Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 24 Декабр, 2006 - Published 18:13 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Яна "Салом, Мактаб" ёхуд ҳолланд тили товушлари

'Ҳолландларнинг товуш ҳосил қилиш тизимида биз учун номаълум аъзолар бўлса керак'
“Пролетариат доҳийси ҳақ гапни айтган экан. Мана, мен беш йилдан буён Ҳолландиядаман. Бу тилни шунча йилдан буён зўр бериб ўрганганим сайин ҳали ҳеч нарсани билмаслигимни англаяпман", - фиғони фалакка чиққан бир муҳожирнинг сўзларидан.

'Яна бир карра "Салом, Мактаб!'

Муҳожирларни янги жамиятга интеграция қилиш, нидерланд тилига ўргатиш дастури Нидерландия ҳукумати муҳожирларга оид сиёсатининг асоси ҳисобланади. Шу дастурга кўра бизларни ҳам мактабларга жалб қилишди. Шу тариқа тил ўрганиш учун “отни ҳам, молни ҳам” сотишга тўғри келмади.

Нидерландиянинг ҳар бир шаҳрида тил ўргатиш марказлари мавжуд. Ўрта ҳисобда бир йилга мўлжалланган ўқув дастурига кўра, ҳар бир муҳожир бу мушкул жараённинг дастлабки босқичини босиб ўтиши шарт. Яъни маиший даражада нидерландча сўзлаша олиши керак. Акс ҳолда бу мамлакатда ошкора иш топиш эшиклари батамом ёпилади.

Ўқиш жараёнида касбга йўналтириш дастури ҳам амалга оширилади. Бунда мутахассислигингиз, шахсий қобилиятингиз ва албатта, тилни ўзлаштириш даражангиз ҳисобга олинади. Бу жараёнда махсус ташкилотлар сиз учун лойиқ иш топишга кўмаклашади.

Аммо бу, яъни ўзингиз истаган ва қобилиятингиз доирасидаги ишни топиш муҳожирлик ҳаётининг энг жиддий синовларидан. Ва бу синовда ҳар кимга ҳам омад кулиб боқмайди. Аксар ҳолларда муҳожирлар мансаб пиллапояларидан кўтарилишни назарда тутмаган ўртамиёна ҳунар билан қаноатланишга мажбур.

'Spreekt u Nederlands?'

 Кеча туни билан зиёфатда беармон маишат қилган немис денгизчиси эрталаб тургач, зўр бериб инглиз тилида гапиришга ҳаракат қилмоқда. Унинг бу ҳаракати маҳсулини деярли нидерланд тили дейиш мумкин

Ҳолландия ёки Нидерландия деганда ўрта мактабда Оврўпа тарихини ўрганган ўртача ўзбекистонлик кўз ўнгида дастлабки буржуа инқилоби, инглиз ва испан савдо кемалари кушандаси бўлган денгиз қароқчилари-ю бепоён лолазорлар гавдаланса ажаб эмас. Аммо бу ерда интеграция, яъни янги жамиятга мослашиш жараёнини бошдан ўтказаётган муҳожирлар учун аввало “ерли халқнинг” ажабтовур забони бу мамлакатнинг бетакрор тимсоли бўлиб гавдаланади. Бу тилни ўрганиш мушкулликларини айрим мартабали мутахассислар ҳам эътироф этишади. Нафсиламбрини айтганда, нидерланд тили муҳожирларни синовдан ўтказиш учун атайлаб ўйлаб топилгандек туйилади.

Муҳожирлар орасида урфда бўлган нидерланд тилининг бетакрор оҳангдорлигига оид латифалардан айрим намуналар. Демак, тасаввур қилинг: Кеча туни билан зиёфатда беармон маишат қилган немис денгизчиси эрталаб тургач, зўр бериб инглиз тилида гапиришга ҳаракат қилмоқда. Унинг бу ҳаракати маҳсулини деярли нидерланд тили дейиш мумкин. Яъни нидерланд тили инглиз ва олмон тиллари ўрталиғидаги бир ўринни эгаллайди.

Ҳолландиялик ўқувчилар
"Оддий мактабда "g" товуши мукаммалроқ ўргатилади"
Ёки нидерланд тилидаги «G» товушига оид яна бир латифа. Айтишларича, Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳолланд партизанлари ўз сафларига суқилиб кирмоқчи бўлган немис жосусларини “geheugen” (“хотира”) сўзи ёрдамида фош қилишар экан. Яъни уларга бу сўзни талаффуз этиш буюрилганда бечора жосуслар “хгхегхойхгха” дейиш ўрнига “гехеген”деб қовун
туширишар экан.

'Икковимизга ҳам таниш кал'

 Кимдир “Spreekt u Nederlands?” деб сўраб қолса, ”Ja, natuurlijk, ik spreek Nederlands!” қабилида жавоб қайтаришга асослар излашда давом этяпмиз

Бу заминга қадам қўйган дастлабки пайтларимизда ҳолландларнинг ўзаро нақадар тез ва турфа хил оҳанглар воситасида суҳбатлашишларини кўриб, бу одамларнинг товуш ҳосил қилиш тизимида биз учун номаълум бўлган яна аллақандай қўшимча аъзолар бўлса керак, деган шубҳада эдик. Мана, орадан бир йил вақт ўтди ҳамки бу шубҳалар ҳали аригани йўқ..

Аммо маҳаллий тилни ўрганишдаги бу каби қийинчиликларга қарамасдан, ер юзидаги барча тиллар бир замонлар ягона тилдан тарқаганлигига ишораларни учрата бошлайсиз ва шунда адо бўлаёзган иштиёқингизни яна қамчилаб қоласиз. Масалан, ҳолландчада “kaal” бизда ҳам худди шу маънони англатишига нима дейсиз?! Ёки “beter”-“баттар”, яъни “яхшироқ”. Қолаверса, мўйловдор Пётр 17-аср сўнгида Ҳолландияда ”стажировкада” бўлган чоғида рус тилига олиб кирган юзлаб сўзлар мушкулингизни бир қадар осон қилади.

Умуман олганда, бошқа халқаро тиллар соясида кўримсиз туйилган нидерланд тилида сўзлашувчилар салмоғи дунёда етарлича. Нидерландиянинг 16 миллионлик аҳолиси учун бу кундалик тил бўлса, яна 6 миллиондан ортиқ белгияликлар фламанд лаҳжасида, Жанубий Африка Республикасида яна шунча одам африкаанс номини олган ҳолландчада сўзлайди. Қолаверса, Нидерландиянинг Жанубий Америкадаги собиқ мустамлакалари - Суринам ва бир қатор катта-кичик оролларда ҳам аллақанча ҳиндулар бу тилни ҳалигача афзал билиб келишади.

Демак, кўча-кўйда кимдир “Spreekt u Nederlands?” деб сўраб қолса, ”Ja, natuurlijk, ik spreek Nederlands!” қабилида жавоб қайтаришга асослар излашда давом этяпмиз.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
ИЧКИ САҲИФАЛАР
Давом қилаётган 13 май
06 Декабр, 2006 | Bosh Sahifa
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy