|
Дунё сизнинг нигоҳингизда | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Дунё мудом ҳаракатда. Унда кечаётган ҳар қандай ўзгариш, ҳар қандай янгиланишларнинг инсоният тақдирида, инсонлар тақдирида изсиз кечмаслиги аниқ. Бугун дунёнинг қайсидир бир бурчагида кимдир қуролли низолар, яна қай бир қиррасида табиий офатлар, бошқа бир бурчида эса, ижтимоий-иқтисодий беқарорликлар гирдобида. Кимлардир иқтисодий фаровонликдан баҳраманд бўлса, яна бирлари қашшоқлик азобидан азиятда...Дунёнинг қай бир қисмида бўлманг, сизнинг ҳаётингиз қандай кечмоқда? BBCUzbek.com нинг янги лойиҳаси қаҳрамонлари бугунги кун ҳаётини яшаётган ана шундай инсонлардир. “Мен ишга чиқа олмайман!..”
Бирлашган Миллатлар Озиқ-овқат дастури ташкилотининг огоҳлантиришича, келаси бир неча ойда тирик қолишлари учун Зимбабве аҳолисининг ярмидан кўпроғига озиқ-овқат ёрдами кўрсатилиши керак. Халқаро ташкилот идорасининг ўз баёнотида билдиришича, келгуси ҳосилга қадар қарийб етти миллион кишининг четдан озиқ-овқатга эҳтиёжлари бордир. Бу ўтган йил билан солиштирганда 35 фоизга кўпдир. Бирлашган Миллатларнинг минтақадаги воизига кўра, Зимбабведаги вазият жадаллик билан ёмонлашгани боис ёрдам барчага тегиши учун зимбабвеликларга берилаётган рационлар тенг ярмига қисқартирилган. Навбатдаги қаҳрамонимиз Зимбабве пойтахти Xараренинг аҳоли билан тирбанд мавзеидаги ўрта мактаб ўқитувчиси. У шундоқ ҳам икки ҳафтага кечикиб кетган янги ўқув йилида не сабаб ишга чиқа олмаётгани сабабларини Би-би-си билан ўртоқлашаркан, ўз ҳикоясини мана бундай бошлайди: “Бизнинг ишга чиқишимиз имконсиз. Ўтган ҳафта бизга ойлик маошимизни беришди. Ҳисобимизга қараб, билсак 30 триллион Зимбабве доллари экан. Бутун бошли бир ойлик маошимиз ўша куни бор-йўғи 3 АҚШ долларига тенг эди. Орадан уч кун ўтиб эса, мамлакатда мавжуд инфляция сабаб, 1 АҚШ долларига тенг бўлиб қолди. Бу пул билан нима қила оласиз? Ҳеч нима! Ҳамкасбларимнинг ишга бориб, келишлари учун кунига 2 АҚШ доллари керак бўлади. Чунки мактабга боришнинг ўзи 1 АҚШ долларига тушади. Ойлик маошларининг қанчалик арзимас эканлигини билишлари ортидан мактабни ташлаб кетган ҳамкасбларимдан бирортаси эса, янги ўқув йилидан буён ҳали ишга қайтишмаган. Гарчи йўлкира ва қорин тўядиган овқатга етадиган пулимиз бўлмагани учун ишга чиқа олмаётган бўлсак ҳам, биз буни ўзимизча иш ташлаш, деб атадик. Афсуслар бўлсинки, бизнинг ишга қайтмаслигимизни билгандан кейин мингдан ортиқ ўқувчи ҳам мактабга келишни бас қилишибди. Қандай қилиб кун кўраяпсиз дейдиган бўлсангиз, ҳозир бошқа зимбабвеликлардан фарқим йўқ – кўчада олиб-сотарлик билан шуғулланаман. Қўлимизга тушган ҳамма нарсани сотамиз. Дейлик, шаҳарга тушиб, 20 кило макка донини сотиб оламан. Бу менга 7 АҚШ долларига тушади. Кейин ортга қайтиб, уни 10-15 алоҳида халтачаларга солиб чиқаман-да, одамлар кўп яшайдиган ҳудудларига олиб донасини 1 АҚШ долларидан сотаман. Чунки кўплаб оилаларнинг қурблари фақат бир марта овқат пиширишга етадиган макка донини сотиб олишга етади, холос. Ҳа, ҳозир ана шундай қилиб тирикчилик қилаяпман. Укамнинг иши яхшироқ. Унга яхши ҳақ тўлашади. Ойлигининг ярмини валютада олади. Баъзан укам менга еб-ичишимга у-бу нарса бериб туради. Муҳожирот сари Айрим ҳолларда ота-оналар болаларининг қўшимча таҳсиллари учун пул тўлашга ҳозирлар. Масалан, мен ҳар боланинг бошига 3 АҚШ доллари миқдорида ҳақ оламан. Ҳозир учта болани тайёрлайман. Бу ҳафтасига 9 АҚШ доллари деганидир. Ўтган йилдан бошлаб ўрта мактаб ёшида бўлган иккита фарзандимни ҳам ўзим ўқитаяпман. Аёлим таъминот ширкатида ишларди. Уни бўшатиб юборишди. Ҳозир пул топиш учун уйда овқат тайёрлаб, тушлик вақтида шаҳарга тушиб, хўрандаларга сотиб чиқади. Айрим ҳамкасбларим эса, Жанубий Африкага ўтиб, ҳар хил моллар олиб келишади-да, устига ўз ҳақларини қўйиб, қайта пуллашади. Бошқалари буткул ўша ерда қолиб кетишган. Яъни Жанубий Африкада ҳар хил юмушлар билан шуғулланишади. Биттаси Йоханнесбургда газета сотса, бошқаси Кейп Таундаги ресторанда ишлайди, яна бири қандайдир ширкатда майда юмушларни бажаради. Мен ҳали Зимбабведа инқироз бошланган 2000 йилдаёқ бошқа юртларга кетишни хаёл қилгандим. Бироқ муҳожиротга юз тутган айрим дўстларимнинг газета сотиб, ойига топган 20-30 долларларига оилаларини зўрға тебратганликларини кўриб, бу фикримдан қайтганман... Давоми бор. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||