|
Дунё менинг нигоҳимда | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Дунё мудом ҳаракатда. Унда кечаётган ҳар қандай ўзгариш, ҳар қандай янгиланишларнинг инсоният тақдирида, инсонлар тақдирида изсиз кечмаслиги аниқ. Бугун дунёнинг қайсидир бир бурчагида кимдир қуролли низолар, яна қай бир қиррасида табиий офатлар, бошқа бир бурчида эса, ижтимоий-иқтисодий беқарорликлар гирдобида. Кимлардир иқтисодий фаровонликдан баҳраманд бўлса, яна бирлари қашшоқлик азобидан азиятда...Дунёнинг қай бир қисмида бўлманг, сизнинг ҳаётингиз қандай кечмоқда? BBCUzbek.com нинг янги лойиҳаси қаҳрамонлари бугунги кун ҳаётини яшаётган ана шундай инсонлардир. Суданлик дезертир иқрорлари...
Халқаро Жиноят Маҳкамаси Дарфурдаги уруш жиноятлари юзасидан Судан Президенти Умар ал-Баширни ҳибсга олишга буйруқ берган. Судан ҳукумати эса, доимо ўзига қарши суриб келинаётган айбловларнинг сиёсий важларга асосланганини айтиб келади. Бироқ Дарфурда хизмат қилган суданлик собиқ аскар мухбиримиз Майк Томсонга ўз бошидан кечирганларини мана бундай ҳикоя қилади: Дарфурлик сермулозама ва юмшоқ оҳангда сўзловчи суҳбатдошим Холид (асл исми эмас) ўз ўтмиши ҳақида сўзлашдан оғринади. Бироқ қисқа вақт ўтмай, бунинг сабаби ойдинлашади. "Бизга қишлоқларни таг-туги билан ёқиб ташлаш буйруғи бериларди," дейди Холид. "Бизларга, шунингдек, булоқларнинг сувини заҳарлаш, аёлларни ўлдириш ва 13-14 ёшли қизларни зўрлашимиз лозимлиги ҳам айтиларди," дея ўз ҳикоясида давом этади у. Келиб чиқиши қора африкалик бўлган Холиднинг айтишича, уни 2002 йилнинг охирларида президент Умар ал-Баширнинг Судан армиясига мажбуран хизмат ёллашган. Холид жанжавидчи жангарилар ёрдамида Дарфурдаги қишлоқларга уюштирилган ўнга яқин ҳар хил ҳужумларда иштирок этганини тан олади. Унинг даъво қилишича, ўзига берилган шафқатсиз буйруқларни адо этишдан кескин бош тортган. "Улар мендан бир қизни зўрлашим кераклигини айтишди. Мен қизнинг ёнига бориб, унинг қаршисида қотиб қолдим. Кўзларимга ёш қуйилди. Улар менга, "Агар қизни зўрламасанг, сени калтаклаймиз," деб пўписа қилишди. Мен бош тортгандим, милтиқнинг қўндоғи билан роса туширишди. "Бироқ қайтиб қизнинг ёнига борган эсам-да, бундай ишни қилолмадим. Қизни бир бурчакка олиб бориб, ўзимни 10-15 дақиқа гўёки уни зўрлаётгандек қилиб тутдим," дейди Холид. Кейин улар мендан, "Қизни зўрладингми?" деб сўрашди. Мен, "Ҳа," деб жавоб бердим. Орадан қисқа вақт ўтмай, Холид ва яна қолган аскарлар базага қайтиб кетишади. Базага боргач, Холидга зудлик билан бошқа бўлинмага қўшилиш буйруғини беришади. Холид бундай қилишдан бош тортгач, уни калтаклаб, қийнашади, оёқлари ва орқасини куйдиришади. Олган жароҳатлари сабаб Холид беш ҳафта ҳарбий шифохонада ётиб чиқади. Холиднинг айтишича, бундан анча аввал унга Дарфурдаги қишлоқларга қарши уюштирилган шафқатсиз рейдларда иштирок этиш буйруғи берилади. Мен ундан шундоқ ҳам ҳеч қандай қаршилик кўрсатмайдиган тинч фуқароларга қарши нима иш қилиш буйруғи берилгани ҳақида сўрайман. "Улар бизга қишлоқдагиларнинг барчасини ўлдиришимиз кераклигини айтишди," деб жавоб беради Холид. "Ҳаттоки чайлаларда қолиб кетган болаларни ҳам ўлдиришимиз лозим эди. Рейдни кўрган кишилар йиғлаб, чайлаларидан чопиб чиқиб, бошлари оққан томонга қараб қочишарди. Агар иккитадан кўп фарзандлари бўлса, қолган болалари чайлада қолиб кетишарди. Агар шундай болаларни кўриб қолсангиз, уларни отиб ташлашингиз керак бўларди," дея давом этади у... Давоми бор. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||