Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 29 Ноябр, 2008 - Published 14:44 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Дунё менинг нигоҳимда

Дунё мудом ҳаракатда. Унда кечаётган ҳар қандай ўзгариш, ҳар қандай янгиланишларнинг инсоният тақдирида, инсонлар тақдирида изсиз кечмаслиги аниқ. Бугун дунёнинг қайсидир бир бурчагида кимдир қуролли низолар, яна қай бир қиррасида табиий офатлар, бошқа бир бурчида эса, ижтимоий-иқтисодий беқарорликлар гирдобида. Кимлардир иқтисодий фаровонликдан баҳраманд бўлса, яна бирлари қашшоқлик азобидан азиятда...Дунёнинг қай бир қисмида бўлманг, сизнинг ҳаётингиз қандай кечмоқда? BBCUzbek.com нинг янги лойиҳаси қаҳрамонлари бугунги кун ҳаётини яшаётган ана шундай инсонлардир.


Глобал молиявий инқирознинг жаҳоннинг етакчи давлатлар иқтисодига таъсирини кўрсатувчи навбатдаги нишоналар кўзга ташланаркан, Хитой глобал иқтисодий инқироз сабаб ишсизлик билан боғлиқ йирик муаммога дуч келиб тургани билан огоҳлантирган. Осиёнинг турли бурчаклари, жумладан, Япония, Сингапур ва Ҳонг Конгдаги биржаларда ҳиссалар нархлари яна тушиб кетган. Америка Марказий Банки иқтисодий ўсиш суръатлари борасида ўз хавотирларини билдириши ортидан дунёнинг йирик ширкатлари ҳам ташвишга тушиб қолишган. Марказий Осиёда эса, Қозоғистон иқтисоди нефть ва металл нархларининг тушиб кетиши, банклари эса, кредит инқирозидан тобора кўп азоб чекишмоқда. Глобал молиявий инқироз шароитида сизнинг ҳаётингиз қандай кечмоқда? Ҳикоямиз қаҳрамони қозоғистонлик Ўркенбаева Бейсигул Мазимбаевна:

* * *

Мен "Алмати-Инвест-Строй" ширкатининг мижозларидан бириман. 2005 йилнинг бошларида биз яшаш шароитимизни яхшилаш учун уч хоналик хонадонимизни сотишга қарор қилдик. Сотувдан тушган пулнинг барчасини эса, "Алмати-Инвест-Строй" ширкатига, уч хоналик замонавий услубдаги уй қуриб бериши учун тўладик. Бироқ орадан шунча йил ўтса-да, ҳеч вақосиз қолдик. Энди ижарама-ижара сарсону саргардонмиз. Аввалига ойига 700 доллардан ижара ҳақи тўладик. Ҳозирга келиб, шунча пул тўлаб, ижарада туришга қурбимиз етмай қолгани боис яшаш шароитлари анча ёмон бўлган хонадонни 400 АҚШ долларига ижарага олиб, яшаяпмиз. Оиламиз бўлса катта...Хуллас, ширкатнинг ваъдаларига учиб, доимий бошпанамиздан маҳрум бўлдик.

* * *

Қурилиш майдончасини ҳам бориб кўрдим. Ёлғиз девор қаққайиб турибди. Бор-йўғи битта уйни бузишга улгуришган, холос. Бор-йўғи шу. Улар эса, бизни қурилиш ишларини мана бугун, мана эртага бошлаймиз деб алдаб юришган экан. "Озгина кутинг, озгина кутинг," деб қуруқ ваъдаларга ишонтириб юришган экан. Яна бизни айблашади...Бизнинг айбимиз нимада? Ҳуқуқий жиҳатдан ҳужжатларимиз рисоладагидек расмийлаштирилган бўлса....Айримлар бизга, "Гаранг бўлмасаларинг шу куйга тушмасдиларинг," деб айтишади. Ким гаранг? Ширкатга янги уй-жой илинжида пул тўлаганларнинг саксон фоизи олий маълумотли инсонлар. Орамизда малакали ҳуқуқшунослар, ёзувчилар ва бошқа, бошқалар бор! Барча ҳужжатларимиз ҳам жойида.

* * *

Буларнинг барчасини қўяверинг, мазкур муаммо сабаб ҳозир уйимизда ҳар кун жанжал. Уй-жой деб, ҳатто турмуш ўртоғим билан ажралишгача бориб қолдик. Бу маш-машаларнинг барчаси унинг меъдасига тегиб кетди. Уч хонали хонадонимизни сотиб, яшаш шароитимизни яхшилаш ғояси эса, мендан чиққанди. Ғижжиллашганимиз-ғижжиллашган. Ҳаётим буткул фожеага айланди. "Алмати-Инвест-Строй" ширкати менинг тақдиримни ҳал қиладиган кўради. Ҳозир на уй-жойим, на умидим - ҳеч вақом йўқ. Фақат қуруқ ваъдалар...Бу ҳол қачонгача давом этади! Сабр косамиз ҳам тўлиб, битди!

Давоми бор.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy