|
Дунё сизнинг нигоҳингизда | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Дунё мудом ҳаракатда. Унда кечаётган ҳар қандай ўзгариш, ҳар қандай янгиланишларнинг инсоният тақдирида, инсонлар тақдирида изсиз кечмаслиги аниқ. Бугун дунёнинг қайсидир бир бурчагида кимдир қуролли низолар, яна қай бир қиррасида табиий офатлар, бошқа бир бурчида эса, ижтимоий-иқтисодий беқарорликлар гирдобида. Кимлардир иқтисодий фаровонликдан баҳраманд бўлса, яна бирлари қашшоқлик азобидан азиятда...Дунёнинг қай бир қисмида бўлманг, сизнинг ҳаётингиз қандай кечмоқда? BBCUzbek.com нинг янги лойиҳаси қаҳрамонлари бугунги кун ҳаётини яшаётган ана шундай инсонлардир.
15 ёшли ўсмирнинг полиция ходимлари томонидан отиб ўлдирилиши ортидан Юнонистон пойтахти Афинада келиб чиққан бир неча кунлик ғалаёнларда ўнлаб кишилар тан жароҳати олишган ва юзлаб биноларга зиён етган. Ҳуқуқшуносликка ўқиётган Анна Жиабанидиснинг фикрича, Афинада юз бераётган айрим зўравонликларда анархиячилар айбдордирлар. Анна нима учун бундай деб ўйлаши сабабларини мана бундай тушунтиради: (Қуйида билдирилаётган фикрлар шахсийдир ва Юнонистондаги ҳеч бир гуруҳнинг қарашларини акс эттирмайди. Анна норозилик чиқишларида шахсан иштирок этган эса-да, лекин зўравонликларга қўл урмаган.) “Афинада тартиб-қоида издан чиққан” “Менинг сўзларим осонлик билан янглиш тушунилиши мумкин – лекин мен анархиячилар билан бирга эмасман. Бироқ ҳозир Афинада юз бераётган воқеаларга ҳамдардман. Менимча, бу инсонларни ўта янглиш тушунишди. Ҳамма нарса Алексиснинг ўлими ортидан оловланиб кетди. Аслида бугунги ҳодисаларнинг тарихи 1984/5 йилларга бориб тақалади. Мен ўша пайтда ҳали дунёга келмаганим учун воқеаларнинг бутун тафсилотларини билмайман, албатта. Бироқ Юнонистонда полиция ва расмийларнинг қандай иш юритишлари хусусида азал-азалдан хавотирлар ҳукм суриб келган. 15 ёшли ўсмирнинг отиб ўлдирилиши эса, устига-устак бўлди, менимча. Юнонистон жамиятида агар чўнтагингда пулинг ва амалинг бўлса, кўнглинг тусаган ишни қиласан қабилидаги қараш шаклланган. Биз гоҳ-гоҳида ҳажв ҳам қилиб қўямиз, “Пулинг бўлса, ҳеч бир гуноҳинг ҳам йўқ,” деб... Жамиятда эса, бойлар ҳаммага қарши деган бир руҳ шаклланган ва бадавлат бўлмаган инсонлар орасида бирдамлик кузатилади. Сиз ўтган бир неча кун ичида юз берган ҳодисаларга назар солиб, кишиларнинг қанчалик бир ёқадан бош чиқарганликларига ўзингиз ҳам гувоҳ бўлишингиз мумкин. Ким нима истайди? Ҳодисаларда уч гуруҳ иштирок этмоқда. Биринчиси коммунистлар – улар намойишлар тинч йўл билан бўлиб ўтиши ва биноларга ҳеч бир зиён етказилмаслиги тарафдоридирлар. Шунинг учун ҳам улар намойишчиларнинг биноларни вайрон этишлари ёки банкларга қўйишларига қўлларидан келганча қаршилик қилишмоқда. Телевизион лавҳаларда юзларида ниқоб билан акс этган шахслар эса, анархиячилардир. Улар банклар ва давлатга қарашли иншоатларга ўт қўйишмоқда. Уларни айрим коммунистлар ҳам дастаклашади. Учинчи гуруҳ – ёшлардир. Улар ўзларини анархиячи деб билишни ёқтиришади, бироқ аниқ мақсадлари нима эканидан бехабарлар. Ҳозир талончилик билан шуғулланаётган бу каби ёшлар на-да коммунист ва на-да анархистдирлар...Чунки улар ўзларини анархиячи деб аташаётган бўлишса-да, 20 карра ёмонроқ иш тутишмоқда. Мен университет ичкарисига кириб, улардан айримлари билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдим. Уларнинг менга айтишларича, фақат шу йўл билангина ўз муаммоларига эътибор тортишлари мумкин, холос. Ҳеч ким ортиқ масъулларга ишонмайди! Кишилар масъуллар ва ҳукуматдаги ҳаммага бирдек ишончларини йўқотишган – шу сабабдан ниҳоятда қаҳру ғазаблари тўлиб-тошган. Улар тартиб-қоидага зид равишда метроларда ичиш-чекишни бошлашган. Қонун-қоида буткул издан чиқиб кетган. Мен сувдан бўшаган пластик идишни ахлат қутисига солганимда, улардан бири устимдан кулиб, нимага бундай қилаётганимни сўради. Ҳаттоки оддий одамлар ҳам ҳукуматнинг фаолиятини савол остига ола бошлашган. Менимча, булар барчасининг изга тушиб кетишига ҳали анча вақт керак бўлади. Менимча, бунинг учун сайловлар лозим бўлади ва ҳукумат ҳам юз бераётган ҳодисаларга ўз муносабатини билдириши керак. Мен воқеаларнинг янада алангаланиб кетиши мумкинлигидан хавотирдаман. Чунки бир қарашдаёқ Афинадаги вазиятнинг хавфсиз эмаслигига гувоҳ бўласиз. Бир оёғим Буюк Британия, бошқаси Юнонистонда бўлса ҳам, мен яшаш учун умрбод Юнонистонда қолмоқчиман. Мен у ердаги инсонлар, турмуш ва маданият тарзини севаман. Буларнинг барчасини ўзимдан айрича тасаввур эта олмайман. Ҳозир Юнонистонда кечаётган ҳодисалар эса, менинг ушбу қароримни янада қатъийлаштирди, холос.” Давоми бор. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||