Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 18 Феврал, 2007 - Published 18:57 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Сув юзасида яшашга ҳозирланаётган мамлакат

Сув тўғони
Ҳолландияликларнинг анча қисми океандан "тортиб олинган" ерларда яшайди
Ҳолландлар ёки Нидерландия ҳақида сўз боргудек бўлса, кўпларнинг кўз ўнгида аввало турли рангларга бурканган лолазорлару тегирмонлар билан бирга, шубҳасиз бутун мамлакат бўйлаб бунёд қилинган саноқсиз тўғонлар гавдаланади. Таъбир жоиз бўлса, Нидерландия тарихи табиий офатларга қарши кураш билан чамбарчас боғлиқ.

Шундоққина Шимолий денгиз бўйида жойлашган Нидерландиянинг доимий “кушандаси” бўлган сув тошқинлари тўғрисидаги дастлабки маълумотлар 12-13- асрларга тааллуқли. Ўша вақтларда, аниқроғи 1280 йилда содир бўлган даҳшатли тошқин натижасида 50 минг жон ҳисобида “ҳосил” йиғиштирган денгиз мамлакатнинг каттагина қисмини ишғол қилиб, Зей-Дер-Зее кўрфазини барпо қилган эди.

Аммо офатлар қаршисида тиз чўкмаслик, билъакс муттасил қарши курашиш табиатларининг ажралмас қисмига айланган ҳолландлар тез орада денгиз йўлига ғов ташлаб, бой берилган ерларни яна қайта қурита бошлаганлар. Бу тиришқоқ ва меҳнатсевар халқ ҳар бир тошқиндан сўнг йиллар давомида ботқоқлик ва кўлларни тўғонлар воситасида ихоталаб, шамол тегирмонлари қуввати билан янги ерларни “оборотга” киритиш ҳаддини олган.

Замонлар ўтиши билан дастлабки қўлбола тўғонлар ҳам мукаммаллаша борди, тегирмонлар ҳам аста-секин ўз ўрнини буғ машиналари ва электр насосларга бўшатиб берди.

Ҳолландияликларнинг хавотирлари

1953 йилги сув тошқини
Ҳолландияда сўнгги энг даҳшатли тошқин 1953 йилда юз берган
1927 йилдан бошлаб, мамлакатда Зей-дер-Зее кўрфазини қуритиш бўйича йирик лойиҳа амалга оширила бошланди. 1932 йилга келиб, узунлиги 29 километрни ташкил этган асосий тўғон қуриб битказилди. Бу тўғон Шимолий Ҳолландия ва Фрисландия вилоятларини туташтирди. Шундай қилиб, қуршовга олинган жойда Айсселмеер кўли вужудга келган, эндиги вазифа ана шу кўлни тўла-тўкис қуритишдан иборат эди.

Аммо навбатдаги табиий офат яна режаларни бузиб ташлади. 1953 йилнинг 1 феврал тунида мамлакатнинг сўнгги тарихидаги энг мудҳиш тошқин содир бўлди. Денгизда кўтарилган бўрон оқибатида юзага келган тўлқинлар бир зумда аксар тўғонларни яксон қилиб, мамлакат ичкарисига интилди. Қисқа вақт ичида 133 шаҳар ва қишлоқлар сув остида қолди.

Ўша кунлардаги даҳшатларни ҳозиргача аниқ-тиниқ эслайдиган бу ердаги қўшниларимизнинг айтишларича, талвасада қолиб, черковларнинг чўққисига қадар чиқиб олган одамларни қутқарувчилар пастга тушира олмасдан кўп овора бўлишган экан.

Бир қишлоқда эса эндигина тўйлари бўлган келин-куёв гавдалари билан тўғонга суяниб, пўртанага қарши курашишган. Қутқарувчилар келинни ўша алфозида ўлик ҳолда топишган, куёв эса ақлдан озган эди. Тўфон натижасида 2 мингга яқин одам қурбон бўлган, минглаб гектар ерлар ишловга яроқсиз бўлиб қолган.

Бу гал ҳам ҳолландлар тинч ўтиришмади - астойдил ҳаракатлар натижасида 1980 йиллар охирига келиб, Маркерваард кўлини қуритиш якунланди. Лойиҳа якунларига кўра эса тошқиндан аввалги ерларнинг 60 фоиздан ортиқ қисми қайта қўлга киритилади.

Ҳолландлар “Дельта” деб номланган ва фан-техниканинг энг сўнгги ютуқларини мужассамлаган лойиҳа билан ҳам чиндан фахрланишади. Ўша 1953 йилги фожеадан сўнг амалга оширила бошланган ушбу лойиҳа натижасида Зеландия ва Жанубий Ҳолландия вилоятлари ҳудудидаги барча сув йўллари мустаҳкам тўғонлар халқаси билан ўраб олинди.

1997 йилда қуриб битказилган ва кенглиги 360 метрни ташкил этган улкан яхлит дарвоза бир миллион нафардан зиёд одам яшайдиган бутун Роттердам атрофларини муҳофаза қила олиши айтилади. Умуман эса ушбу замонавий тўғонлар мажмуаси мамлакат аҳолисининг асосий қисми - 10 миллионга яқин одам яшайдиган ҳудуднинг ишончли қалқони сифатида кўрилади.

Сув юзасидаги мамлакат

Сув устидаги уй
Пьер Веллинган: 'сузиб юрувчи уйлар, иссиқхоналару автомобил йўллари ва ҳатто тайёрагоҳлар барпо этишга тўғри келади'
Аммо сўнгги вақтларда ҳолландлар орасида тушкун кайфиятлар бўй кўрсата бошлаган. Ер юзидаги иссиқлик даражасининг ортиб бориши ва бунинг натижасида жаҳон океани сатҳининг кўтарилиши асосий қисми денгиз сатҳидан пастда жойлашган мамлакат аҳолисининг тўғонлар кафолатига нисбатан шубҳаларини уйғотмоқда.

Иқтисодий нафсини жиловлай олмаётган Америка иқлим ўзгаришида бош айбдор сифатида кўрилар экан, жамиятда Қўшма Штатларни маҳкамага тортишга даъватлар ҳам янграмоқда.

Айни пайтда бу тушкунликнинг бир ҳосиласи ўлароқ, мамлакат келажаги билан боғлиқ ғаройиб лойиҳалар ҳам муҳокамага қўйила бошлаган. Иқлим ўзгариши масалалари билан шуғулланувчи олим Пьер Веллинганинг тўла ишонч билан таъкидлашича, “Жаҳон океани сатҳининг кўтарилиши оқибатида сузиб юрувчи уйлар, иссиқхоналару автомобил йўллари ва ҳатто тайёрагоҳлар барпо этишга тўғри келади.”

- Биз яшаш тарзимизни тубдан ўзгартиришимиз керак, - дейди Роттердам дорилфунунидан яна бир олим Яан Боум. – Биз асрлар давомида сув балосига қарши курашиб келдик. Энди, яқин келажакда эса сув юзасида яшашга кўникишга мажбур бўламиз.

Бу орада эса муҳожирлар ичида ҳам айрим латифанамо башоратлар урфга кира бошлаган. Шундай латифалардан бирига кўра, кутилаётган яқин келажакда ҳар бир муҳожир денгиз бўйидаги саноқсиз тўғонларнинг биттадан устунини суяб туришига тўғри келади. Қарабсизки, муҳожирларнинг шижоати қаршисида денгиз ҳам чекинади, мамлакат ҳам сақлаб қолинади. Асосийси, муҳожирлар иш билан таъминланади...

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
ИЧКИ САҲИФАЛАР
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy