Қирғизистон: Коронавирусга чалинганлар сони 84 га етди Qirg'iziston, koronavirus

Сурат манбаси, official
- Author, Шоҳруҳ Соипов,
- Role, Ўш, Қирғизистон
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 29 мартдаги маълумотига кўра, сўнги бир кеча-кундузда республикада яна 26 та коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилган. Ҳозирги кунда бу касалликни юқтириб олганлар сони 84 га етган.
"Вирус билан Жалолободда 13, Ўшда 6, Бишкекда 4 та, Чуй вилоятида 2 нафар ва Норин вилоятида бир одам касалланган. Барчаси шифохонага ётқизилган. Улар билан алоқа қилганларни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда", - деди Соғлиқни сақлаш вазирлигидан Қасимбек Мамбетов Бишкекдаги матбуот анжунида.
Унинг сўзларига кўра, республикада коронавирусга чалинганларнинг энг кичиги бир ёшга тўлмаган гўдак, қариси эса 86 ёшда. Улардан уч нафари жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Қирғизистон қўшни давлатлар билан чегараларини ёпган. Барча авиа қатновлар бекор қилинган.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Юқумли хасталик республикада кенг тарқалмаслигини олдини олиш мақсадида, 22 мартдан бошлаб Қирғизистон ҳудудида фавқулодда ҳолат, 25 мартдан эса комендантлик соати эълон қилинган. Кечқурун одамлар ва транспортлар ҳаракати чекланган.
Коронавирус қайд этилган Ўш, Жалолобод, Боткен, Чуй вилоятлари ва Бишкек шаҳрида блокпостлар ҳам ўрнатилиб, шаҳар ва туманлар ёпилган. Бозор ва дўконларда озиқ-овқат нархи кўтарилган.
Расмийлар эпидемияга қарши курашиш, унга чалинганларни даволаш ишлари олиб борилаётганини, аҳолини зарур бўлмаса, кўчага чиқмасликка ва вирусдан сақланиш қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда.
"Дорихоналарда юз ниқоблари йўқ"

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Биз ўшликлардан коронавирус ҳақидаги фикрларини ва ундан қандай ҳимояланаётганлигини сўрадик.
Азамат марказий бозорда полиз маҳсулотлари билан савдо қилади. У коронавирусдан сақланиш мақсадида доим юзига ниқоб тақиб юрганини айтади.
"Менинг тўрт болам бор. Улар учун хавотирдаман. Ҳимояланиш чораларини кўраяпман. Аёлим иккимиз ҳар куни уй ичини тозалаяпмиз. Болаларимиз уйда, таътилда" - дейди суҳбатдошимиз.
Бозорда қурилиш моллари сотадиган Сардор Усмонов ҳам коронавирусдан сақланиш учун уйда ҳимоя чораларини кўраётган бўлса-да, бироқ ишлаётган ерида ҳаммаёқ чанг бўлиб ётганини айтади.
"Бошқа давлатларда коронавирус чиққанлиги ҳақида эшитгандик. Энди бизда ҳам топилибди. Ҳамма ваҳимада юрибди. Биз ҳам хавотирдамиз. Қўлларни тез-тез ювиб турибмиз. Ниқобларни тақиб, тез-тез алмаштиряпмиз. Ҳозир ечиб қўйдим. Ундан бошқа ҳимоя чорасини кўраолмаяпмиз. Бозорда шароит йўқ, чанг кўтарилаяпти. Кеча хлорлар сочиб кетишди. Тозалашди. Бизга ҳам ўргатиб кетишди" - дейди савдогар Сардор.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Қирғизистонда коронавирус топилгани ҳақида хабар ёйинланганидан бошлаб, юз ниқобларига бўлган талаб кучайган ва одамлар уни тез орада дорихоналардан сотиб олишган.
Ўшлик Нафиса опа ҳам ниқоб излаб шаҳардаги дорихоналарни излаган ва тополмаган. Уйида вирусдан сақланиш чораларини кўрганини айтади.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
"Уйимда суюқ совунлар тайёрлаб, ҳамма нарсага уксус қўшиб қўйдим. Ибн Сино уксус билан жуда кўп нарсани даволаган, олдини олган. Яхши ҳам дорихонада хлорка бор экан, уни олдим. Тополмаганим ниқоб билан дорилар бўлди. Вирусга қарши дори олиб қўяй, дегандим. Қўққисдан невараларим оғриб қолиши, истмаси кўтарилиши мумкин. Шунга ҳеч нарса топа олмадим. "Араванский"даги, тоғни олдидаги дорихоналарга кирдим, яна бошқа ерлардагига ҳам бордим, ниқоб тополмадим. Биронтасида ҳам ниқоб йўқ. Ҳайронман, телевизорда президентимиз ҳамма нарса бор деяпти", - дейди суҳбатдошим.
Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги республикада юз ниқоблари етарли экани, улар арзон баҳода барча дорихоналарда сотилаётганини айтиб келади. Куни кеча Ўш ҳокими Таалайбек Сарибашев ҳам шаҳардаги тикув цехлари давлат буюртмасига асосан ниқобларни тикаётганини кўздан кечирган ва у барча дорихоналарда ниқоблар 10 сўмдан сотилаётганини таъкидлаган.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Шаҳар ҳокими айтган ниқоблар ҳақиқатан ҳам арзон сотилаяптими ёки йўқми, шаҳардаги бир нечта дорихоналарга кириб кўрдик. Бироқ уларнинг ҳеч биридан юз ниқоби тополмадик.
"Дорихонамизда уч кундан бери ниқоб йўқ. Ундан аввал 5-10 сўмдан сотганмиз, ҳужжати билан. Ниқоб сотайлик десак, монополияга қарши курашиш идораси текшириб келиб, 10 сўмдан қимматига сотмайсизлар деб қўл қўйдириб кетди. "Толойкон" ва "Таатан" ишхоналарида тикаётганларга менинг хўжайиним борса, улар айтишибди: "агар ниқобни 10 минг дона олсангизлар 20 сўмдан, 1000 дона олсангизлар 25 сўмдан берамиз" дейишибди. Биз уларни олиб, 10 сўмдан сотамизми? "Таатандагилар" биз ниқобларни Россияга жўнатамиз дейишибди. Мен "Толойкон" ишхонасидан келган болага айтдим: "Худо ҳаққи, менга ниқобни 10 сўмдан бер, мен бир сўм қўшмай, ҳалққа сотай" деб. Халқ шунчалик муҳтож бўлаяпти. Бозордан 25 дан олганлар бўлибди, 20 сўмдан сотинг деб ялинаётганлар кўп бўлаяпти. Биз ололмаймизда. Бизни текширишаяпти", - дея ҳасрат қилади исми сир қолишини сўраган дорихона ходимаси биз билан суҳбатда.
Унинг сўзларига кўра, тикув цехларида давлат буюртмаси билан ниқоб тикаётганлар ҳам ўз маҳсулотларини таклиф қилишаяпти, бироқ қиммат.
"Ҳимоямиз фақат Аллоҳ"
Ўшлик Шокиржон ака Аҳмедов эса Аллоҳ сақламаса, инсон ниқоб тақса ҳам коронавирус юқтириб олиши мумкин, дейди. Мусулмон одам уйида тозаликни сақлаб, ибодатини қилиб ўтириши кераклигини айтади.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
"Коронавирусни Хитой тарафдан чиқди деб эшитдик. Ҳамма давлатларга тарқаб, энди бизга ҳам келди. Қирғизистон билан Тожикистонда бу вирус йўқ экан деб телевизордан эшитиб суюнгандик. Оллоҳдан сўраяпмиз, бу касалликдан сақласин. Бошқа ҳеч нарса қилолмаймиз, қўлимиздан келмайди. Пешонамизга ёзилганини кўрамиз. Аввало Аллоҳ сақласин. Бошқа тарқалмасин энди.
Ҳимоямиз фақат Аллоҳдан. Минг оғизни ўраганимиз билан, бу нарса юқадиган бўлса, юқаверади. Бу нафақат хаводан, балки қўлдан-қўлга ҳам ўтиши мумкин экан. Кўришмаслик, бир ерда тўпланиб туришни йўқ қилиш керак.
Дорихонадан нимани сотиб оласиз? У ердан даво бўладиган ҳеч нарса тополмайсиз. Барча касаллик шу дорихоналардан, дорилардан чиқади. Дориларни ичасиз, бошқа ерингиз касал бўлади. Ундан кўра, ўзингизни ўзингиз даволаганингиз яхши. Масалан, лимон, асал чой қилиб ичинг. Ўзингизни ўзингиз даволанг, дейилади. Аллоҳга шукр, беш маҳал намоз ўқисак, уч-тўрт, беш маҳал таҳорат оламиз. Ўзингизни тоза сақлаб, уйдан чиқмасдан ўтирсангиз бўлади" -дейди коронавирусдан сақланишни диний тарафдан тушунтирган суҳбатдошим Шокиржон ака.
У аксар ўшликлар каби намозларини масжидда ўқирди. Коронавирус хавфи туфайли бугунги кунда шаҳардаги масжидлар ҳам ёпилган. Эндиликда Шокиржон ака ибодатларини уйда адо этмоқда.
"Масжидлар ёпилди, намозларни уйда ўқияпмиз. Аллоҳ буни кечирар экан. Қўл-оёғингиз соғ бўла туриб, масжидга, жамоатга чиқмасангиз, унда гуноҳ экан. Нафақат бу вирус, балки қаттиқ қор, ёмғир ёғиб, қийин шароитда қолсангиз ҳам намозларни уйда ўқисангиз бўларкан. Аллоҳ дилимиздан қабул қилсин", - дея умид қилади суҳбатдошим.
Унинг фикрича, одамлар ўзини ўйлаб, уйдан чиқмаслиги, ибодатини қилиб, бор нарсасини еб, тишини тишига қўйиб ўтириб туриши, ўзини сақлаши керак. Ҳар хил ерларга бориб ўтириш, базмлардан тийилиши керак. Аҳолининг ҳукуматга бу иллат билан курашишдаги ёрдами шу бўлади.
Қирғизистонда коронавирус ҳақида илк маълумот ёйинланиши ортидан, одамларни ваҳима босиб, дўконлардан улгуржи озиқ-овқат сотиб олишга шошилган. Улар асосан ун ва ёғ маҳсулотларини сотиб олишган.
Касби пайвандчи бўлган Шокиржон ака эса бозордан одатдагидек керакли маҳсулотларни харид қилган. Одамлар каби уйига маҳсулотлар ғамламаган.
"Биз вақти-вақти билан бир қоп ун олиб еймиз. Ризқимизни еймиз. Худо хоҳласа олдимизда Рўза келаяпти. Унгача етадиган емоғимиз бор, уйда. 5-10 сўм пулим бор, ўшанга нарса олиб еб ўтирамиз. Ундан у ёғига яна Аллоҳ ейдиган ризқимизни беради. Нарсалар ғамламадим. Ғамлаганингиз билан уни насиб қилса, ейсиз-да. Кун исияпти, қоплаб- қоплаб олволса, эртага ачиб кетиши мумкин. Унни 1900-2000 сўмдан олдик дейишаяпти одамлар. Уни қимматлатиб сотганлар ҳам ўзи жавоб беради. Аллоҳни олдида ҳам, бу дунёда ҳам. Мусулмончиликка тўғри келмайди", - дейди ўшлик 55 ёшли суҳбатдошим Шокиржон ака.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek

















