Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 05 Март, 2009 - Published 13:30 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Дунё менинг нигоҳимда

Дунё мудом ҳаракатда. Унда кечаётган ҳар қандай ўзгариш, ҳар қандай янгиланишларнинг инсоният тақдирида, инсонлар тақдирида изсиз кечмаслиги аниқ. Бугун дунёнинг қайсидир бир бурчагида кимдир қуролли низолар, яна қай бир қиррасида табиий офатлар, бошқа бир бурчида эса, ижтимоий-иқтисодий беқарорликлар гирдобида. Кимлардир иқтисодий фаровонликдан баҳраманд бўлса, яна бирлари қашшоқлик азобидан азиятда...Дунёнинг қай бир қисмида бўлманг, сизнинг ҳаётингиз қандай кечмоқда? BBCUzbek.com нинг янги лойиҳаси қаҳрамонлари бугунги кун ҳаётини яшаётган ана шундай инсонлардир.



Афғон уруши хотиралари...


Жорий ойда Шўро қўшинларининг Афғонистонни тарк этганларига 20 йил тўлди. Шўролар ҳукумати томонидан Афғонистондаги коммунистик тузумни дастаклаш учун ва кўпчилик назарида умуман кераксиз бўлган урушда 15 мингга яқин аскар, зобит, ҳамшира, таржимон ва маслаҳатчилар қурбон бўлишганди. 15 феврал куни Шўро қўшинлари қумондони "Дўстлик" чегарасидан ўтиб, ортида биронта ҳам аскар қолмади, деган вақти яна қанча асирларнинг мужоҳидлар қўлларида қолганлиги балки-да ҳеч қачон ошкор бўлмайдиган сирдир. Ана шу сана муносабати билан эътиборингизга ҳавола этаётган ҳикояларимиздан биринчиси афғон урушида ўғлини "йўқотиб" дафн этган, бироқ яна қайта топган отанинг кечмишидир:

Мен Ҳамдамов Отаназар, Тожикистоннинг “Қатаған” қишлоғида яшайман. Ўғлим саксонинчи йиллар бошларида Афғонистонда хизмат қилган. Хизматда экани пайтида янглиш бир воқеа бўлиб, Афғонистондан унинг жасади солингани айтилган темир тобутни олиб келишди. “Военкомат”дан келганлар тобутни очишимизга қўйишмади. Қўйишганда, албатта, жасаднинг кимлигини танирдик. Аза очдик, катта аза маросими бўлди. Ҳамма халқ йиғилиб, ўғлимнинг жасадини қабристонга олиб бориб, тупроққа қўйдик. Онаси йиқилиб қолди. Орадан бир қанча вақт ўтгандан кейин ўғлимдан хат келиб турганига нима дейсиз!...”Военкомат”га қараб чопдик. Қайта-қайта қатнадик. Сўраб, суриштирдик. Кейин билсак, жасад ўғлимники эмас, Самарқанднинг Пахтачи туманида яшовчи бир оиланинг фарзанди экан. Шундан сўнг қабрни қайта очиб, жасадни олиб кетишди. Бир неча ой ўтиб эса, ўғлим Афғонистондаги “командирлари” билан уйимизга кириб келди...


Мен Мадаминов Ҳусайн, Афғонистонда қарийб икки йил бўлдим. Икки марта “контузия” олдим. Бир марта яраландим. Минанинг устига тушиб қолдик. Лекин Худо, деган эканмиз биз омон қолдик. Лекин олдимизда кетаётган танкдан асар ҳам қолмади. Улар “авиационний” минага дуч келишган, биз учрагани эса, кичикроқ экан. Токи Афғонистондан чиқиб кетгунимизча, кўп киши ўлиб кетди, кимдир минага дуч келиб, яна бирининг тикучарини уриб туширишди, биз турган постларга деярли ҳар кеча ҳужум қилишарди. Мен умуман ичмайдиган одам Афғонистонда ичишни ўргандим. Жангдан кейин одамзод ёмон қўрқади. Кечқурун мижжа қоқолмайсиз. Ҳаммаси кўз ўнгингизда гавдаланади. Ҳали уни отиб ташлашгани, ҳали буни...Бир куни эса, бундан ҳам даҳшатли воқеа юз берди. Олдимиздан бир бола чиқиб қолди. Афғонлар унинг қўл-оёқларини болта билан кесиб ташлашган экан. Биз келганда, илтимос, мени отиб ташланглар, чунки мен барибир ҳам ўламан, кўп қон йўқотганман, қийналишни хоҳламайман, деб айтди. Орамиздан тажрибаси кўпроқ бўлган бир хизматдошимиз чиқиб, боланинг гапи рост, унинг ўрнида бўлсам, мен ҳам худди шундай қилишларини сўрардим, деди-да, уни шартта пешонасидан отиб ташлади. Иложи борича ҳар бир аскар қўлга тушмасликка ҳаракат қиларди ёки ўзи билан бирга граната олиб юрарди. Қўлга тушсам, ўзимни портлатиб юбораман, деб. Чунки қўлга тушган одамнинг ҳоли вой бўлиб, ҳар доим ҳам асирликдан тирик чиқа олмасдингиз. Лекин орамизда Афғонистонда қолиб кетиб, уйланиб, мусулмончиликни қабул қилганлар ҳам оз эмас эди. Лекин шунда ҳам кимнинг қўлига тушиб қолганингизга боғлиқ эди...

Давоми бор.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy