Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 26 Феврал, 2007 - Published 17:27 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Велосипед билан 'дунёга келадиган' халқ

Амстердамдаги "велосипедгоҳ"
Ҳолландияда ҳамма велосипед минишга "ружу қўйган"
Статистика маълумотларига кўра, аҳоли сони 16 миллиондан ошган Нидерландияда велосипедлар 20 миллионга етиб қолган.

Велосипедлар “жон боши”нинг ўсиши йилига 15-20 фоизни ташкил қилмоқда. Кўприк панжаралари-ю устунларга боғланиб, қаровсиз ҳолда ташлаб қўйилган яна аллақанча “жониворлар” ҳам ҳисобга олинганини статистикадан билиш қийин, аммо шуниси аниқки, ҳолландларнинг асосий кўпчилиги велосипедни (ҳолландчада - fiets) турмушнинг ажралмас қисми деб билишади.

Бу ерда барча - ёшу қари, ишчи-ю ҳукумат амалдори велосипед минишга “ружу қўйган”. Гоҳо темир тойчоқни жиловлаган 80 ёшли момолар ғизиллаганча сизни ортда қолдириб ўтаётганини кўриб, бирор кор-ҳол бўлмасин-да, деб юрагингизни ҳовучлаб қоласиз. Аммо хавотирларга ўрин йўқ - ҳолланд момойлар велосипед миниш маҳоратида “манаман” деган ўзбекка дарс бериб қўяди!

Қиролича Беатрикснинг онаси ҳам велосипеднинг ашаддий ишқибози бўлгани ҳақида гапириб юришади. Айтишларича, Ҳазрати олиялари бирор нарса зарур бўлиб қолса, танқўриқчилари-ю ҳайдовчисини доғда қолдириб, бир зумда бозор-ўчар қилиб келишни канда қилмас экан. Нафсиламбрини айтганда, велосипед миниш маҳоратида ҳозирги қиролича ҳам волидаи муҳтарамасидан асло қолишмайди.

Велосипед минган қиролича Юлиана ҳайкали
Қиролича Юлиана танқўриқчилари-ю ҳайдовчисини доғда қолдириб, бир зумда бозор-ўчар қилиб келар экан
Ҳолландларнинг велосипед билан ошно бўлиши болалигидан бошланади. Тўғрироғи, 3-4 ёшдан эътиборан “темир тойчоқни жиловлай билган чавандоз” деган шарафли номга сазовор бўлишга ҳар бир болакай, улардан ҳам кўпроқ эса ота-оналар интилишади. Ҳолландлар 4 ёшли Рита ёки Яап ниҳоят велосипед мина бошлаганини бир-бирларига ғурур билан сўзлашади. Шу тариқа, агар швейцарияликлар тоғ чанғиси билан, итальянлар эса спагетти билан туғилишлари ҳақидаги латифалар эсга олинадиган бўлса, ҳолландлар чин маънода велосипед билан дунёга келишади!

Велосипедлар - бизнинг дўстларимиз

Нидерландияда велосипедлар сайру сафар воситаси бўлишдан ташқари, яна кўплаб вазифаларни бажаради. Орқа ўриндиққа илинган махсус сумкалар кундалик бозор-ўчарни жойлашга қўл келса, яна болалар учун махсус йиғма ўриндиқлар ҳам ўрнатиш муаммо эмас - қарабсизки, фарзандларингиз билан бемалол саёҳатга чиқишингиз мумкин.

Бундан ташқари, яна ҳам каттароқ нарса, айтайлик диван-кресло харид қилсангизу юк машинаси ёллашга иштиёқингиз бўлмаса, бунинг ҳам чораси тайёр - баайни хитой рикшалариники каби олдинга ўрнатилган омочли велосипедларни истаган жойдан ижарага олиб туришингиз муаммо эмас.

Мамлакатда велосипедлар сони кўпайишига бақамти тарзда ортиб бораётган велосипед ўғрилигини жиловлашга қаратилган махсус лойиҳалар ишлаб чиқилган. Бу йўлдаги самарали восита сифатида электрон пойлоқчилар билан жиҳозланган махсус “велосипедгоҳлар” барпо этилган. Темир йўл ва автобус бекатларида ҳам махсус кодлар билан қулфланадиган сақлаш жойларини учратиш мумкин.

Мамлакатда умумий масофаси 11 минг километрдан иборат велосипед йўлаклари барпо этилган. Барча асосий йўллар ёқалаб чўзилган бу йулаклар зарур белгилар ва светофорлар билан жиҳозланган. Бир сўз билан айтганда, велосипед минган чавандозлар ҳаракати муҳимлиги жиҳатидан машиналар ҳаракатидан қолишмайди. Устига устак, велосипедчи йўл ҳаракатининг асосий иштирокчиси сифатида кўрилади.

Болаларни олиб юриш ва бозор-ўчарга мослаштирилган велосипед
Нидерландияда велосипедлар кўплаб вазифаларни бажаради
Танишларимдан бири бу ерда илк бор мустақил тарзда велосипед мина бошлаганини эслайди. Унинг айтишича, болалигида ота-онаси “велосипедда катта йўлга асло чиқа кўрма, машинани тагида қолиб кетасан!” деб айтган ўгитлари ҳамон эсида экани учун бу ерда ҳам анча вақт темир тойчоққа минишга юраги бетламаган экан.

Аммо кунларнинг бирида аҳд қилибди-ю велосипедда кўчага отланибди. Не кўз билан кўрсинки, Нидерландияда барчаси акси экан - чорраҳаларни кесиб ўтаётса, токи у кўздан ғойиб бўлгунча машиналар тўхтаб туришар экан. Шунда у тўғри хулосага келибди - Ҳолландия йўлларида велосипед минган чавандозлар ҳукмрон!

Сўнггида эса бошловчи велосипедчиларга айрим тавсиялар:

  • 1. Агар велосипедингизни ўмаришган бўлса, бу ҳақда полицияга мурожаат қилиб овора бўлманг! Ҳолланд миршабларининг шундоқ ҳам ташвишлари ошиб-тошиб ётибди. Қолаверса, велосипедингизни топиш имконияти ўта чекланган.
  • 2. Автомобил ҳайдовчиларидан чўчиманг! Нимаики кор-ҳол содир бўлмасин, барибир улар айбдор бўлади. Уйда оёқ ёки қўлингиз тахтакачланиб ётаркансиз, яқин орада чўнтагингизга тушадиган товон пулини ўйлаб, кайфиятингизни кўтаринг!
  • 3. Аммо пиёдалардан эҳтиёт бўлинг! Чунки эҳтимол тутилган кўнгилсизликка пиёда сабабчи бўлса ҳам, ҳамма таёқ айнан сизнинг бошингизда синади.
  • 4. Йўлингизда мушук ва кучуклар ёхуд ўрдак ва ғозлар пайдо бўлса, албатта тўхтанг! Нидерландияда барча жониворлар тўқчиликдан талтайиб кетишган, асло биринчи бўлиб йўлни бўшатишмайди.

Хуллас, шундай қилиб десангиз, биз ҳам бу ерларда велосипедлар билан ошноликни давом эттиряпмиз. Қўрамизда эса бу тойчоқлардан бир уюр бўлиб қолаёзди.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
ИЧКИ САҲИФАЛАР
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy