|
Дунё менинг нигоҳимда | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Дунё мудом ҳаракатда. Унда кечаётган ҳар қандай ўзгариш, ҳар қандай янгиланишларнинг инсоният тақдирида, инсонлар тақдирида изсиз кечмаслиги аниқ. Бугун дунёнинг қайсидир бир бурчагида кимдир қуролли низолар, яна қай бир қиррасида табиий офатлар, бошқа бир бурчида эса, ижтимоий-иқтисодий беқарорликлар гирдобида. Кимлардир иқтисодий фаровонликдан баҳраманд бўлса, яна бирлари қашшоқлик азобидан азиятда...Дунёнинг қай бир қисмида бўлманг, сизнинг ҳаётингиз қандай кечмоқда? BBCUzbek.com нинг янги лойиҳаси қаҳрамонлари бугунги кун ҳаётини яшаётган ана шундай инсонлардир.
Зимбабведа вабо эпидемияси тарқалар экан, мамлакат президентига бу борада шошилинч чоралар кўриш борасида босимлар кучаймоқда. Мамлакат бўйлаб ярим мингдан кўпроқ инсон вабодан нобуд бўлган, ҳозирда фавқулодда ҳолат эълон этилган. Зимбабве пойтахти Харареда яшаб, истиқомат қилаётган 28 ёшли Истер ( бу унинг ҳақиқий исми эмас) бугун зимбабвеликларнинг қанчалик чорасиз аҳволда эканликларини мана бундай тасвирлайди: Хараре: "Ҳаддан зиёд мушкулотлар" Биз шунча вақт бадалида можароларнинг тинч йўл билан ечилишига умид қилиб, сабр-тоқат қилиб келдик. Бироқ ҳозирга келиб, сабр косамиз ҳам тошиб кетди. Шароит ҳеч ким тоқат қила олмайдиган, қабул қила олмайдиган даражага етди. Шаҳарга сув таъминотининг кесиб қўйилиши вабо хасталигининг авж олишига олиб келди, қанча миқдорда нақд пул олишингиз чекланган ва хавфсизлик кучлари ҳам қуюшқондан чиқиб боришмоқда. Бизнинг бундан яхшироқ ҳаёт кечиришга ҳаққимиз бор. Мамлакатимиз уруш ичида бўлмаса ҳам яшаётган ҳаётимизга қаранг. Зимбабвега нималар бўлаяпти, ўзи?! Кундалик турмуш Кўплаб кишилар оламдан кўз юмишмоқда. Фуқароларнинг даволанишларига имконият йўқ. Чунки шаҳардаги иккита асосий касалхона ёпиб қўйилган. Кичикроқ маҳаллий шифохоналарнинг ҳам фаолиятлари тўхтатиб қўйилгани дард устига чипқон бўлган. Шаҳарнинг айрим кўчаларида эса, оқава сувлар оқиб ётибди. Бироқ аҳолининг қашшоқ қисми яшайдиган ўта зич ҳудудлардаги фуқаролар беш йилдан буён ҳар куни шу аҳволга дуч келишади. Бу ердаги манзаралар эса, вабо хуружи авж олгандан кейингина ойдин бўла бошлади. Мен яшайдиган жойда сув муаммоси ҳали таъминот буткул тўхтатиб қўйилмасдан аввал ҳам мавжуд эди ва аллақачон одатий тус олган. Жўмракни очсангиз, гоҳида сув келади, баъзида эса, бир томчи ҳам келмайди. Ҳозир ҳаммамиз сув излаб, қудуғи бор қўшнимизникига ўтамиз. Тоқат қилиб бўлмайди Хараре сувни Зимбабве Миллий Сув идорасидан олади. Улар бераётган сув ичишга яроқсиз бўлгани боис шаҳарда яшаш имконсиздир. Барча сувни қайнатиб ичади. Газ, ток бўлмагани учун эса, ўчоқда ўтин ёқиб, сувни қайнатишингиз керак бўлади. Мен сув таъминоти идорасида ишлайдиган инсонлардан ҳайратга тушаман. Улар ҳар ой маош олишларига қарамасдан, ҳали-ҳануз шаҳар сув таъминотини кўнгилдагидек йўлга қўя олишмаган. Бунга тоқат қилиб бўлмайди. Мен дунёнинг ҳеч бир давлатида чиқиб олиб, ичимлик суви керагича кимёвий тозалашдан ўтмаганидан хабарлари йўқлигини айтадиган масъулларни учратмаганман. Бу - буткул масъулиятсизликдир. Ҳеч кимнинг нималар бўлаётгани билан иши йўқ. Мавжуд вазият мени жуда-жуда ташвишга солади. Тўғриси, қонимни қайнатади. Кеча ишдан қайтарканман, мен билан бирга ишчи автобусда бўлган ҳар бир киши шаҳардаги вазиятни кўриб, жуда чуқур ларзага тушди. Шаҳар марказида уйларига олиб кетиш учун қўлларида челак, хумча, мева шарбати ва сувдан бўшаган идишларни кўтариб олган инсонларнинг сони кун сайин ортиб бораётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Ҳамма бир-биридан қудуғингиз борми, деган саволни сўрагани-сўраган. Давоми бор. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||