Толибон Ўзбекистон дохил қўшнилари билан Афғонистон чегараларини қайта кўриб чиқмоқчи

Ўзбекистон ва Афғонистонни Амударё устида қурилган Ҳайратон кўприги ажратиб туради
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ва Афғонистонни Амударё устида қурилган Ҳайратон кўприги ажратиб туради
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Толибонга кўра, Афғонистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан чегараларини қайта кўриб чиқмоқчилар. Бунга сув тошқинлари сарҳадларни қаттиқ ювиб сабаб дейилмоқда.

Афғонистон шимолий чегаралари делимитицияси зарурияти ҳақида Толибон ҳукуматидаги Энергетика ва сув ресурслари вазири вазифасини бажарувчи Абдул Латиф Мансур баёнот берди.

"Бизнинг Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан чегараларимиз қаттиқ ювилиб кетган. Муҳим нарса шуки, биз ўтмишдаги чегараларни аниқлаб олиш борасида ўта ҳаётий ишларни амалга ошираяпмиз ва бу масалани 20 кун олдин олий раҳбаримизга етказдик", деди Абдул Латиф Мансур.

Алоқадор мавзулар:

Толибон вазири сўзларига кўра, бу борада стратегия ишлаб чиқилган.

Афғон-Тожик чегараси
Сурат тагсўзи, Афғон-Тожик чегарасининг аксар қисмини тоғликлар, дарёлар ажратиб туради

Лекин у стратегия тафсилотини ошкор қилгани йўқ.

Абдул Латиф Мансур айтишича, ўзларининг сув ресурсларини бошқариш ҳаракатлари қўшни мамлакатларга зарар етказмайди.

Афғонистоннинг шимолий қўшнилари билан чегараларининг аксар қисми дарёлар билан ажратилган.

Афғонистон Тожикистон билан 1344 км, Ўзбекистон билан 144 км ва Туркманистон билан 804 кмлик умумий чегарага эга.

Ҳар йили баҳор-ёзда кузатиладиган сел ва тошқинлар Афғонистонда кўплаб инсонлар умрига зомин бўлади, иқтисодий зарарлар етказади.

Биргина 2024 йил беш ойи мобайнида кузатилган табиий офатлар камида 360 инсон умрига зомин бўлгани хабар қилинди.

Икки мамлакатни ажратиб турган дарё йўналишини ўзгартириши ёки соҳилни сув ювиб кетиши афғонистонликлар учун узоқ йиллардан буён муаммо ҳисобланади.

Xarita

Оқибатда инсонлар ўзларининг яшаб турган уйлари, деҳқончилик ерларидан айрилаётганларини айтадилар.

Афғонистонлик журналистлар бир неча йил олдин Тожик-Афғон чегарасида оролча пайдо бўлгани, ўша пайтдаги Афғонистон ҳукумати бу оролча Афғонистоннинг ери эканини исботлаш мақсадида оролчага бир неча оилани жойлаштирганини хотирлайдилар.

Афғонистоннинг шимолий вилоятлари - Бадахшон, Таҳор, Балх, Жоузжон, Қундуз яшовчилари ҳар йили Амударёда баҳорда сув кўпайиши оқибатида юзлаб гектар деҳқончилик майдонларидан маҳрум бўлаётганларини айтадилар.

Одамлар ҳукуматга чора кўришни сўраб мурожаат этганлари, бироқ ўша вақтдаги ҳукумат фақат қум тўлдирилган қоплар бериш билан чекланганини хотирлайдилар.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Балх вилоятининг Калдор тумани Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани, Афғонистоннинг Шўртепа тумани Ўзбекистоннинг Музработ тумани билан чегарадош.

Уларни Амударё ажратиб туради.

Калдор ва шўртепалик деҳқонлар ўзларининг катта деҳқончилик ерларини ҳар йили Амударё суви кўтарилиши мавсумида ювиб кетиши оқибатида йўқотишлари, натижада Афғонистон ерлари "Ўзбекистон ерига айланган"ини айтганлар.

Афғон мутахассисларига кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон Амударёнинг ўз тарафларидаги соҳилларини мустаҳкамлаб турадилар, шунинг учун ҳам баҳорги мавсумий сув ювиб кетиши зарарлари Афғон тарафичалик кузатилмайди.

Қўштепа канали

Сурат манбаси, Official/ndc.gov.af

Сурат тагсўзи, Қўштепа канали - Афғонистондаги энг йирик сув иншоотларидан бири.

Толибон Амударёдан сув олиш мақсадида 2022 йил мартидан Қўштепа каналини қуришни бошлаган.

Ирригация канали Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги Амударёнинг бош қисмидан бошлаб, Фарёб вилоятининг Андҳўй туманига қадар қазиб борилиши режалаштирилган.

Каналга оид техник рақамлар у қадар аниқ эмас. Тахмин қилинишича, каналнинг умумий узунлиги 285 километр, чуқурлиги 8,5 метр, аксар жойлардаги кенглиги эса 100 метрни ташкил этади.

Толибон канални уч босқичда қурмоқда: қарийб 110 километрдан иборат биринчи босқич ўтган йил кузида якунланган.

Шу тариқа Толибон қиймати 700 миллион доллар атрофида баҳоланган ва аввалига 2028-йилга қадар қуриб битказилиши айтилган Қўштепани муддатдан олдин битиришга ҳаракат қилмоқда.

Марказий Осиё давлатлари, айниқса, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг Қўштепа лойиҳасидан хавотирини яхши тушуниш мумкинлиги айтилади.

Битгандан кейин Қўштепа минтақадаги сув ресурсларининг учдан икки қисмидан кўпини ташкил этадиган Амударё сувининг камида учдан бир қисмини Афғонистон ичига оқизиб кетиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek