Тожикистон: Оммавий янги йил тадбирлари тақиқланди – Янгиликлар

qor

Жорий йилда Тожикистон шаҳар ва қишлоқларида бу каби арчалар ўрнатилмайди ва олдинги йиллардаги каби унинг атрофида Янги йил томошалари ўтказилмайди, ўйин-кулгилар бўлмайди. Коронавирусга қарши республика штаби барча оммавий янги йил тадбирларини ўтказишни тақиқлади. Бу тақиқ COVID-19 олдини олиш ва унинг иккинчи тўлқини авж олмаслиги учун дея изоҳланди.

Тожикистонда Янги йил муносабати билан ўтказиладиган барча тантанали тадбирлар ўтказиш тақиқланди. Жумладан, оммавий жойларда Янги йил арчалари ўрнатиш, оммавий маданий тадбирлар, тантаналар, зиёфатлар ўтказилиши мумкин эмас.

«Болаларни қувончдан маҳрум қилиш яхши эмас!»

Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилик қилаётган коронавирусга қарши мамлакат штаби қарорига кўра, Янги йил кечаси дам олиш ва маданият боғлари, хиёбонларда сайр этишга рухсат берилди. Лекин бунда албатта шахсий ва ижтимоий гигиена қоидаларига риоя қилиш шартлиги таъкидланди. Жумладан, ҳимоя ниқоблари тақилиши, 1 ярим-2 метрлик ижтимоий масофа сақланиши зарур.

yangi

Тожикистон Ички ишлар вазирлигига аҳоли орасида тушунтириш ишларини кучайтириш ва санитария меъёрларига риоя қилиш борасида қўшимча чоралар кўриш юклатилди.

Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ҳамда Маориф ва илм вазирликларига эса, ўқувчилар орасида шахсий ва ижтимоий гигиенага риоя қилишни жиддий назорат қилиш топширилди.

Айни бир пайтда тожикистонликлар Республика штаби қарорига турлича муносабатлар билдиришмоқда.

«Мен Янги йил кутишни оилавий байрам деб ҳисоблайман. Олдинги йиллар ҳам шаҳар марказида безатилган баланд арча олдига бормаганман. Ҳукуматимиз бутун дунёни ташвишга солган пандемия шароитида бизнинг саломатлигимизни ўйлаб, тўғри иш тутган», деди Хўжанд шаҳридаги Раззоқ маҳалласида яшайдиган 60 ёшли Шарифжон Аҳмедов.

«Айримлар Янги йилни ҳам пул топиш воситасига айлантириб олишган. Кўчаларда «Қорбобо» кийимини олганлар тўлиб кетади. Кутилмаганда эшик тақиллатиб, безовта қилишади. «Қорбобо»лар бирга суратга тушиш учун арча атрофидаги болаларни талашишади. Албатта, бу суратга тушишлар текинга эмас», дейди Бўстон шаҳрида яшашини айтган Гулнора исмли шифокор аёл. У гарчи тақиқланишига қарамай, Янги йил арафасида пиротехника воситалари яширинча сотилиши, уларни нотўғри ишлатиш туфайли болалар жароҳат олаётганликларини айтди.

«Менимча, болаларни Янги йил қувончидан маҳрум этиш яхши эмас. Уйда Янги йилни кутиш бошқа, атрофи одамларга тўла, томошалар кўрсатиладиган катта арча атрофида ўйнаб-кулиш завқи бошқача. Олдинги йиллар Арча ўрнатиладиган майдон атрофидан ўтганимизда болаларим мендан Арчани қачон опкелишади, ё бу йил Қорбобо келмайдими, деб сўрашади», дейди душанбелик иккитаси боғчага қатнайдиган уч боланинг отаси.

magazin

«Бизнинг Янги йилимиз Наврўз эканлигини ҳамма яхши билади. Давлатимиз Наврўзни ҳар йили бир неча кун байрам қилиш имкониятини яратиб қўйибди. Барибир Наврўзнинг гашти бошқача», деди панжакентлик Баёнқул.

«Мен Арча безаш Биби Марямдан қолган деб эшитганман. Исо пайғамбарнинг волидаси битта дарахтни безаган эканлар. Шундай экан, Арча байрами масиҳийлардан қолган, деб талқин этиш нотўғри», дейди кимлигини ошкор этишни истамаган аёл.

Лекин кузатувчиларнинг айтишларича, айнан мелодий янги йилни кутишни масиҳийларга эргашиш, деб талқин қиладиганлар оз эмас.

Янги йил кечасидаги қотиллик

Гарчи орадан саккиз йил ўтган бўлса-да, айрим душанбеликлар ҳалигача 2012-йилга ўтар кечаси юз берган фожеани унутишмаган.

Ўшанда бир гуруҳ ёш йигитлар «Қорбобо» кийимида уйига кириб кетаётган тенгдошларига ҳужум қилишади ва унга пичоқ санчишади. Яраланган йигит орадан икки кун ўтиб, беморхонада жон таслим қилади. 24 ёшли Парвиз Давлатбековнинг қариндошлари марҳумнинг диний мутаассиблик замирида ўлдирилганини иддао қилишганди.

Қотилликни амалга оширишда қатнашган уч йигит қамоқка олинади ва жазога тортилади. Жазоланганларнинг бири Душанбедаги олий ўқув юртларидан бирида таҳсил олаётгани айтилади.

Лекин Тожикистон Ички ишлар вазирлигидан Давлатбековнинг ўлдирилиши диний асосда эмаслиги, оддий маиший жанжалдан келиб чиққан, дея изоҳлашади.

Тожикистон Қонунларига кўра Янги йил расмий байрам ҳисобланади. Янги йилнинг эртаси куни расмий равишда дам олиш куни саналади. Янги йил кечаси мамлакат Президенти анъанавий равишда аҳолини табриклайди.

Байрам дастурхони меҳнат муҳожирига боғлиқми?

«Мен набираларимга энг арзон Янги йил совғалари сотиб олдим. Ҳозир Янги йилни кутиб олсакми-олмасакми, деб ўйланиб турибман. Чунки дастурхонни яхшироқ безатиш осон эмас. Ҳамма нарса қиммат бўлиб кетган», деди Душанбе яқинидаги қишлоқлардан бирида яшашини айтган 50 ёшли Рухсора.

oyinchoq

Унинг айтишича, тирикчиликлари ўғли Россиядан жўнатиб турган пул ҳисобига ўтар экан. Лекин қиш охирида Россиядан қайтган ўғли коронавирус туфайли чегаралар беркитилгани боис Россияга кета олмабди. «Йиғиб қўйган пулимиз ҳам тугади. Хўжайиним дунёдан ўтганлар. Ўғлим, келиним, уч неварам, мен - олти жонмиз. Тўғри, қишга у-бу нарса ғамлаб қўйдик. Лекин ҳамма нарсани тежаб ишлатишга тўғри келяпти», дейди Рухсора.

Таҳлилчиларга кўра, пандемия боис чегаралар ёпилиши туфайли минглаб меҳнат муҳожирлари Россия ва Қозоғистонга ишлаш учун кета олишмаган. Ҳозирда кўплар учун Янги йилнинг ўтказиш ё ўтказмаслик эмас, балки айнан қора қозонни қайнатиш бошоғриққа айланган, дейишади улар.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилда тожикистонлик меҳнат муҳожирлари юборган маблағ ўтган йилдагига қараганда деярли 60 фоиз камайиб кетган. Бунга Россияда карантин эълон қилиниши боис минглаб тожикистонликларнинг маълум муддатда ишсиз қолишлари ҳам сабаб бўлган.

Россия Федерацияси Марказий банки ҳисоботига кўра, йилнинг биринчи ярмида хусусий кишилар томонидан Россиядан Тожикистонга 681 миллион АҚШ доллари жўнатилган, бу 2019-йилнинг айни шу даврига қиёслаганда, 430 миллион долларга кам.

Йилнинг иккинчи ярмида пул жўнатмалари янада камайиб кетган.

Айни бир пайтда асосий озиқ-овқат нархлари тобора ошиб бормоқда. Жумладан, ун, шакар, ўсимлик ёғи, гўшт, гурунч, мош, картошка нархи ошди. Гарчи маҳаллий ҳукуматлар маҳсулотлар бозорларга қараганда арзонроқ сотиладиган савдо ярмаркалари ташкил этаётган бўлса-да, барибир нархни пасайтиришга эришиб бўлмаяпти.

«Озиқ-овқат у ёқда турсин, оддий дориларнинг нархи ҳам ошиб кетди. Қайси бирига пул топишни билмаяпмиз», дейди душанбелик Нуқра исмли аёл, оиласида сурункали касал билан оғриган икки инсон борлигини айтар экан.

Умумжаҳон Озиқ-овқат программаси маълумотларига кўра, Тожикистон аҳолисининг 47 фоизи бир кунлик яшаш учун 1.33 АҚШ долларига тенг маблағ сарфлайди, 30 фоиз аҳоли эса, тўйиб овқатланмайди.

«Тожикистон Ҳукуматининг коронавирус муносабати билан қатъий карантин эълон қилмаганлиги бир томондан яхши бўлди. Агар бозорлар бутунлай ёпилганда, саноат корхоналарида, қурилишларда иш тўхтаб қолганда, билмадим, нима бўларди. Солиқлар ҳисобига бюджетдан маош оладиганлар, пенсиядаги кишилар қийналиб қолишарди. У пайтда Янги йил кимнинг кўнглига сиғарди», дейди таҳлилчи Аҳмад Бобожонов.

Умидсиз шайтон, дейдилар

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги маълумотларига кўра, кейинги бир кеча-кундузда 33 киши коронавирус юқтиргани аниқланган. 27-декабргача мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 13.205 нафарга етган. Уларнинг 12692 нафари (96,1%) шифо топган. 90 нафар инсон вафот этган.

archa

Оммавий Янги йил тадбирлари ўтказишни тақиқлаш коронавируснинг иккинчи тўлқини пайдо бўлиши хавотирлиги билан изоҳланса-да, расмийлар деярли тўрт ойдан буён COVID-19га чалиниш ҳоллари тобора камайиб бораётганини урғулаб келишади.

Гарчи Тожикистонда Янги йил ўтказишга тақиқлар эълон қилинган бўлса-да, бозорларда арча безаклари, болалар учун совғалар сотилиши камайган эмас. Лекин харидорлар олдинги йилларга қараганда кўп эмас. Ва улар коронавирус тезроқ орадан буткул кўтарилиши ҳамда Янги йил ўтказиш тақиқларидан бошлаб, масжидлар ёпилишигача бўлган чекловлар каби кескин чораларга бошқа қўл урилмаслигига умид қилишмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek