Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 08 Январь, 2007 - Published 14:47 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Миршабхонага тушишни орзу қиладиган... ўзбек

Нидерландия полицияси рамзи(Расмий интернет саҳифадан олинган сурат)
“Бу ернинг миршабхонасига тушмабсиз, ҳали бу... мамлакатга келмабсиз!” - Оврўподаги ҳаётининг дастлабки кунларида миршаблар қўлига тушиб улгурган ҳамюртимизнинг оғзидан таноби қочиб айтган сўзларидан.

“О Оврўпo, миршабларинг қайда сенинг?!”

Экологик мушоҳадаларни йиғиштириб қўйиб, дарахтни бир тепсанг устингга милиционер қулайдиган Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, бу ерларда кундузи чироқ ёқиб ҳам бирор миршабни учрата олмайсиз. Албатта, камтарин қулингиз каби янги муҳожирлар Нидерландияга кела солиб, асло дарахтларни безовта қилишга тушиб кетганимиз йўқ.. Устига устак, миршаблар жамолини кўришга ҳам кўзимиз учиб турмаган эди. Негаки, ўз юриш-туришимиз билан Оврўпода ҳали “салага” эканимизни сезганимиз учун ҳам кўзга ташланишни у қадар истамас эдик.

 Яна бу ерда Амнести Интернэшнл деган алламбало ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари бор экан. Мен ҳайронман - шундай гиргиттон миршаблари бўлган бу мамлакатда бунақа ташкилотларга пишириб қўйибдими?
Андижонлик муҳожир

Аммо излаганингни топасан ёхуд хаёлингдан ўтганини учратасан деганларидек, биз вақтинча қўним топган қочқинлар марказидан шаҳарга қатновларимиз давомида ора-сира “уларга” кўзимиз туша бошлади. Бир маҳал темирйўл бекатида ўзини нохуш сезган бир кампир атрофида куймаланишаётган ҳолатида, яна бир сафар эса нобоп жойга қўйиб кетилган велосипед рулига аллақандай қоғозни ёпиштираётган алфозида. Афтидан, бу қоғоз велосипедни белгиланган жойга олиб қўйиш ҳақидаги илтимоснома эди...

Нафсиламбрини айтганда, генларимиз даражасига қадар етиб борган миршабларга рўбарў келмаслик истаги энди уларни тез-тез учратиш, жилла қурса узоқдан бўлса ҳам кузатиш иштиёқи билан алмаша бошлаган эди. Иттифоқо уларнинг маконини, яъни полиция бюросини топиб олдик. Тўғриси, атрофи панжара билан ўралмагани-ю ва соқчилари йўқлигидан бу қидирувларимиз анча қийин кечган эди. Умуман, алоҳида белгиларга эга бўлмаган бу бино ёнидаги бошқа уйлардан фарқ қилмас, фақат аҳён-аҳёнда ичкаридан чиқиб келадиган миршабларгина бу жой изланишларимиз “объекти” эканини билдириб қўйган эди. Ва ўша кундан буён бозор-ўчарга фақат шу йўл билан қатнайдиган бўлдик.

“Ана миршаблару мана миршаблар!”

Амстердам полицияси ходимаси(Амстердам полицияси расмий сайтидан олинган сурат)
Бу гал ҳам полициячи хоним, ҳойнаҳой, соҳиби кучугига нақадар ғамхўрлик қилаётгани билан қизиқаяпти
Қарийб бир тусдаги муҳожирлик кунларимиз бир-бирини қувалаб ўтаркан, кунларнинг бирида Қочқинлар марказидаги “диаспора”да гап тарқалди - фалончи-ю фистончиларни полиция олиб кетибди! Ҳамманинг боши қотган - нима бўлди экан, бирор кор-ҳол бўлмасин-да ишқилиб?...

Хуллас, ана кутяпмиз - мана кутяпмиз - олиб кетилганлардан ҳамон дарак йўқ.. Батамом умидсизликка тушиб, юртдошларимизни озод қилиш талаби билан полиция бюросига юриш қилишни ўйлаб турган эдик ҳамки, азиз қадрдонларимиз тиржайиб келиб қолишса!

Учовлоннинг оғзи чиндан ҳам қулоқларида эди. “Вей, Нидерландияда миршабхонага тушмабсиз, ҳали бу дунёга... йўғ-е, ҳали Оврўпога келмабсиз!”- дейди бири. “Ҳа нима бўлди ўзи, бундоқ тушунтирсангларчи? Нега олиб кетишди?” деган саволимизга жавобларини кўринг:
- Вей, нега олиб кетишганини билиб нима қиласиз? Ундан кўра бизга кўрсатган мулозиматларидан сўранг - ана муомала-ю мана муомала!
- Ўзиям миршаб хонимлар атрофимизда роса парвона бўлишди. Қаҳва билан роса сийлашди. Бормаганингиз чатоқ бўлди-да!
- Яна бу ерда Амнести Интернэшнл деган алламбало ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари бор экан. Мен ҳайронман - шундай гиргиттон миршаблари бўлган бу мамлакатда бунақа ташкилотларга пишириб қўйибдими?

Хуллас, охири маълум бўлишича, учовлонни аллақандай бир иш бўйича гувоҳликда гумон қилиб олиб кетишган экан. (Биздаги андозаларга кўра ўта аҳамиятсиз эканлиги учун қандай ишлигини бу ерда ёзиб ўтирмоқчи эмасман.) Биз аслида гувоҳ бўлишни ёқтирмаймизми, бизникилар ҳам, қаҳва билан сийлашларига қарамасдан, бу “шарафли юмушдан” назокат билан бош тортишибди. Миршаблар-чи, ўз навбатида улар ҳам узр сўраб, машинада қайта олиб келиб қўйишибди.

Қисқаси, ўшандан буён ўзим ҳам жилла қурса бир марта миршабхонага (албатта англашилмовчилик билан) тушишни орзу қиламан.


Toxir

Nimasini aytasiz... Eh bu kunlarni O'zbekistonda ko'rishni faqat orzu qilib o'tamiz shekilli. Angliya mirshablarining muomaladagi tabassumlarini aytmaysizmi... Bularga yetarlicha malakaviy treyning beriladi. Eng avvalo ko'zlari to'q. Ehhe bu mirshablar....

Nomsiz

Vo ajab, shunaqa bo'lishiyam mumkinmi ola...

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
ИЧКИ САҲИФАЛАР
Давом қилаётган 13 май
06 Декабр, 2006 | Bosh Sahifa
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy