|
'Голландияда қуёшам чиқмейкан, ўртоқларимам йўқ...' | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Туриб-туриб ўғлимдек кичкина муҳожирнинг кўнглидан ўтаётганларини фалсафа тарозусига солишга ҳаракат қилиб қоламан. Унинг назарида Ўзбекистон ва Андижон - соғинчларимизнинг якуний манзили. Бу манзилимиздан олислаб боришимиз эса қуйидагича кечган эди. Юртда хотиржамлик бўлгунча бир-икки ойни мўлжаллаб, қўшни мамлакатга йўл оларканмиз, у ерда бутун бошли ярим йил қолиб кетишимизни ва сўнгра БМТ ҳужжати билан Оврўпонинг бу бўлагида пайдо бўлишимизни хаёлга келтирмагандик. Нидерландиядаги дастлабки олти ойни Қочқинлар марказида ўтказган бўлсак, сўнгра пойтахт яқинидан алоҳида уй билан таъминлашди. Янги жойда эса барчамиз бу қайсар ҳолланд тилини ўрганишда давом қиляпмиз. Дам-бадам Андижонга кетаман деб хархаша қилишни канда қилмайдиган ўғлимнинг (ўзимизнинг ҳам) соғинч тизими шундайки, қўшни давлатда эканимизда, баҳона топилса бас, Андижонга қайтишни ултиматум тарзида олдимизга қўйгучи эди. Бу ердаги қочқинлар марказида аввало Андижонни, ундан кейин қўшни давлатда орттирган тенгқур дўстларини гапириб қўймас, Андижонга ҳозирча мумкин бўлмаса, ҳеч йўқ ўша ерга қайтиб боришимизга ундайверарди. Мана бу янги манзилимизда эса яна бир соғинч “объекти” қўшилди--“Дада, бу ерда яна қанча яшаймиз? Тезроқ Ўзбекистонга кетгим келяпти. Голландияда қуёшам чиқмейкан, ўртоқларимам йўқ.. Бундан а-зэ-сэ (қочқинлар маркази) ҳам яхшироқ эди.” Қочқинлар маркази - мўъжаз Бобил
Аммо борлари ҳам, фарзандларимни қўя туринг, ўзимнинг ҳам ҳайратларимни қондиришга тўла-тўкис етиб ортди. Аслида африкалик ўртоқларни биринчи кўришим эмас - бундан 15-20 йил нарисида Тошкенти азимда таҳсил олиб юрган кезларимда уларни ҳар қадамда учратиш мумкин эди, аммо сўнгроқ уларнинг ҳам қадамлари Ўзбекистондан узилди. Шундан буён таҳсил йилларимни эсласам, ўша кезларнинг бир унсури каби улар ҳам хаёлимдан ўтиб қолишарди. Марказда дастлаб Эрону Ироқ, Колумбия ва Фаластин, Ҳабашистону Сомали ва Эритреядан келган қочқинлар асосий кўпчиликни ташкил қилишар, лекин кейинги учлик одамлари негадир ўзларини асло африкалик ҳисоблашмас ва бундан менинг қизиқишим ортиб борарди. Аслида Африка қитъасида жойлашган юртлардан келишган ва тана туслари ҳам шунга монанд бўлса-да, ўзларини айри тутишлари сабабини кейинроқ билдим. Маълум бўлишича, уларнинг бир қисми мусулмон, яна бир қисми эса православ динига яқин ортодоксал мазҳабдаги одамлар экан. Шу сабаб улар ўзларини аллақандай Бурунди ёки Кениялик "қишлоқи бутпарастлар”дан фарқлашларини исташар эди. Улар келишди
Орадан бирор ҳафта ўтгач, уларнинг яна бир гуруҳи етиб келди. Шу тариқа Қочқинлар маркази Африка томонидан қарийб батамом ишғол қилинди. (Бу пайтда 15 чоғли ўзбеклару яна 4-5 нафар эронийларгина кам сонли элат ўлароқ қолган эдик.) Уларнинг кўплари биз яшаётган (марказ андозаларига кўра) “люкс” бинога жойлаштирилди. Шу кундан буён марказ тўзитилган ари уясига айланди-қолди. Ҳали у қўшнининг “гаврош”лари қий-чув билан бир-бирини қувалаган, ҳали бу қўшнилар Африкада қолган амма-холаси билан янги ихтиро “мобилка”да соатлаб бақир-чақир қилади. Хайриятки бу бошбошдоқлик атиги 2 кун давом этди - бизнинг завжаи муҳтараманинг тоқати ҳамманикидан аввал тоқ бўлган эди. У киши ўзбекча имо-ишоралар воситасида аввалги тартибни қайта тиклаб, ташаббусни яна ўз қўлига олди. Бу орада эса ўғилларим ҳам турли миллат ва ирқлардан дўстлар орттиришга улгуришган ва аллақандай қурама тилда бурро гаплаша бошлашган эди. Боя айтганимдек, айрим африкаликлар ўзларини фарқли тутишларининг яна бир сабабини ҳам улардан билдим. Уларнинг астойдил таъкидлашича, Ҳабашистон ва сомалиликлар бошқаларидан кўра анча чиройли экан. Мен асло ирқпараст эмасман, аммо чиндан ҳам эътибор қилинса, юз тузилишлари ва ўзини тутишлари уларни “Африка аслзодалари” деб аташга асос берадигандек. Шундай қилиб, биз қарийб олти ой турли миллат ва ирқларга бошпана бўлган Қочқинлар маркази бир мўъжаз “Бобил”да яшадик. Аммо бунинг ўша кўҳна афсонадан фарқи шунда эдики, турли-туман тилларда сўзлашувчи одамлар бу сафар Нидерландияда умумий муомала воситаси бўлган ягона ҳолланд тилини ўрганишлари лозим эди. “Оқ танли сардор” билан хайрлашув Пойтахт яқинидаги ўз уйимизга кўчиб ўтишимиз аниқ бўлиб, қочқинлар марказидаги сафаримиз қаригач, барча африкалик “маҳалладошларимиз” биз билан хайрлашгани чиқишди. Шунда мен ўзимизни марказдаги сўнгги могиканлар сифатида ҳис қилгандим. Буни қарангки, кичик ўғлимнинг ўртоқлари яна-да садоқатли чиқиб қолишди - улар бизни аллақанча жойгача кузатиб қўйишди - ҳарқалай “оқ танли сардор” уларни тарк этаётган эди! Хуллас, шундан буён соғинчларимиз қаторига қочқинлар маркази ҳам қўшилди. Ўғлим тез-тез “Ўзбекистонга кетгим келяпти, бу ердан а-зэ-сэ яхшироқ эди”, дейишини қўймайди. Яқиндан буён эса унинг қаторига ҳали икки ёшга тўлмаган кенжамиз ҳам қўшилган. “Қаердансан?”, “Кимнинг боласисан?” деган саволларимизга ҳамиша “Анжаннан, Анжанни!” деб чулдирагани чулдираган. Barat Mayli, sabr qiling. Yaratganning dargohi keng. O'zbekistonga ham ozod ozod, omon omon kunlar nasib qilar bir kun. Kunimiz shu bir guruh zolimlarga qolmas. | ИЧКИ САҲИФАЛАР Миршабхонага тушишни орзу қиладиган... ўзбек08 Январь, 2007 | Bosh Sahifa Оврўпонинг катта қишлоғи "Бобо деҳқон"лари03 Январь, 2007 | Bosh Sahifa Яна "Салом, Мактаб" ёхуд ҳолланд тили товушлари24 Декабр, 2006 | Bosh Sahifa Юртдошларимга илинганим холландча 'бахтсизлик'18 Декабр, 2006 | Bosh Sahifa Австралияю Америкагача ёйилган Анжон лаҳжаси11 Декабр, 2006 | Bosh Sahifa Давом қилаётган 13 май06 Декабр, 2006 | Bosh Sahifa | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||