
Икки оёғи ампутация қилинган Оскар Писториус 2012 йилги Лондон Ёзги Паралимпия Ўйинларининг олтин медали соҳиби саналади.

Сурат манбаси, AFP
Аввалбошда спортчига ўз хуштори Рива Стинкампни қасдан ўлдириш айби қўйилганди.
Аммо, бугун ҳакам Токозиле Масипанинг эълон қилишича, маҳкама жараёнида бу каби айблов ўз исботини топмаган.
Жума кунги маҳкама жараёнида ҳакам Писториусни машина деразасидан ўқ узишда айбдор, деб топган.
Бундан ташқари, одамлар билан тўла ресторанга қарата ўт очиш билан яна қонунни бузганлигини айтган.

Сурат манбаси, Getty
Аммо спортчидан ўз уйида ноқонуний равишда ўқ-дори сақлаш айби олиб ташланган.
Жанубий Африка прокуратураси маҳкама ҳукмидан ҳафсаласи пир бўлганлигини билдирган.
Халқаро Паралимпия қўмитаси эса, Оскар Писториуснинг спорт мусобақаларида иштирок этишига тўсқинлик қилмаслигини айтган.
У спорт ишқибозлари орасида “Тиғ устида югурувчи” номи билан ҳам машҳур.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02








