Тожикистон Ўзбек гази узатилаётган қувурни текширмоқда - Ўзбекистон ва Тожикистон, Tojikiston, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, courtesy

    • Author, Мустақил журналист,
    • Role, Тожикистон

Тожикистон Ўзбек гази узатилаётган қувурни текширмоқда - бунга газ қувурларида устма-уст юз берган икки портлаш сабаб бўлган. Бу портлашлардан бири инсон ҳалокатига олиб келган. Муаммо қувурдами?

Тожикистон Музработ-Душанбе магистрал газ тармоғи ҳолатини комплекс текширмоқда.

Айни бир пайтда мамлакат шимолидаги Суғд вилоятида ўзбек газини улашга тайёргарлик кўрилмоқда.

«Тожиктрансгаз» очиқ ҳиссадорлик жамияти идорасидан хабар беришларича, табиий газ аввало Хўжанд шаҳри саноат корхоналарига уланади.

Келгуси ҳафтада мўлжалланаётган бу воқеани тантанали тарзда нишонлаш кўзда тутилган.

Мутахассисларнинг айтишларича, Хўжандга қўшни Ўзбекистон гази орадан деярли ўн йил ўтгач келтирилмоқда.

Инсон ҳалокати билан тугаган портлашлар

Ҳар икки газ портлаши Душанбе яқинидаги Рудакий туманининг Маърифат қишлоғида юз берган. Иккита уй портлаши натижасида бир киши ҳалок бўлган ва беш киши турли даражадаги куйишлар туфайли беморхонага ётқизилган. Жароҳатланганлар орасида ҳомиладор аёл ҳам бор.

Биринчи портлаш тунги пайтда содир бўлган. Уй деразаларидаги ойналар синиб кетган, том вайрон бўлган. Оиланинг тўрт нафар аъзоси жабрланган. Саккиз ёшдан йигирма тўрт ёшгача бўлган жабрланувчилар Душанбедаги беморхонага ётқизилган. Улардан бирининг танаси деярли 40 фоиз куйиб кетган. Оила бошлиғининг ўзи эса, Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлган.

Орадан бир кун ўтиб, яна шу қишлоқнинг ўзида иккинчи уй портлаган. Уй эгаси Алиқул Ҳасанов қаттиқ жароҳатланиб, Душанбедаги беморхонага олиб кетилган. Унинг уй таъмири билан шуғулланаётган қайниси, 46 ёшли Бобомурод Ҳайитов ҳалок бўлган.

Газ сизиши натижасида юз берган портлаш туфайли уй бутунлай вайрон бўлган. Алиқул Ҳасанов яқинда бу уйга кўчиб ўтган ва уни таъмирлаётган бўлган.

O'zbekiston

Сурат манбаси, courtesy

Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси комитети матбуот хизмати бошлиғи Умида Юсуфийнинг билдиришича, ҳар икки фалокат газ баллони портлаши натижасида эмас, балки газ қувуридан газ сизиб чиқиши туфайли юз берган.

Унинг айтишича, табиий газ билан таъминлаш узоқ йиллар давомида тўхтаб қолгани боис қувурлар таъмирланмаган, айрим кишилар уларнинг устига уй қуришган ва бу фожиага олиб келган.

Еростидан ўтган қувурлар устига фақат турар-жойлар эмас, балки маиший, ижтимоий хизмат кўрсатиш бинолари ҳам қурилган.

Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси мутахассислари магистрал газ тармоғини махсус аппаратлар билан текшириш асносида Душанбе иссиқлик электр марказини табиий газ билан таъминлайдиган қувурдан газ сизиб чиқаётганини аниқлашган. Қувурнинг диаметри 325 миллиметрдан иборат бўлган.

Айни пайтда комплекс текшириш ишлари олиб борилар экан, мутахассислар бу иш табий газ узатиш тармоғининг фақат Тожикистон қисмида олиб борилаётганини таъкидлашган. Уларнинг фикрича, узоқ йиллар фойдаланилмай келингани учун тармоқнинг Ўзбекистон ҳудудидаги қувурлари ҳам таъмирга муҳтож бўлиб қолган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шу ўринда Музработ-Душанбе газ ўтказгичи иккита қувур тармоғидан иборат эканлигини эслатиш жоиз.

Каримов сиёсатининг ўзгариши

Tojikiston

Сурат манбаси, courtesy

Олти йиллик танаффусдан сўнг ўзбек гази Ўзбекистон чегарасига яқин Турсунзода шаҳри ва Тожикистон пойтахти Душанбега узатила бошланганди.

Музработ-Душанбе газўтказгичи соатига 125 минг куб метр табиий газ жўнатиш иқтидорига эга.

Табиий газ аввало Турсунзода шаҳридаги Тожикистон иқтисодида муҳим ўрин тутгувчи алюминий заводига ва Душанбе иссиқлик электр марказига юборила бошланди.

Охирги марта ўзбек гази Тожикистонга 2011 йил охирида ўтганди.

У пайтдаги Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Тожикистонда йирик Роғун ГЭСи қурилишини хушламай, қаршилик кўрсатгани боис, у аввал Тожикистонга узатиладиган табиий газ нархини кескин оширди. Минг куб метр газ нархи 370 АҚШ долларига чиқди.

Лекин кўп ўтмай, Тожикистонга табиий газ узатиш бутунлай тўхтатилди.

Каримов буни Хитой ва Россияга газ узатаётганликлари билан изоҳлади.

Бу, таҳлилчиларга кўра, табиий газдан фойдаланишнинг 95 фоизи Ўзбекистон газига тўғри келадиган Тожикистон иқтисодига сезиларли таъсир кўрсатди.

Gaz

Сурат манбаси, PA Media

Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничилик сиёсати ва жумладан, Тожикистон билан муносабатларнинг яхшиланиши табиий газ узатишдаги вазиятни ҳам ўзгартирди.

Мирзиёев 2018 йил мартида Душанбега расмий сафар қилар экан, у ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ўртасида иқтисодий, ижтимоий, маданий каби соҳаларда қатор шартномалар имзоланди.

Жумладан, Ўзбекистон Тожикистонга табиий газ, Тожикистон Ўзбекистонга электр энергияси етказиб бериши борасида битим имзоланди.

Шартномага кўра, Ўзбекистон 2018-йилда Тожикистонга 15,1 миллион АҚШ доллар маблағга 126 миллион метр кубга яқин табиий газ етказиб берадиган бўлди. Минг куб метр табиий газ баҳоси 120 АҚШ доллари қилиб белгиланди. Бу олти йил олдин Каримов ўрнатган баҳодан уч баравардан ҳам арзонроқ эди.

Tojikiston

Сурат манбаси, courtesy

Орадан икки йил ўтиб эса, ўзбек гази Тожикистонниг иккинчи йирик шаҳри - Хўжандга ҳам узатилмоқда.

Суғд вилояти газ ширкати бошлиғи Абдуҳаким Сўфиевнинг айтишича, табиий газ аввалига саноат корхоналарига, сўнг аҳолига етказиб берилади ва қуюлтирилган газга қараганда камида икки баравар арзонга тушади.

Вилоятда овқат пиширишдагина эмас, машиналар ёнилғиси сифатида ҳам кўпроқ қуюлтирилган газдан фойдаланилади.

Суғд вилоятига ўзбек газини узатиш бундан 10 йил олдин тўхтатилганди.

Ҳозир вилоятда газ қабул қилиб олишга тайёргарлик кўрилар экан, қувурлар, газ мосламалари ва жиҳозлари текширилиб, таъмирланди.

Тайёргарлик жараёнида жуда кўп жойларда қувурлар эскиргани ёки аҳоли газ бўлишидан умидини буткул узиб, уларни қирқиб ташлагани маълум бўлди.

Абдуҳаким Сўфиевнинг айтишича эса, газўтказгичларнинг вилоятдаги умумий узунлиги 800 километр.

Тожикистон Шимолига табиий газ Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти томондан узатилади.

«Биз кейинги янгиликлардан хурсандмиз. Аввалига электрни тўла бера бошлашди. Энди газ берилар экан. Газ келса, печкани бузиб ташлаймиз», дейди Хўжанддаги кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи Раъно исмли аёл.

«Қуюлтирилган газ қимматлаб кетди. Заправкаларга табиий газ келса, яхши бўларди», деди машинасида киракашлик билан шуғулланадиган, Бўстон шаҳрида яшовчи Ғайрат исмли 40 ёшлардаги киши.

Мутахассисларга кўра, Душанбе атрофидаги қишлоқдаги кўнгилсиз ҳодисалар такрорланмаслиги учун Суғд вилоятидаги газ қувурлари ҳам яна бир марта комплекс текширувдан ўтказилиши зарур.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek